ИСЛОМ – ПОК ДИН, ОЗОДАЛИКНИ ҚАДРЛАЙДИ

0
75

Ҳадис шарҳи

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий алайҳиссалом қиблада балғамни кўриб қолиб, уни қўллари билан сидириб ташладилар. У зотнинг буни ёқтирмаганлари кўринди (ёки буни ёқтирмаганлари ва бунинг у зотга оғир ботгани кўринди). Шунда: “Бирортангиз намозида турган бўлса, Раббисига муножот қилаётган бўлади (ёки Рабби у билан қибласининг ўртасида бўлади). Ҳаргиз қибласига туфламасин. Балки сўл томони ёки оёғи остига (туфласин)”, дедилар. Сўнгра ридоларининг бир четини тутиб, унга туфладилар ва бир-бирига ёпиштириб: “Ёки мана бундай қилсин”, дедилар».
Ислом поклик, мусулмонларнинг туйғуларини ҳурмат қилувчи, ўнг томонни ҳурматловчи, ибодат ўринларни улуғловчи, шунингдек, ўзгаларга озор етказишни қораловчи диндир.
Тупуриш, балғам ташлаш ўзгаларга озор етказувчи ишлардан. Гоҳида мўмин туфлашга мажбур бўлади ёки эҳтиёж сезади. Шунинг учун шариат кишилар эҳтиёжларини тўғри ечим ва оқилона тадбир асосида амалга оширишга кўрсатма беради.
Ушбу ҳадис масжид девори ёки меҳробга туфлаш ҳақида хос бўлса-да, бошқа ҳадислар мутлақ келган.
Аввало, масжид, унинг атрофи, намоз ўқиладиган жойлар, уй, мактаб ҳатто уйимиздаги холони, хуллас, одам кўзи тушадигагн барча жойни тоза тутишга буюрилганмиз. Лекин шуни ёдда тутиш керакки, гарчи кимсасиз ер бўлса-да, уни ифлос қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.
Абу Зар розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоу алайҳи ва саллам: “Масжидга туфлаб, уни кўммаслик умматимнинг энг ёмон ишларидандир”, деб огоҳлантирганлар.
Имом Молик розияллоҳу анҳу: “Масжид ташқарисига туфлашнинг зарари йўқ. Қибла муқаддас гўша бўлгани учун меҳроб деворлари ва унинг атрофига туфлаш ёмонлик аломатидир”, деган.
Саҳобаи киромлар ушбу ҳадиси шарифга нафақат ибодат ерларида, балки барча жойларда амал қилишган. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳатто намозда бўлмаган ҳолатда ҳам туфлашни ёмон кўрган.
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу: “Исломга кирганимдан сўнг бирор марта туфлаган эмасман”, деган.
Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ ўғлларига туфлашни ман этган.
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ хоҳ намозда, хоҳ намоздан ташқарида бўлсин, туфлашдан қайтарган.
Тупуришдан нафақат ўзгаларга озор етади, балки туфукларда микроблар, инфекциялар мавжуд. У соғлом одамга тегса, касаллик юқтириши мумкин.
Айрим сабаблар билан киши мажбур бўлса, одамлар кўзидан яшириб, сўл томони ёки сўз оёғи остига туфуриши, сўнг уни кўмиб ташлаши лозим. Мана шунда ёмонлик кетказилади. Туфук кўмиб юборилса, гуноҳ бўлмайди. Кўмилмаса, гуноҳдир.
Қози Иёз раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: “Туфук кўмилмаса, хатодир. Кўмилса ундай эмас”.
Имом Нававий икки ҳадис орасини жамлаб: “Биринчиси, оммага хос, иккинчи ҳадисга киши ёлғиз бўлганда риоя қилинади”, деб таъвил қилган.
Аллоҳ барчамизга гўзал амалларда бардавом бўлишга тавфиқ берсин.

Манбалар асосида
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари
Абдуқаҳҳор ЮНУСОВ тайёрлади

Улашиш
АввалгиҲазилнинг зили
НавбатдагиСАВОБНИНГ БАҲОСИ
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги расмий веб сайти.

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг