ЙЎЛ ТАРТИБНИ ЁҚТИРАДИ

0
80

Бугуннинг гапи

Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда йўл ҳаракати хусусида талай маълумотлар бор. Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаган киши, аввало, ўзининг жону молини хатарга қўйган бўлади. Бу эса Ислом динида мутлақо мумкин эмас.

Аллоҳ таоло: «Ўзингизни ҳалокатга ташламанг» (Бақара сураси, 195-оят), деб марҳамат қилади. Шу билан бирга, йўл қоидаларини бузиш бошқаларнинг ҳаётига, мол-дунёсига тажовуздир. Йўлда тартиб-интизомли бўлиш миллатнинг кўрки, жамият аъзоларининг дунёқараши ва маданиятининг белгисидир.

Динимиз йўл ҳаракати одобларини батафсил баён қилиб берган. Хусусан, “Ўнг қўл ҳаракати”, “Пиёдаларга йўл бериш”, “Масофа сақлаш” каби айрим йўл ҳаракати қоидалари айнан суннатга тўла мос келишини мушоҳада қилиш мумкин.

Йўл – омманинг мулки, яъни умумий мулк. Шу боис йўлдан фойдаланишда бошқаларга зарар етказиш омманинг ҳақини поймол қилишдир. Фиқҳий қоидага кўра, бировларга зиён етказиш жоиз бўлмагани каби, зиёнга олиб борадиган ишларга қўл уриш ҳам мумкин эмас. Шунинг учун бировларга зиён етказадиган киши кўчаг чиқмаслиги керак.

Йўл оммавий мулк бўлса-да, жиддий зарурат туғилганда тартибга солувчи қоидалар орқали маълум йўлларда вақтинча ҳаракатланиш чекланиши мумкин. Шунингдек, кишиларнинг ҳаёти ёки молларини сақлаш ва бошқа шу каби заруратлар юзасидан йўлларда тезликни белгилаш ҳам шаръан мумкиндир. Бу, албатта, умумманфаатига кўра бўлгани учун жоиз ҳисобланади. Зотан, фиқҳий қоидалардан бирида: “Оммадан зарарни бартараф этиш якка шахсга етадиган зарарни кетказишдан устун қўйилади”, дейилган.

Ҳар биримиз йўлга чиққач, унинг ҳақларига, жумладан, ҳаракат қоидаларига, шаръий кўрсатмаларга риоя қилиши шарт. Шундай қилсак, улуғ ажрларга эришамиз, иншоаллоҳ. Борди-ю, уларга риоя қилмасак, баъзан йўл юриш макруҳ, баъзан эса мумкин бўлмай қолади.

Ислом фиқҳида: “Зарарни бартараф этиш фойдани жалб қилишдан олдин қўйилади” ва “Жамиятнинг манфаати якка шахсларнинг манфаатидан устун туради”, дейилган.

Мусулмон киши зиммасида йўлнинг ҳам ҳаққи бор. Бу ҳақларни ҳар бир йўл ҳаракати қатнашчиси, у хоҳ пиёда бўлсин, хоҳ ҳайдовчи, хоҳ йўловчи – адо этиши лозим. Шунингдек, йўлда турган, ўтирган ва фойдаланувчилар ҳам ушбу ҳақларга риоя қилишлари шарт.

Абдуллох ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмон – мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган кишидир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Ҳузайфа ибн Усайддан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким мусулмонларга йўлларида озор берса унга уларнинг лаънати вожиб бўлур”, деганлар (Имом Табароний ривояти).

Бировга озор бериш мутлақо мумкин эмас. Аммо йўлларда одамларга озор етказиш катта гуноҳдир. Ҳар бир шахс кўчага чиққач, йўлни ўз уйининг бир бўлаги деб билиб, шунга яраша ҳаракат қилиши керак.

Жамиятни улкан кемага қиёсласак, ундаги йўловчилар тақиқланган ишга қўл урсалар худди кемани тешишга журъат қилган шахсга ўхшаб қолади. Агар бу ишга вақтида чек қўйилмаса, кемадагиларнинг барчаси ҳалок бўлади.

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан ким бирор ёмон ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин. Агар бунга қодир бўлмаса, тили билан, бунга ҳам қодир бўлмаса, қалби билан қайтарсин”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Демак, мусулмон киши ёмон ишларга бефарқ бўлмаслиги керак. Худди шундай йўл ҳаракати қоидаларини бузаётган кишиларни огоҳлантиришимиз, уларга бу борадаги динимиз таълимотини тушунтиришимиз керак.

Лутфуллоҳ  ЖАМОЛОВ,

Тошкент шаҳридаги “Новза” жоме масжиди имом ноиби

 

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг