МАЪРИФАТ УЛАШИШ – ЭНГ ЭЗГУ АМАЛ

0
331

Бугун, 2021 йил 28 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижодий уйига ташриф буюрдилар.

Муфтий ҳазратларига юртимиз мўмин-мусулмонларининг диний, маърифий адабиётларга бўлган талаблари, шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом билим юртлари талаба-ўқувчиларининг дарслик ва қўлланмаларга бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида 2019 йил 23 июль куни “Shamsuddinxon Boboxonov” НМИУ ташкил этилгани ҳақида маълумотлар берилди.

Ташрифларини нашриёт ижодий ходимлари билан танишишдан бошлаган муфтий ҳазратлари қалам аҳлининг хайрли ишларига, юртимиз мўмин-мусулмонларига илм ва зиё тарқатиш йўлидаги саъй-ҳаракатларига муваффақиятлар тиладилар.

Шундан сўнг нашриёт босмахонаси фаолияти билан танишган Нуриддин домла Холиқназаров айни пайтда олтмиш минг нусхада чоп этилаётган “Никоҳнома” китобини кўздан кечириб, жумладан, бундай дедилар: “Бугун турмуш қуриш остонасида турган ёш келин-куёвлар “Никоҳнома” китобини ўқиб, оила ва никоҳнинг муқаддас эканини, бу борада динимизнинг аҳкомларини тўлиқ ўзлаштириб олиши учун яхши манба бўлибди. Бу китоб келин-куёвларнинг никоҳи ўқилаётган уларга берилиши эса таҳсинга сазовор”.

 Босмахонада, шунингдек, Шайх Алижон қори қаламига мансуб “Қуръони карим шафоати”, “Мен ҳам тафаккур қиламан” ва бошқа китоб ва рисолаларнинг чоп этилиш жараёни ва тайёр маҳсулотларни кўрган Нуриддин домла Холиқназаров адабиётларнинг сифатига юксак баҳо бердилар. Ўзларининг ҳам бир неча китоблари тайёр экани, шу ерда бостириш ниятлари борлигини айтиб ўтдилар.

Ташриф асносида айнан шу босмахонада “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетаси ҳам чоп этилаётгани ҳақида муфтий ҳазратларига маълумотлар берилди.

Нашриёт ва босмахона билан яқиндан танишган муфтий ҳазратлари ташкилот фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан ўзларининг қимматли тавсия ва йўл-йўриқларини бердилар.

Ташриф сўнгида хайрли дуолар қилинди.Т.НИЗОМ

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг