ИЛМЛИ ЁШЛАР – ЮРТ КЕЛАЖАГИ

0
61

Уламоларимизнинг ҳудудларга ташрифлари нафақат ёши улуғ инсонлар, айни пайтда навқирон авлод вакиллари учун ҳам бирдай манфаатли бўлмоқда. Айниқса, маърифат мажлислари одамларга маънавий мадад бўляпти.

Хабарингиз бор, айни кунларда уламоларимиз Сирдарё вилояти шаҳар ва туманлари масжидлари ва маҳаллаларига ташриф буюриб, аҳоли билан мулоқотлар қилишмоқда.

Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари, пойтахтимиздаги “Катта қозиработ” жоме масжиди имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов пешин намозида Гулистон шаҳридаги “Абдулхолиқ Ғиждувоний” жоме масжидига бордилар.

Намоздан сўнг мўмин-мусулмонларга “Илмли ёшлар – юрт келажаги” мавзусида гўзал мавъиза қилиб, жумладан бундай дедилар:

“Ислом дини таълимотида ёшларни баркамол авлод этиб улғайтириш муҳим масала саналади. Бунда уларни манфаатли илм соҳиби қилиб тарбиялаш, фикрий ва илмий жиҳатдан етук инсон қилиб камолга етказиш назарда тутилади. Ислом динида илм деганда диний ва дунёвий илмлар тушунилади. Диний илм инсоннинг асосан охирати учун зарур бўлса, дунёвий илм дунёси ободлиги учун зарурдир.

Имом Суютий раҳматуллоҳи алайҳ “ал-Жомиъ ас-сағир” асарида қуйидаги хабарни келтирганлар: “Сизларнинг энг яхшингиз – бу дунёсини деб охиратини унутмаган, охиратини деб бу дунёсини унутмаган ва ўзгаларга малол келтирувчи бўлмаганингиздир”.

Ушбу таълимотларга жону дили билан амал қилган аждодларимиз, буюк боболаримиз ҳам шариат, ҳам тариқат ва ҳам илм-фан соҳасида бутун дунёга ўрнак бўлганлар…”

Маъруза сўнгида ёшларга кексаларни иззат-икром қилиш, уларга ҳурмат кўрсатиш зарурлиги таъкидланди.

Мавъиза савол-жавобларга уланиб кетди. Намозхонлар таъсирли ва ибратли маъруза учун домлага алоҳида миннатдорлик билдирдилар.

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг