УСТОЗГА ЭҲТИРОМ КЎРСАТИЛДИ

0
55

Муқаддас Ислом динида устозни эҳтиром қилиш, унга эътибор қаратишга алоҳида урғу берилган. Чунончи, ояти каримада Алоҳ таоло: «…Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур» (Мужодала сураси, 11-оят), деб марҳамат қилган.
Буюк Раббимиз улуғлаб қўйган зотларни зиёрат қилиб, уларнинг дуосини олиш катта шарафдир.
Бугун, 29 ноябрь куни Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Саййид Раҳматуллоҳ Термизий бир гуруҳ ҳамроҳлари билан биргаликда устоз Салоҳиддин домла Шарипов ҳазратларининг Тошкент вилояти Бўка туманидаги хонадонларида меҳмон бўлдилар.
Ташрифдан кўзланган мақсад устозни зиёрат қилиш ҳамда у кишининг йўл-йўриқ, тавсия ва насиҳатларини олишдир. Шу билан бирга, айни кунларда енгил хасталик туфайли муолажа олаётган устозга Аллоҳ таолодан шифо тилашдир.
Суҳбат давомида устозга Саййид Раҳматуллоҳ Термизий Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаровнинг дуои хайр ва саломларини етказдилар.
Ҳадиси шарифда: “Икки кишига ҳасад (ҳавас маъносида) қилиш жоиз: биринчиси, Аллоҳ таоло берган мол-дунёни ҳақ йўлга инфоқ-эҳсон қилувчи кишига; иккинчиси, Аллоҳ таоло илм берган бўлсаю ўша илм билан ҳукм қилган ва уни бошқаларга ўргатган кишига”, дейилган (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Дарҳақиқат, Салоҳиддин домла катта олим, нуктадон фақиҳ ва юртимиздаги жуда кўплаб илм аҳлининг устозидир. Ана шундай улуғ зотларга эҳтиром кўрсатиш динимиз кўрсатмасидир.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ўзидан ёши улуғ бўлган Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг уловлари тизгинини ушлаб, унга минишларида ёрдам бериб, бундай деганлар: “Уламоларга шундай хизмат қилишга буюрилганмиз. Агар шогирд улуғлик сифатига етмай туриб, ундан фахрланиб кибрланса, жоҳилдир. Зеро, илм-ҳикмат мўмин кишининг йўқотган нарсасидир, қачон топса, уни олишга ҳақли”.
Тарихда устоз ва шогирдликнинг гўзал ибратларини кўп учратиш мумкин. Икки буюк шоир Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийнинг устоз ва шогирдлик муносабатлари неча асрдан буён ҳаммани лол қолдириб келяпти.
Алоуддин Самарқандийнинг ўзининг иқтидорли шогирди Абу Бакр Косонийга кўрсатган лутф ва марҳамати ҳам барчага ибратдир. Абу Бакр устозидан олган илмида шу қадар юксалдики, устозининг кўп жилдли машҳур “Туҳфатул фуқаҳо” асарига гўзал бир шарҳ ёзиб, уни “Бадоъеус-санои фий тартибуш-шарои” (Дин ҳукмларини тартиблашда гўзал санъатлар) деб номлади.
Бугунги зиёрат асносида яқинда юртимизга ташриф буюрган қирғизистонлик уламоларнинг устоз Салоҳиддин домлага топширган туҳфалари – тўн ва бош кийим ўз эгасига тақдим этилди.
Зиёрат сўнгида устоз хайрли дуо қилдилар.

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг