Диёримизда ҳанафий мазҳабининг тарқалиши

0
39

Бизнинг диёримиз аҳолиси деярли ўн тўрт асрдан бери ҳанафийлик мазҳабига эргашган ҳолда ўз ибодатларини бажариб келади. Имом Абу Ҳафс Кабир Бухорий диёримизда ушбу мазҳабнинг кенг тарқалишига улкан ҳисса қўшган.
Абу Ҳафс Кабир Имом Абу Ҳанифанинг невара шогирдлари бўлган. У киши Бухорода туғилган. Бухородан Бағдодга бориб, Абу Ҳанифанинг кичик шогирди Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийга шогирд тушган. Мовароуннаҳрга ҳанафий мазҳабининг илк хабарини ва унинг аҳкомларини олиб келган зот Абу Ҳафс Кабирдир. Кейинчалик бу ишга Абу Ҳафс Кабирнинг ўғли Абу Ҳафс Сағир ўз ҳиссасини қўшган.

Мўғуллар истилоси, зулми ва истибдоди авжига чиқиб, тил, дин, тарихни қориштирганда ҳам бу халқ ўз мазҳабидан айрилмаган. Бу мазҳабни бузишга қаратилган ҳужумлар тарихда жуда кўп бора кузатилган. Мазҳаб-ку, у ёқда турсин, ҳатто миллатни ўзлигидан айиришга, насл-насабни йўқ қилишга ҳаракатлар кўп бўлган. Аммо халқимиз неча асрлардан бери мерос бўлиб келаётган бу мазҳабни маҳкам тутишган ва иншоаллоҳ, бундай кейин ҳам шундай бўлиб қолади.

Тарих, бугунги асримиздагидек, ҳанафий мазҳабига бўлган ҳужумларни кўрмаган бўлса керак. Бу асрда ҳанафий мазҳабига шу қадар кўп таъна тошлари, туҳматлар, бўҳтонлар, ҳужумлар уюштириляптики, уламолар бу мазҳабни қаттиқ ҳимоя қилиш учун бел боғлашга мажбур бўлишди.

Имом Абу Ҳанифа тобеъин бўлганлар. Бир қанча саҳобаларни кўрганлар. Ҳатто Анас ибни Молик розияллоҳу анҳудан ҳадис ривоят қилганлар. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ Имом Абу Ҳанифадан ўн бир ёки ўн уч ёш кичик бўлганлар. Лекин Мадинадан чиқмаганликлари учун саҳобаларни кўрмаганлар.

Илм аҳли дунё кезмоғи керак. Турли устозлар, керак бўлса, бошқа мазҳаб уламолари билан ҳам фикр алмашиши зарур. Чунки илмни Аллоҳ таоло Ер юзига сочиб юборган. Юрт кўрган кишининг дунёқараши кенг бўлади.

Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ кўп сафар қилганлар. Ўттиз марта ҳаж қилганлар, дейилади. Ҳар бир ҳаж сафарига чиқар экан, уламолар, дунё олимлари билан албатта кўришганлар. Ана шундай ҳажларнинг бирида Мадинада Имом Молик билан баҳс қилганлар. Икковлари ўрталарида қизғин илмий баҳс кечган. Бу баҳс давомида Имом Молик Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга қойил қолганлар.
“Абу Ҳанифани кўрганмисиз?” деб Имом Моликдан сўрашганида: “Ҳа, кўрганман. У шундай одам эдики, агар мана шу устун олтиндан деса, албатта бу сўзига ҳужжат келтирар эди”, деб жавоб берганлар.

Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг боболари Термиздан бўлган. Имом Али каррамаллоҳу важҳаҳу Афғонистонни фатҳ қилганларидан кейин Абу Ҳанифанинг боболари Амударёдан кечиб ўтиб, ҳазрати Алининг қўлида Исломни қабул қилишади. Сўнгра Ироққа борганларида Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ мусулмон оиласида туғилганлар.

Имом Абу Ҳанифанинг отаси ва бобоси савдогар кишилар бўлган. Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ўзига тўқ оилада вояга етганлар. Ўзлари ҳам савдо билан шуғулланганлар ва бу соҳада моҳир бўлганлар. Аммо Абу Ҳанифанинг насибасини Аллоҳ таоло илмга қўшган эди. У киши баракотли, кучли илм соҳибларининг насиҳатлари билан илм йўлини танлаганлар.

Ҳаммод ибн Абу Сулаймондан таълим олганлар. Ҳаммод ибни Абу Сулаймон тобеъинларнинг катталаридан, муҳаддис ва фaқиҳ бўлганлар.

Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ йигирма икки ёшларигача илм олдилар ва шу ёшда фақиҳ бўлдилар. Ёш бўлишларига қарамай, фатво берганликлари ҳам ривоят қилинган. Олтмишта масалага фатво берадилар. Йигирматасида хато қиладилар, қирқтасига тўғри фатво берганлар. Йигирмата масалада хато фатво берганлари учун яна қайтиб устозлари Ҳаммоднинг олдига борадилар ва у киши вафотларига қадар ўн саккиз йил таълим оладилар. Шунинг учун ҳар доим кишининг устози бўлмоғи лозим. Устози бўлмаган киши кўп хато қилади. Халқимиз бежиз: “Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар”, демаган.

Шайх Саййид Раҳматуллоҳ Термизий.

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг