МАВЛУДИ ШАРИФ 1-ҚИСМ МУҚАДДИМА

0
40

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

Ўзининг сўнги Расулини оламларга раҳмат қилиб юборган Аллоҳ талога ҳамду санолар бўлсин!

Инсониятнинг саййиди, фахри коинот, Расулимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг покиза оилаларига ҳамда фидокор асҳобларига дуруду саловатлар бўлсин!

Рабиулаввал ойида, хусусан ушбу ойнинг ўн иккинчи кунида мавлид маросимлари ўтказиш ва бу маросимларда мавлид асарларидан ва сўз усталарининг наъту мадҳларидан ўқиб, суюкли Расулмиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд ойларини тантали равишда ўтказиш мусулмон оламида тақрибан минг йилдан бери давом этиб келаётган анъаналардан бири ҳисобланади. Ислом оламининг ажралмас қисми бўлган жонажон Ватанимизда ҳам бу анъана ўзига хос услубда ўтказиб келинган. Бизда энг кўп тарқалган мавлид асари Жаъфар Барзанжий раҳматуллоҳи алайҳининг «Иқдул-жавҳар фи мавлиди ан-Набий ал-Азҳар» (Порлоқ юзли Набийнинг мавлидлари хусусидаги гавҳар маржон») номли асаридир. Бу китоб бизда шунчалик кенг тарқалганки, халқ ўртасида мавлид дейилса, фақат шу асар тушуниладиган бўлиб қолган.

Ёшлигимизда ушбу асарнинг бир қисмини ёдлаган эдик. Турли мавлид маросималрида уларни ўқиб юрар эдик. Кейинроқ уларнинг мазмунини ўрганишга ҳам қизқиш ортиб борди. Бу асарнинг бир қатор шарҳлари борлигини кўриб, уларни ўқигач, халқ орасида кенг тарқалган ушбу қасиданинг маъноларини кўпчиликка улашиш истаги туғилди. Чунки кўплаб йиғинларда анинг айрим бандлари ўқиб, тинглансанда, уларда нима дейилаётганини на ўқувчилар, ва на тингловчилар тушунмаётганини кузатиб юрилар эди. Бу эса мавлид тушунчасига тамоман зид ҳолат эди. 

Аллоҳнинг инояти билан бу йил Рабиулаввал ойида ушбу мавлид китобини қўлдан келганча таржима қилиш насиб бўлди. Ушбу камтарона уринишни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламниг таваллуд ойларига бир туҳфа бўлишини умид қилиб, кейинроқ, Аллоҳ насиб қилса, керагича кенгроқ шарҳлаб, сиз азизларга тақдим қилишни ният қилган ҳолда, ҳозирча бор таржимани эътиборингизга ҳавола қилмоқчимиз. Фикр ва мулоҳазаларингизни кутиб қоламиз.

Ўрни келганда шуни таъкидлаш жоизки, ушбу таржимада асар деярли сўзма-сўз таржима қилинган бўлиб, фақат айрим ўринлрда баъзи изоҳлар берилган, холос. Шу боис, асардаги айрим хабарларнинг далиллари ҳам, уларнинг қанчалик илмий асосга эгалиги ҳам ёритилмаган. Аллоҳ насиб қилса, китобни шарҳлашда бу жиҳатга алоҳида эътибор берилади.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

اَلْجَنَّةُ وَ نَعِيْمُهَا سَعْدٌ لِمَنْ يُصَلِّي وَ يُسَلِّمُ وَ يُبَارِكُ عَلَيْهِ اَللَّهُمَّ صَلِّ وَسَلِّمْ وَبارِكْ عَلَيْهِ    

Жаннат ва унинг неъматлари (Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга) салоту салом, барака тилайдиган кишилар учун бахту саодатдир.

بِسْـمِ اللَّـهِ الرَّحْمَـنِ الرَّحِيـمِ

Меҳрибон ва раҳимли Аллоҳ номи билан бошлайман.

БИРИНЧИ АТР

МУҚАДДИМА

اَبْتَدِئُ اْلإِمْلاَءَ بِاسْمِ الذَّاتِ الْعَلِيَّة مُسْتَدِرًّا فَيْضَ الْبَرَكَاتِ عَلَي مَا اَنَالَهُ وَ اَوْلاَه 

Олий Зотнинг номи ила имлони бошлар эканман, У Зотдан бизга берган ва бизни эга қилган неъматлари устига яна файзу баракотларни мўл-кўл қилиб беришини сўрайман.

وَ اُثَـنِّي بِحَمْدٍم مَوَارِدُهُ سَائِغَةٌ هَنِيَّة مُمْتَطِئًام مِنَ الشُّكْرِ الْجَمِيلِ مَطَايَاه 

Иккинчидан, чиройли шукр уловларига минганча, обгиридан олинган суви ютумли ва ҳазми енгил бўлган ҳамдларни айтаман.

Обгир – дарё ва анҳорлардан сув олишга мосланган махсус жой. 

  وَاُصَلِّي وَاُسَلِّمُ عَلَي النُّورِ الْمَوْصُوفِ بِالتَّقَدُّمِ وَاْلأَوَّلِيَّة الْمُنْتَقِلِ فِيْ الْغُرَرِالْكَرِيمَةِ وَالجِبَاه 

Илгарилик ва биринчилик васфи ила сифтланган, улуғвор бўлган порлоқ манглайларда, пешоналарда кўчиб юрувчи Нурга (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга) саловату саломлар айтаман.

وَاَسْتَمْنِحُ اللهَ تَعَالَي رِضْوانًا يَخُصُّ الْعِتْرَةَ الطَّاهِرَةَ النَّبَوِيَّة وَيَعُمُّ الصَّحَابَةَ وَاْلأَتْبَاعَ وَمَنْ وَالاَه

Аллоҳ таолодан набавий, пок аҳли байтга хос бўлган ҳамда саҳобаю тобеинлар ва уларни дўст тутганларни ўз ичига оладиган розилигини тилайман.

وَاَسْتَجْدِيْهِ هِدَايَةً لِّسُلُوكِ السُّبُلِ الْوَاضِحَةِ الْجَلِيَّة وَحِفْظاً مِنَ الْغَوَايَةِ فِي خِطَطِ الْخَطَإِ وَ خُطَاه

У Зотдан яна очиқ-ойдин, равшан йўлларда юришга ҳидоят қилишини ҳамда хатокорлик ўринларида ва йўлларида адашиб юришдан сақлашини ёлвориб сўрайман.

 وَاَنْشُرُ مِنْ قِصَّةِ الْمَوْلِدِ النَّبَوِيِّ بُرُودًا حِسَاناً عَبْقَرِيَّة نَاظِماً مِنَ النَّسَبِ الشَّرِيْفِ عِقْدًا تَحَلَّي المْسَامِعُ بِحُلاَه

Мен ўша улуғ насабдан безакларини қулоқлар ўзига зийнат қилиб тақиб оладиган бир мунчоқ тизиб, набавий мавлид* қиссасидан гўзал ва ғаройиб бир чопон қилиб тарқатамоқчиман.

*«Мавлид» аслида туғилиш, туғилган вақт ва пайт деган маъноларни англатади. Бу сўз кўпинча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилишларига ва уни нишонлашга нисбатан ишлатилиб, кейинроқ шу йиғинларда ўқиладиган Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига доир қисқача маълумотларни ўз ичига олган, маълум жанрдаги рисолалар учун ҳам қўлланиладиган бўлиб қолган. Бу ерда айнан шу маъно назарда тутилган.

وَ اَسْتَعِينُ بِحَوْلِ اللهِ تَعَالَي وَ قُوَّتِهِ الْقَوِيَّة فَاِنَّهُ لاَحَوْلَ وَلاَ قُوَّةَ إِلاَّ بِاللهِ

  Мен Аллоҳ таолонинг қудрат ва кучли қувватидан ёрдам талаб қиламан. Зеро, Аллоҳдан ўзгада на қудрат, ва на қувват бор.

عَطِّرِ اللَّهُمَّ قَبَرَهُ الْكَرِيْمَ بِعَرْفٍ شَذِيٍّ مِنْ صَلاَةٍ وَتَسْلِيمٍ اَللَّهُمَّ صَلِّ وَسَلِّمْ وَ بَارِكْ عَلَيْهِ 

Аллоҳим! У зотнинг шарафли қабрларини саловату саломнинг муаттар ҳидлари билан хушбўй қилгин. Аллоҳим! У зотга саловату салом ва баракотингни ёғдиргин!

Изоҳ: Бу ибора дуо шаклидаги саловат бўлиб, ушбу мавлид китобида мавзулар ўртасини ажратиш учун, бир пардадан бошқасига ўтишда ажратувчи нақорат бўлиб хизмат қилади.

Бу нақорат «хушбўй қилгин» деган маънони англатувчи «аттир» калимаси билан бошлангани учун, у билан ажратилган ҳар бир бўлак истеъмолда «атр» деб номланиб қолган.

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг