АЖДОДЛАР МЕРОСИНИ ТАДҚИҚ ЭТУВЧИ НОЁБ ПЛАТФОРМА

0
203

ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯ

Нуфузли халқаро конференцияда Ўзбекистонда кечаётган диний-маърифий ислоҳотлар буюк алломалар илмий меросини янада кенг ўрганиш имкониятини ошираётгани эътироф этилди.

Самарқандда 15 июль куни “Саҳиҳ ул-Бухорий” асарининг жаҳон кутубхоналарида сақланаётган қадимий ва нодир қўлёзма нусхалари” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди. Тадбир Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича халқаро ташкилоти, Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш мар­кази билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Анжуман иштирокчилари мамлакатимизда буюк муҳаддис Имом Бухорий ва бошқа мутафаккир алломалар қолдирган бой маънавий хазинани асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга тўла-тўкис етказиш борасида амалга оширилаётган ишларга юксак баҳо бердилар.

Дунёвий илмларнинг кўҳна бешиги

Аввало, конференция ислом оламининг буюк сиймоси, муҳаддислар султони Имом Бухорий таваллуд топган сана арафасида ташкил этилишининг ўзига хос рамзий маъноси бор. Чунки янги Ўзбекистонга кўҳна мозий сарҳадларидан зиё таратиб, абадий яшаётган бу улуғ зот каби буюк алломалари билан чин маънода фахр этиш ярашади. Ҳолбуки, асосий қисми ҳозирги Ўзбекистон ҳудудига тўғри келадиган қадимги Мовароуннаҳр нафақат исломий, балки дунёвий илмларнинг ҳам ҳақиқий бешиги бўлган.

Конференцияда 10 дан зиёд халқаро ташкилот ва хорижий давлатнинг 40 га яқин таниқли илоҳиётчи олими ва мамлакатимизнинг етакчи исломшунос мутахассислари қатнашгани халқаро ва маҳаллий экспертлар ҳамжамиятининг анжуман мавзусига бўлган катта қизиқишидан далолат беради. Конференция ишини экспертлар, мустақил тадқиқотчилар ва тингловчилар жами 106 нуқтадан туриб кузатиб боргани фикримизни исботлайди.

Иштирокчилар фикрича, Ўзбекистонда диний-маърифий йўналишдаги ислоҳотлар салмоқ жиҳатидан етакчи ўринларни эгалламоқда. Бу эса, улуғ аждодларимизнинг сийрати, уларнинг ўлмас асарлари ва чуқур илмий ғояларини янада изчил ўрганиш, муфассал тадқиқ ва кенг тарғиб этиш масъулиятини юклайди.

Конференция очилишида Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (ICESCO) Бош директори Салим Муҳаммад ал-Малик ҳам сўзга чиқиб, Мовароуннаҳрдан кўплаб алломалар етишиб чиққани, улар нафақат ислом, бал­ки бутун башарият цивилизациясига улкан ҳисса қўшганини таъкидлади. Нотиқ “Саҳиҳ ул-Бухорий” ҳақида сўзлар экан, унинг дунёда энг кўп шарҳ ёзилган асар эканини, бугунги кунда ҳам нуфузли ўқув даргоҳларида академик тадқиқотларнинг бош мавзуси бўлиб қолаётганини таъкидлади.

Халқаро анжуман ялпи мажлисида, шунингдек, Имом Бухорий шахсининг комиллик нуқтаи назаридан юксак даражаси ҳам алоҳида қайд этилди.

Жумладан, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) Бош директори Маҳмуд Эрол Килич: “Ислом илмлари ривожида асосий ўрин тутган апломаларни ҳақли равишда етук сиймолар сирасида кўрамиз. Умрини шундай шарафли ишга бағишлаган Имом Бухорийнинг ҳаёт йўли ва машаққатли ижоди, унинг хизматлари туфайли эришилган янги билимлар моҳиятини жаҳон бўйлаб кенгроқ таратишни ота юртимиз — Ўзбекистондаги ҳамкасбларимиз иштирокисиз амалга оширишни имконсиз деб биламиз”, деди.

Илму маърифатда етук цивилизация маркази

Мисрнинг Ал-Азҳар ислом тадқиқотлари мажмуаси Бош котиби Муҳаммад Назир Айяд ялпи мажлис муҳокамаларига якун ясаб, Мовароуннаҳр мутафаккирларининг улкан хизматлари самараси ўлароқ, бу қутлуғ замин фақат жуғрофий ном эмас, илму маърифатда етукликка эришган алоҳида бир цивилизация макони сифатида ҳам шуҳрат қозонганини таъкидлади. Унинг таъкидлашича, юртимиздан етишиб чиққан олимлар исломий ва дунёвий илмларни бошқача назар ва ўзгача ёндашув билан ўрганиб, оламшумул натижаларга эришган. Инсоният бугунги кунда ҳам ана шу илмларга эҳтиёж сезмоқда.

Ялпи мажлис якунида “Саҳиҳ ул-Бухорий” асарининг жаҳон кутубхоналарида сақланаётган қадимий ва нодир қўлёзма нусхалари” деб номланган тақдимот намойиш этилди.

Шундан сўнг конференция ўз ишини 3 та шўъбага бўлинган ҳолда давом эттирди. “Саҳиҳ ул-Бухорий” асарининг жаҳон кутубхоналарида сақланаётган қадимий ва нодир қўлёзма нусхалари”, “Имом Бухорий илмий мероси ва ҳозирги замон”, “Мовароуннаҳр уламоларининг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси” шўъбаларида аллома ҳаёти ва илмий-маънавий меросига доир жами 55 та илмий маъруза тингланди.

Ибратли ҳаёт тарзи тақвонинг олий намунасидир

Биринчи хулоса. Ўзбекистон диёрини ислом илмлари маркази сифатида эътироф этиш ўринлидир. Ислом дунёсида умумэътироф этилган айни бир ҳақиқат — энг ишончли ҳисобланган олти машҳур ҳадис тўпламидан тўрттаси Мовароуннаҳр алломалари томонидан жамлангани бунинг яққол далили. Имом Бухорий эса, ушбу алломаларнинг энг улуғи — муҳаддислар султони эътирофидаги ягона зот.

Мазкур фикрни Мисрнинг Ал-Азҳар ислом тадқиқотлари мажмуаси Бош котиби Муҳаммад Назир Айяд якдиллик билан тасдиқлади: “Имом Бухорий бутун дунё уламоларининг ҳурмат ва эҳтиромига сазовор бўлган улуғ зотдир. Алломанинг 16 йил давомида Пайғамбаримиз алайҳиссалом суннатларига доир энг ишончли ҳадисларни жамлаш учун илм йўлида чеккан заҳмати бир неча ўн кишининг ҳаётига татийди. Унинг шахсияти, ибратли ҳаёт тарзи тақвонинг олий намунасидир”.

Туркиянинг Анқара Йилдирим Боязид универси­тета профессори Фарҳат Гўкче юқоридаги фикрни давом эттириб: “Менга берилган имкониятдан фойдаланиб, муҳаддислар имоми Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий ҳазратларининг хулқу мақоматларига икки оғиз тўхталиб ўтсам. Ул зотнинг ҳаётини ўрганар эканмиз, гўзал хулқи, камтарлиги ва тавозеси барчамизда унинг илмий мероси билан бир қаторда, шахсиятига ҳам чексиз ҳурмат-эҳтиром уйғотади”, дея тўлқинланиб гапирди.

Ал-Азҳар ислом тадқиқотлари мажмуаси котибияти мудири Муҳаммад Варданий конференциянинг биринчи хулосасига якун ясади: “Аллома ўз асарларини юксак даражада масъулият, ровийларга ҳеч бир муҳаддис қўймаган қатъий талаблар билан ёндашиб ёзганини замондошлари такрор-такрор қайд этган. Шу сабабли ҳеч бир ҳадисшунос Имом Бухорийнинг мартабасига эриша олмаган”.

Дарҳақиқат, ислом тарихига назар солсак, мусулмон уммати Муҳаммад алайҳиссаломнинг муборак ҳаёти ва ислом таълимотини синчковлик билан ўрганган. Улар орасида муҳаддислар султони — Имом Бухорийнинг тутган ўрни беқиёсдир. Унинг “Саҳиҳ ул-Бухорий” тўплами диний аҳкомлар ва ахлоқий кўрсатмаларнинг асосий манбаи сифатида тан олинган. Айнан шу эътироф конференция иштирокчиларининг иккинчи хулосасига йўл очди.

Иккинчи хулоса. Имом Бухорийнинг маънавий мероси, хусусан, “Саҳиҳ ул-Бухорий” асари ислом динининг асл моҳиятини, инсонпарварлик ва бағрикенглик ғояларини ўзида акс эттирган муҳим манбадир.

Ҳақиқатан ҳам, муҳаддисликда “саҳиҳ” йўналиши асосчиси ҳисобланмиш Имом Бухорий минглаб ислом уламоларидан 600 мингдан ортиқ ҳадис тўплаб, улар орасидан 7275 та энг ишончлисини саралаб олиб, “Ал-Жоме ас-саҳиҳ” китобига киритган. Мазкур асар ҳадис тўпламлари орасида энг ишонарли ва мукаммалидир.

Кўплаб муаммоларга ечим топадиган ноёб манба

Малайзиянинг Исломни англаш институти илмий ходими Муҳаммад Мустақим Маликнинг сўзларига кўра, “Саҳиҳ ул-Бухорий”нинг мўътабарлиги шундаки, ушбу асар узоқ ўтмишда ёзилган манба бўлишига қарамай, ундан инсоният бугунги кунда дуч келаётган кўплаб муаммоларга ҳам ечим топиши мумкин. Хусусан, COVID-19 пандемияси тарқалишининг олдини олишда замонавий тиббиёт қўллаётган — “эпи­демия ўчоқларига боришдан сақланиш, ижтимоий масофани сақлаш, касалланганларни алоҳидалаш” каби чоралар Пайғамбаримиз алайҳиссалом томонидан тавсия этилганини кўриш мумкин. Имом Бухорий буни ўз асарига киритиш чоғида келажак авлодларни ўйлаган бўлиши эҳтимолдан холи эмас”.

Нотиқнинг бу сўзлари асарнинг бугунги кун учун ҳам долзарб қиймати, айниқса, бутун жаҳон коронавирус номли кўринмас ёв билан курашаётган айни пайтдаги юксак аҳамиятини ҳам тасдиқлайди.

Моҳият жиҳатидан “Ал-Жоме ас-саҳиҳ” тўплами чин маънода Қуръони каримдан кейин ислом динининг иккинчи муқаддас манбаи ҳисобланади. Ҳадис келтириб, унинг манбаси сифатида Имом Бухорий кўрсатиладиган бўлса, унинг ишончлилиги хусусида ҳеч бир шубҳа қолмайди.

— Имом Бухорий 600 минг ҳадис орасидан энг саҳиҳларини саралаб, уларни иллатлилардан халос этган. Соддароқ айтадиган бўлсак, буюк муҳаддис ҳадисларни “даволаган”, — дейди Туркиянинг Ибн Халдун университети профессори Муҳйиддин Аввома.

Умумий жиҳатдан исломни англашнинг икки асосий усули мавжуд бўлиб, улардан асосийси Қуръонни ўқиш ва ўрганишдир. Имом Бухорий асари орқали исломни инъикос этиш яна бир усулдир. Чунки унда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг энг ишончли суннатлари мужассамдир.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси доценти Маҳфуза Алимова асарнинг юксак қиймати унинг ўқувчи томонидан нисбатан осон ўзлаштирилишида ҳам эканини алоҳида қайд этди: “Олий иснодли ҳадислар ўрганилар экан, Имом Бухорий танлаган усул нақадар мукаммаллигига яна бир бор гувоҳ бўламиз. “Саҳиҳ ул-Бухорий” жоме услубида ёзилган бўлиб, ровийлар эмас, мавзулар бўйича китоблар ва бобларга ажратилгани унинг энг мураккаб, таъбир жоиз бўлса, академик тадқиқот эканини, ўша давргача мисли кўрилмаган журъат ва шижоат самараси бўлганини намоён этади. Меҳнати шу қадар оғир бўлгани учун ҳам ушбу асар жуда қулай ва осон ўқиб ўрганилади”.

Германиялик олимларни ҳайратга солган қўлёзмалар

Конференциянинг иштирокчи меҳмонлари, айниқса, мазкур асар қўлёзмалари сақланаётган мамлакатлар вакиллари улкан тарихий қийматга эга нодир хазина айнан уларнинг ватанида жой эгаллаганидан фахр туйишларини билдирдилар. Германиянинг Лейпциг университети профессори Стефани Бринкман сўзларига эътибор беринг: “Имом Бухорий асарларининг XV асрга оид қўлёзма нусхалари Германиянинг Лейпциг университетида сақланиши биз учун шарафдир. Бу германиялик олимларни янги-янги изланишларга ундайди. Ўрта асрларга оид ушбу қўлёзма асарларнинг мукаммаллиги бизни доимо ҳайратга солади”.

Имом Бухорий аждодимиз экани эса, бизга ифтихор бағишлайди. Шунинг учун асарни ўрганиш, ундаги ҳадислар ва улар моҳиятини ёш авлод онгига етказиш, одамлар маънавиятини айнан шу зийнат билан безаш ҳаммадан ҳам кўра биз учун ғоят қадрли ва алоҳида қийматга эга. Бу эса, конференциянинг учинчи хулосасига асос бўлди.

Учинчи хулоса. Ўзбекистонда миллий ва диний қадриятларни ривожлантириш, тинчликни мустаҳкамлаш, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Таассуф билан айтиш керакки, узоқ йиллар минтақамизда атеизм баланд мавқе тутган сиёсий тузум ҳукмронлиги даврида муқаддас ислом дини ва унинг намояндаларидан бўлмиш улуғ тарихий сиймо — Имом Бухорий шахсияти ва фаолиятига нохолис баҳо берилди. Бу ўша даврда фан ва жамиятнинг ижтимоий тафаккурини бошқариб турган ҳукмрон мафкура талабларидан бири эди.

Шукрлар бўлсинки, Аллоҳ таоло бизга аждодларимиз номи ва уларнинг бой маънавий-маърифий, юксак илмий қийматдаги “Саҳиҳ ул-Бухорий” каби шоҳ асарларини қайтариб берди. Чунки буюк аждодлар мероси, аввало, унинг бевосита авлодларига тегишлидир. Бунинг учун тарихий асослар етарли.

“Тарихдан биламизки, Ўрта Осиёга ислом динининг кириб келиши уммавийлар даврига бориб тақалади. Ўша йиллардан бошлаб, бу шарофатли заминда исломий ва дунёвий илмлар кенг кўламда ривожланди. Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан олимлар нафақат ислом дунёси, балки бутун жаҳон цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшганини алоҳида таъкидлашни истардим. Буюк аждодларингиз илмий-маънавий меросини ўрганиш, тадқиқ этиш бугунги кундаги долзарб вазифалардан биридир”, деди Малайзия халқаро ислом университети профессори Муҳаммад Саид.

Халқимиз асрлар давомида орзу қилган хайрли амал

Бугунги кунда янги Ўзбекистон диний-маърифий соҳада ислоҳотларни изчил давом эттириб, ўз фуқароларининг виждон ва эътиқод эркинлигини тўла таъминлайдиган ва исломнинг инсонпарварлик ва тараққийпарварлик моҳиятини баралла тараннум қиладиган мамлакатга айланди. Юртимизнинг бу борада жаҳон миқёсида ошиб бораётган салоҳияти конференция иштирокчилари томонидан бир овоздан эътироф этилиши билан бирга, ҳамкорликда ҳаётга татбиқ этилиши лозим бўлган амалий таклифлар ҳам билдирилди.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон ўз Президенти раҳбарлигида ижтимоий-маънавий жабҳада миллий анъаналарига содиқ қолган ҳолда, илмни рағбатлантириш йўлида шаҳдам одимламоқда. Биз ислом таълимотини маънавий қадриятларнинг яхлит тизими, муштарак ҳаёт, хулқ-атвор ва фикрлаш тарзи деб қабул қиламиз ҳамда шу тарзда ўз ҳаётимизга чуқур сингдирганмиз. Шунинг учун ислом динининг асл моҳиятини тадқиқ этиш, ундаги эзгуликка йўғрилган ғояларни асл маъносида тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилишидан кўзланган асосий мақсад ҳам шу. Бу эса, ниҳоят, конференциянинг охирги хулосасини келтириб чиқарди.

Тўртинчи хулоса. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг ҳаёти ва илмий меросини тадқиқ этиш, мазмун-моҳиятини дунё жамоатчилигига етказишда ўзига хос плат­форма бўлиб хизмат қилмоқда.

Марказда, одатда, жўшқин баҳс ва мунозараларга бой тарзда ўтадиган бу каби муҳим ва ну­фузли анжуманларга давомли равишда мезбонлик қилиш одат тусига кирган. Шу сабаб иштирокчилар марказ фаолияти ва унинг эришаётган ютуқлари тўғрисида кўплаб маълумотга эга бўлдилар.

— Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини исломий илмий мерос ва, умуман, суннатни муҳофаза қилиш учун таъсис этилган муассаса деб ҳам биламан, — деди Туркиянинг Мармара университети профессори Айше Шеҳяр хоним.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси профессори Зоҳиджон Исломов сўзларига кўра, бугунги кунда 33 мамлакатдаги етмишдан зиёд фондда “Саҳиҳ ул-Бухорий”нинг 820 та қўлёзмаси сақланаётгани аниқланган. Уларнинг нусхаларини жамлаш, тадқиқ этиш ва кенг жамоатчиликка тақдим қилиш Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва бошқа шундай муассасалар олдида турган долзарб вазифа, халқимиз асрлар давомида орзу қилиб келган хайрли амалдир.

Барча иштирокчилар томонидан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирлар ҳаёти ва илмий меросини тадқиқ этиш, мазмун-моҳиятини дунё жамоатчилигига етказишда ўзига хос платформа вазифасини бажараётгани бирдек қайд этилди. Хусусан, анжуман бу йўлдаги хайрли саъй-ҳаракатлардан биридир.

Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг ёрқин натижаларидан мамнунмиз!

Анжуман қатнашчилари Ўзбекистонда миллий ва диний қадриятларни ривожлантириш, тинчликни мустаҳкамлаш, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш борасидаги ислоҳотларнинг ёрқин натижаларига юксак баҳо берди.

Иштирокчилар Имом Бухорийнинг бой илмий-маънавий меросини, ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссасини чуқур ўрганиш, аллома асарларини таржима қилиш ва шарҳларини ўрганиш асосида тарбиявий аҳамиятга доир туркум рисолалар чоп этиш, “Саҳиҳ ул-Бухорий” асарининг хориж фондларида сақланаётган қадимий қўлёзмаларни аниқлашни давом эттириш, уларнинг имкон қадар мукаммал тўлдирилган каталогларини яратиш ва халқаро кўргазмалар ташкил этиш борасида ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан амалий таклифларни илгари сурдилар.

Шунингдек, улуғ аллома ва мутафаккирларнинг илмий-маънавий мероси асосида ёш авлодни ёт ва бузғунчи ғоялар таъсиридан ҳимоя қилишга қаратилган халқаро анжуманлар ташкил қилиш, Ўзбекистоннинг диний-маърифий соҳани ривожлантириш, мутаассиблик ва экстремизмга қарши курашдаги ижобий тажрибасини оммалаштириш ҳам мақсадга мувофиқ экани таъкидланди.

Юқорида баён этилганларни инобатга олиб, иштирокчилар томонидан келгусида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, диний-маърифий мавзуларга бағишланган халқаро анжуманлар ўтказиш, Имом Бухорий илмий меросини чуқур ўрганиш, мазмун-моҳиятини дунё жамоатчилигига етказиш, аллома қаламига мансуб асарларнинг қадимий қўлёзмаларини авайлаб-асраш ва келажак авлодга етказишга доир тадбирларни ўзаро ҳамкорликда амалга оширишга келишиб олинди.

Анжуман ниҳоясида “Саҳиҳ ул-Бухорий” асарининг  жаҳон   кутубхоналарида  сақланаётган қадимий ва нодир қўлёзма нусхалари” мавзуидаги халқаро конференциянинг якуний баёноти қабул қилинди.

Сўз якунида конференциянинг яна бир иштирокчиси, Қозоғистондаги Абу Ҳанифа илмий-тадқиқот маркази директори, профессор Шамшиддин Каримнинг анжуман давомида билдирган қуйидаги фикрларини келтириш ўринлидир: “Аллома тўплаган ҳадисларда меҳр-оқибат, инсонпарварлик, ота-она ва катталарга ҳурмат, Ватанга муҳаббат, ҳалоллик ва бағрикенглик каби фазилатлар, ёш авлод учун тарбиявий аҳамиятга эга бўлган ўгитлар кенг ўрин олган. Сирасини айтганда, аллома асарлари бугунги кунга қадар мусулмон дунёси учун маънавий-ахлоқий қўлланма бўлиб хизмат қилмоқда ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади”.

Шерзод МАМАТОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази матбуот котиби
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси
2021-йил 23-июл, №147(403)

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг