Солиҳа аёлқандай бўлиши керак?

0
182

Дарҳақиқат, солиҳа аёл қандай бўлиши керак? Бу ҳақда ҳар ким ҳар хил фикр юритади. Қуйида солиҳа аёл тўғрисидаги мулоҳазаларга тўхталамиз.
Солиҳа аёл:
–охират ғамини ейди, лекин бу дунёсини ҳам унутмайди;
– турмуш ўртоғини ҳурмат қилади ва фарзандларини солиҳ қилиб тарбиялайди;
– Аллоҳ таоло буюрганини бажариб, қайтарганидан қайтади;
– унинг бутун борлиғи, юриш-туриши, хатти-ҳаракати бошқалар учун эмас, балки турмуш ўртоғи учун бағишланган бўлади;
– агар эрининг топиш-тутиши кам бўлса, ундан қурби етмайдиган нарсаларни талаб қилиб, турмуш ўртоғини қийин аҳволга солмайди,аксинча, борига қаноат қилиб, Аллоҳдан барака сўрайди;
– агар эри гуноҳ ишга буюрса, уни бажармайди, балки турмуш ўртоғини тўғри йўлда юришга ундайди;
– завжининг сўзини икки қилмасдан, сўссиз бажаради ва эрини камситишдан, обрўсизлантиришдан ҳамда оила аъзолари олдида ҳурматсизлик қилишдан сақланади;
– турмуш ўртоғига тегишли бўлган нарсаларга рухсатсиз тегмайди, мол-мулкини ақл билан муҳофаза қилади ва ортиқча исрофгарчиликка йўл қўймайди;
– эрининг камчиликларини яшириб, унинг яхши жиҳатларини гапиради;
– турмуш ўртоғи йўқлигида ёки унинг рухсатисиз уйига номаҳрам кишининг киришига изн бермайди;
– намоз вақти бўлгани ҳақида эрини огоҳлантириб, унга таҳорат учун сув тайёрлайди ва у хоҳлагандек намоз ўқишга шароит яратиб беради.
Иншоаллоҳ, бу сифатлар билан неъматланган аёллар икки дунё саодатига мушарраф бўладилар. Бежиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимни Аллоҳ таоло солиҳа аёл билан ризқлантирган бўлса, унга динининг ярмига ёрдам берилибди. Энди иккинчи ярмида Аллоҳга тақво қилсин”, деб таъкидламаганлар (Имом Табароний ривояти, Одоб, 57; Имом Ҳоким ривояти, Никоҳ, 23).
Қолаверса, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам эр киши ўзи учун муносиб умр йўлдош танлашида ҳам бир қанча тавсияларни берганлар.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аёлга тўрт нарсаси учун уйланилади: моли, зоти (насаби), жамоли ва дини учун. Диндорини танлагин, қўлинг тупроққа қорилгур!” дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Агар аёлга моли учун уйланилса, аёл эрининг оила аъзоларини менсимаслиги ёки кун келиб, мол-дунёсидан айрилса, эркакнинг хотинига бўлган қизиқиши сўниши ва бунинг ортидан оилада келишмовчилик келиб чиқиши мумкинлиги назарда тутилган.
Аёлга насаби учун уйланилса, албатта, бу қайсидир маънода эрнинг аёли олдидаги ҳақ-ҳуқуқлари чекланиб қолишига, бунинг ортидан ҳам оилавий муносабатларга дарз кетиши мумкин.
Агар аёлга жамоли учун уйланилса, ҳусн ўткинчидир. Ёки аёли соҳибжамол бўлса-ю, уй-рўзғор юмушларига эпли бўлмаса, оила аъзоларининг ҳурматини жойига қўйишни билмаса, ўзининг чиройига маҳлиё бўлиб, барча нарсани унутиб қўйса, бу бахтли турмуш ҳисобланади?
Аёлга дини учун уйланилса, унинг диндорлиги барча нарсани қамраб олади. Хусусан, билмаганларини турмуш ўртоғидан, қайнона-қайнотасидан итоат ила ўрганиб, шариат кўрсатган йўл билан оиласини муҳофаза қилади.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида эдим. Бир киши у зот соллаллоҳу алайҳива салламнинг олдиларига келиб, ансорийлардан бир аёлга уйланмоқчи эканини айтди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
– Унга назар солдингми?– дедилар.
– Йўқ, – деди у.
– Бор! Унга назар сол! Ансорийларнинг кўзларида бир нарсаси бўлади, – дедилар” (Имом Муслим,Никоҳ, 16; ИмомНасоий,Никоҳ, 53).
Ушбу ҳадисда уйланмоқчи бўлган инсон ўзининг бўлажак умр йўлдошига назар солиши, масалан, кўзининг рангини билса бўладиган даражада қараши жоизлиги, кишиларнинг ёлғон таърифига алданмай, рафиқасини рўй-рост тасаввур қила олиши лозимлиги баён қилинмоқда. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Ансорийларнинг кўзларида бир нарсаси бўлади”, деган сўзларини уламолар: “Кўзлари кичик ёки кўкимтир бўлади, деганлар”, деб изоҳлаганлар.

Манбаларасосида
Исмоил ҲОШИМОВ
тайёрлади.

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг