ЖАННАТИМ – ОНАМ, ДАВЛАТИМ – ОТАМ

0
55

Ота-онани улуғлаш, уларга итоат этиш халқимизга хос қадим қадриятларимиздан. Муқаддас динимиз ота-онага хизмат қилишни, айниқса, кексайганларида уларга меҳр бериб, парваришлашни фарзандларга ҳам фарз, ҳам қарз қилган.  

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: «Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга бирон нарсани шерик қилмангиз ва ота-онага яхшилик қилингиз!» (Нисо сураси, 36-оят).

Аллоҳ таоло аёлларга она бўлишдек шарафли ва ўта масъулиятли вазифани юклаган. Аёл, аввало, она сифатида қадрланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жаннат оналар оёғи остидадир” (Имом Қузоий ривояти), деб марҳамат қилганлар.

Дунёдаги барча оналар ҳақида ёзилган  ривояту ғазаллар, улар ҳақидаги энг яхши сўзларни тарозининг бир палласига қўйсак, иккинчи палласига эса Пайғамбаримизнинг мазкур сўзларини жойласак, шубҳасиз, ҳадиси шариф оғир келади.

Фарзанд ота-она ҳаётлик чоғларида ҳам, вафот этганларидан кейин ҳам Аллоҳ таолодан уларга мағфират тилаб дуо қилишлари лозим. Чунки улар фарзандларига тарбия бериб вояга етказгунича қанчадан-қанча машаққатларга дучор бўлишган.

Хизмат тақозосига кўра, маҳаллаларда бўламиз, оилаларга кириб борамиз. Одамлар, аёллар билан суҳбатлашиб, кўплаб воқеа-ҳодисаларга гувоҳ бўламиз. Яқинда бир оиладаги ҳолат менга жуда қаттиқ таъсир қилди.

Бир онанинг ёшлигида турмуш  ўртоғи  вафот этиб, болаларини ёлғиз ўзи парваришлаб, улғайтирибди. Бир неча бор турмушга чиқишни таклиф қилганларга: “Болаларим ўгай отанинг дашномларига қолмасин”, дея рад жавобини берибди.

Фарзандларига бор меҳрини бериб, уларнинг келажагини ўйлаб ўқитиб, қизларини турмушга бериб, ўғилларини уйли-жойли қилибди. Яхши ниятлар билан келин олибди. Мен кўрмаган кунларни фарзандларим кўрсин, уларнинг бахти менинг бахтим, дея  шодланибди. Лекин шодлиги узоққа бормабди. Олган келини аста-секин турли одатлар чиқара бошлабди.

Бу ҳолатни унинг ёшлигига йўйиб, келинининг айбларини яшириб, уни мақтаб, ҳаққига дуо қилибди. Қайнонанинг бу тадбири келинга асло таъсир қилмабди. Катталарга ҳурмат кўрсатишнинг савоби, эрга итоат тўғрисида насиҳатлар беҳуда кетиб, келин қайнонасига гап қайтариб, дўқ-пўписа қилиб, аста-секин куёв болага: “Мени онангиз ҳолу жонимга қўймайди” деб, ўзини жабрдийда кўрсата бошлабди.

Кунлар ўтиб борар, ўғлининг ҳам онасига нисбатан муомаласи ўзгарибди. Бу ҳолатлар нечоғли кўнглини ранжитса ҳам, фарзандининг гуноҳкор бўлиб қолишидан қўрқиб, “фарзандим-ку”, дея ўзини-ўзи овутиб, ҳаммаси Аллоҳнинг синовлари, дея онаизор дардларини ичига ютибди.

Хотинининг гапига кириб, ўз онасини уйдан чиқариб юборган фарзандни нима деб аташ мумкин?

Айни пайтда она бир дугонасининг уйида яшаётган экан. Ундан ҳол-аҳвол сўраганимизда, юм-юм йиғлар, нега уйдан чиқиб кетганини айтиб беришга тоқати етмади…

“Аллоҳ таоло ҳеч бир бандасига тоқати етмайдидан нарсани юкламайди. Бу синовларга дош бера олармиканман?! Менга шундай насиҳат қилингки, бу кўргуликлар яхшилик билан хотима топсин”, деб ялинарди она.

Аллоҳ қодир қилганича шариатимиз кўрсатмаларига мувофиқ оят, ҳадис ва саҳобия оналаримизнинг ҳаётларидан ибратли мисолларни келтирдим. Ҳалиги аёл анча енгил тортди. У ўғилларга, оналарга, қизларга ва келинларга кўп насиҳатлар қилишимизни сўради.

Ҳа, ўғил хотинининг гапига кириб, ўз онасига итоат қилмаётган экан, келинлардан нимани  ҳам кутиш мумкин?!

Аллоҳ таоло бежиз фарзанднинг ота-онага хизмат қилишини, итоат этишини фарз даражасига кўтармади. Қайнота – ота, қайнона – она. Келинлар уларга хизмат қилишлари керак. Бу хизматлар бесамар, беиз кетмайди. Қайтар дунёда келинлар, куёвлар қайнота-қайноналарига қандай хизмат қилишса, уларга ҳам шундай муносабатда бўлинади, иншоаллоҳ.

Ота-онага эҳтиром кўрсатиш инсоннинг ризқига барака киритади, гуноҳларини афв этилишига сабаб бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Ҳижозда яшаган бўлса-да, онасининг вафотига қадар ҳаж қилмаган экан.  Чунки  ҳажнинг ажридан кўра, ёши улуғ онасига хизмат қилишни афзал билган.

Азизлар, ота-онамиз ҳаёт экан, уларнинг қадрларига етайлик, ҳамиша эҳтиром кўрсатиб, ардоқлаб дуоларини олиб қолайлик. Чунки улар бизнинг жаннатимиздир.

Зулайҳо СОАТОВА,

Тошкент шахар бош имом хатибининг

хотин-кизлар масалалари бўйича ёрдамчиси

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг