«ИЛОЁ, ТИЛИМНИ ШУКРИНГГА ШОКИР АЙЛА»

0
69

 Муқаддас Ислом динида шукрга буюк ибодат сифатида қаралади. Бандаларини ҳамиша ва ҳар қачон шукр қилишга буюрган Аллоҳ биринчи навбатда ўзини шукрни қабул қилувчи деб атаган: «Агар шукр қилсангиз ва имон келтирсангиз, Аллоҳ сизларни азоблаб нима ҳам қилади?! Аллоҳ шукрни қабул этувчи ва билувчи зотдир» (Нисо сураси, 147-оят).

Чин мўминга хос бўлган хислат хурсандчиликда шукр қилиб, мусибат етганда сабр қилишдир. Инсон ҳаёти давомида дуч келадиган ҳар қандай ҳолатни ўзининг фойдасига буриши, ундан дунё ва охирати учун фойда олиш имкониятига эга.

Суҳайб розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Мўминнинг иши ажойиб. Унинг барча иши яхшиликдир. Бу фақат мўмин учунгина хосдир. Агар унга хурсандчилик етса шукр қилади, бунинг учун унга яхшилик бўлади. Агар унга зарар етса, сабр қилади, бунинг учун унга яхшилик етади”.

Аслида, олаётган ҳар бир нафасимиз, жисмимизнинг соғломлиги ҳеч бир нарса билан қиёслаб бўлмайдиган бойликдир. Бироқ танглик етганда неъматларнинг барчасини унутиб, бетоқат бўла бошлаймиз, тақдиримиздан нолиймиз.

Ҳаётининг танглигидан нолиётган кишига бир донишманд: “Мана шу кўзингни сотсанг, юз минг дирҳам бераман”, дебди. Киши унамабди. “Икки қўлинг учун юз минг дирҳам бераман”, деганда киши яна кўнмабди. “Унда икки оёғинг учун юз минг дирҳам бераман”, деб жисмидаги бошқа аъзоларини шу зайил бирма-бир савдолашибди. Киши барчасига “Йўқ”, деб жавоб қайтараверибди. Сўнгра донишманд “Сенда юз минглаб дирҳамлик бойлик бор экан. Сен эса муҳтожман деб шикоят қилмоқдасан”, деб дашном берган экан.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтади: “Неъмат шукрга боғлангандир. Шукр эса зиёда бўлиш билан алоқадор. Ҳар иккиси тенг бириктирилган. Бандадан шукр тўхтамагунча Аллоҳ томонидан зиёда қилиш тўхтамайди”.

Аллоҳнинг дўстлари Унинг сон-саноқсиз неъматлари учун қанча шукр қилсалар, шунча озлигини ҳис этиб, барча ҳолларида шукрни зиёда қилиш ҳаракатида бўлишган. Зеро, шукр эришилган неъматлар учун уларни эҳсон қилган Рабга сўз, феъл ва хатти-ҳаракатлари билан холисона бандалик қилишдир.

Аллоҳнинг дўстларидан бири бир талабасига қуйидагича мактуб ёзган экан: «…Бир нафасда иккита неъмат бор (биринчиси – нафас олиш, иккинчиси – нафас чиқариш). Шунинг учун ҳар бир нафас учун иккита шукр лозим. Ҳар соатда минг марта  нафас олсанг ва ҳар нафас учун икки марта шукр қилсанг, йигирма тўрт соатда қирқ саккиз минг марта шукр қилишинг керак. Агар бир киши ҳамма ишини ташлаб, “шукр, шукр” деб, Аллоҳ таолога давомли ҳамд ва шукрда бўлса ҳам, уни тўлиқ адо эта олмайди. Шундан маълум бўладики, банда Аллоҳ таолога шукрнинг мингдан бирини ҳам адо этолмайди».

Банданинг шукр борасида мана шу мутлақ ожизлигининг далили қуйидаги ривоятда келтирилади: Мусо алайҳиссалом Аллоҳга: «Эй Роббим! Сенга шукр қилишимнинг ўзи Сен берган яна бир ўзгача неъматки, у ҳам бир шукрни тақозо қилади. Шундай экан, Сенга қандай қилиб мукаммал шукр қила оламан?», деди. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилди: «Ҳар бир неъматнинг Мендан эканини билган вақтинг Мен ҳам шу билганингни шукр сифатида қабул қиламан» («Иҳёу улумид дин»).

Шокир банда учун фақатгина неъматларнинг қадрини билиш кифоя қилмайди. Шукр – неъматларнинг ҳақиқий эгасини таниш ва Унга қулликдан иборатдир. Яъни неъматлар тафаккурни ривожлантириб, қулни Роббига жалб қилиши, бу билан қалблар ҳам муҳаббат ва маърифатуллоҳ истиқоматига келиши керак. Агар бизга бебаҳо ҳадя юборган саховатли кишини эсдан чиқариб, фақат ҳадяни келтирган кишига ташаккур билдиришимиз қанчалик ноҳақлик ва хато бўлса, неъматларни бизга етказган сабабларга боғланиб, ризққа эътибор қаратган ҳолда ҳақиқий мусаббиб – Раззоқни эсдан чиқариш ҳам шунчалик пасткашлик, неъматга нисбатан суиистеъмол саналади. Неъматларнинг ҳақиқий соҳиби – Аллоҳ таолони унутишдек катта хато ва зиённи тасаввур қилиш қийин.

Сирри Сақатий ҳазратлари Жунайд Бағдодийни етти ёшида ҳажга олиб боради. Ҳарами шарифдаги суҳбатлар асносида шукр мавзусида баҳс бўлиб ўтади. Орифлардан бири фикрини баён этгач, Сирри Сақатий Жунайдга юзланиб, унинг ҳам фикрини сўрайди. Шунда Жунайд бироз ўйланиб, бундай жавоб беради: «Шукр – Аллоҳ таоло лутф этган неъматлар билан Унга осий бўлмаслик ва ўша неъматларни маъсиятга ишлатмасликдир».

Бишр Хофий шукр ҳақида: «Аъзоларидан фақат тили билан шукр қилган кишининг шукри ноқис бўлади. Чунки кўзнинг шукри бирор яхшилик кўрганда унга қараш, ёмонликни кўрганда, юмиш. Қулоқнинг шукри яхшиликни эшитганда ёдлаб олиш, ёмонликни эса унутиш. Қўлларнинг шукри улар билан ҳаққи бўлган нарсалардан бошқа нарсани ушламаслик. Меъда (қорин)нинг шукри ҳалол нарсалар билан озиқланиш. Ақл ва қалбнинг шукри илм ва ҳилм билан зийнатланиш. Оёқларнинг шукри эса яхшиликдан бошқа йўлда юрмаслик. Ким мана шуларни бажарса, ҳақиқий шукр қилувчилардан бўлади», дейди.

Буюк авлиё, улуғ мутафаккир Алишер Навоий бундай дуо қилганлар:

Илоё, дилимни зикрингга зокир айла,

Илоё, тилимни шукрингга шокир айла!

Салоҳиддин ТОШОНОВ,

“Яккасарой” жоме масжиди имом-хатиби

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг