ТАРСАКИ

0
664
Durood Shareef Assalat o wassalam o alieka ya rasool allah

…Ўқиш-ёзишни уйда яхши ўрганиб олганим учун ўтган асрнинг саксонинчи йили беш ярим ёшимда мактабнинг биринчи синфига ўқишга қабул қилинганман. Ўшанда атеизм – худосизлик жуда кучайган пайтлар экан. Табиийки, у ёшда дин нима, атеизм нима – фарқламаганмиз. Бувим раҳматли эсимизни таниган вақтимизданоқ бизга олти диний калимани ёд олдирган эди.

У кишининг гаплари ҳалиям ёдимда: “Бу калималарни эрталаб ва кечқурун такрорлаб юринг. Шунда тилингиз ёмон сўзларга ўрганмайди, ҳаётда ҳеч қийинчилик кўрмайсизлар. Ҳеч ким сизларга ёмонлик қила олмайди, йўлингизни тўсолмайди. Улар жаннат калитларидир. Фақат калима келтириб юришингизни биров билмасин…” Биз эплаганимизча пичирлабгина калима келтириб юрардик. Кечқурун синглим билан бугун неча марта калима келтирганимизни ҳисоблардик.

Бир куни мактабга туман марказидан комиссия келди. Улардан бири – ўрта ёшлардаги аёл синфимизга кирди-да, саломлашгач, мулойимлик билан:

– Болалар, қани ким калима келтиришни билади? Уйингизда сизларга диний калималарни ўргатишадими? – деб сўради.

Ҳамма болалар жим қараб қолишди. Кейин баъзилар йўқ, баъзилар эса секингина ҳа, дейишди. Лекин ҳеч ким қўл кўтариб: «Мен айтиб бераман», демади. Мен юрагим ҳапқирганча ўтирардим. Жаннат калитлари борлигини бошқалар ҳам биларкан-да! Кейин шартта қўл кўтардим.

– Булар жаннат калитлари-ку! Мен айтиб бераман! Уни айтиб юрганлар бахтли бўлади! – дедим.

Аёл ёнимга яқин келиб, негадир билагимдан қаттиқ ушлади.

– Кимнинг қизисан? – деди.

Ота-онам ўша мактабда ўқитувчи бўлиб ишлашар, бувим раҳматли у пайтда нуфузли давлат идорасининг раҳбари эдилар. Буни эшитган ҳалиги комиссия аёл ранги ўчиб турган ўқитувчимизга ажабланиб қаради.

– Сенга калималарни ким ўргатган? – деб сўради мендан.

– Бувим ўргатганлар, – дедим.

– Қани айтиб бер-чи бизга ўша бувинг ўргатган нарсани, – деди.

Бола эканман-да, жаранглаган овоз билан «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ», дедим. Кейин ҳаммаси кўз очиб юмгунча содир бўлди: юзимга тушган тарсаки зарбидан чайқалиб, бошим билан доскага урилдим. Ҳалиги аёл нималардир деб бақира кетди. Синфда ғала-ғовур кўтарилди, ўқитувчимиз қалт-қалт титраётган қўллари билан бошимни силаган сари чинқириб йиғлардим…

Орадан йиллар ўтгач, билдимки, у аёл замонасининг кўзга кўринган атеист ходимларидан бўлган. Ўша воқеадан кейин бувимга қаттиқ ҳайфсан эълон қилишган, партиядан ўчириш жазоси билан қўрқитишган, ҳатто туман газетасида фельетон эълон қилиниб, «ёш авлоднинг онгини эскилик сарқити билан заҳарлаётган партия ходими» ҳақида аччиқ-тизиқ гаплар ёзилган…

Ўша вақтда мактабда бир ўқитувчининг қўлидаги газетани силкитиб, “Аяни уриб чиқишибди”, деганини (бувимни бутун қишлоқ “ая” деб чақирарди) ўзимча тушуниб, уйга югурганим ва бувимни қучоқлаб: “Сизниям уришдими? Ёмон уришмадими?” деб юзларини силаб йиғлаганим эсимда. Ўшанда бувим раҳматли: “Уришса – уришар, фақат сен калималарни умрингнинг охиригача тилингдан қўймагин-а, қизим”, деган эдилар. Мен нега жазолашганини тушунолмасдим, “Нега?.. Нега?” деявериб бувимни чарчатардим. Бу орада бувимни бошқа ишга (кейинроқ билишимча, нуфузи пастроқ ишга) ўтказишди.

– Аллоҳ уларнинг жазосини беради! – дедилар бувим раҳматли бир куни. Болалигимга бордим, айниқса, ўша аёлга Аллоҳ тезроқ жазо беришини истадим. Кечаси ташқарига чиқиб, юлдуз тўла осмонга қараб олиб, Аллоҳ билан “гаплашдим”.

– Сен ўргатган сўзларни айтганимиз учун бизни уришди, Аллоҳим! Ўзинг уларнинг адабини бергин… Фақат тезроқ адабини бер, Ўзинг ҳаммадан кучлисан-ку! – деганларим эсимда…

Орадан анча йиллар ўтиб, талабалик пайтимда у аёлнинг бедаво дардга чалиниб, тўшакка михланиб қолганини, умри сўнгида ҳарчанд уринмасин, калима келтиришга тили айланмаганини эшитганимда унга жуда ачинганман.

 

Дилфуза КОМИЛ

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг