ОНАСИНИ КЎРИБ, ҚИЗИНИ ОЛ!

0
382

Тарбияда танаффус бўлмайди

Қадимдан аждодларимиз фарзанд тарбиясига жуда катта эътибор берганлар. Бахтиёр оила ва солиҳ фарзандлар кўришни орзу қилмаган инсон бўлмаса керак. Динимиз кўрсатмаларида бўлғуси келинни танлашга алоҳида эътибор қилинади. Келажакда туғилажак фарзандларга муносиб она танлаш ҳақида фарзанд ҳали туғилмасидан қайғурилади.

Ойша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фарзандларингизга муносиб онани ихтиёр қилинглар”, деганлар. Фарзанднинг имон-эътиқодли, одобли, илмли, меҳнатсевар ва соғлом бўлиб ўсиши кўп жиҳатдан онасига боғлиқ. Айниқса, қиз бола тарбияси ва камолотида онанинг ўрни беқиёс. Зеро, қиз бола бўлажак она ҳисобланади.

Қиз бола тарбияси шунчалар муҳимки, инсон фарзандлари учун совға олса, уни тарқатишни аввало қизларидан бошлаши ҳақида кўрсатмалар бор. Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий “Танбеҳул ғофилийн” асарида қуйидагини нақл этган: «Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: “Ким бозордан фарзандларига ҳадя келтирса, у садақа қилган киши каби бўлади, ҳатто уни уларнинг оғзига солади. Тарқатишни қизлардан бошласин, чунки Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган киши кабидир. Ким Аллоҳдан қўрқиб йиғласа, уни Аллоҳ кечиради. Ким қизлари билан хурсанд бўлса, Аллоҳ қиёмат куни уни хурсанд қилади”.

Қиз боланинг кўнгли нозик бўлганлиги сабабли унга алоҳида меҳр кўрсатилади, ҳар томонлама таълим-тарбия берилади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда: “Фарзандларингизга таълим беринг, чунки улар сизники бўлмаган вақт учун туғилганлар”. Демак, ҳар бир ота-она боланинг ўз замонасининг илм-фанини эгаллашига бефарқ қарамаслиги керак.

Оилада қиз бола тарбияси аёлга, онага ишониб топширилади. Қизлар оила сабоқларини бобо-бувисидан, ота-онасидан, ака-опаларидан, қўни-қўшниларидан, жамики маҳалладошларидан олади. Тарбияда энг масъулиятли вазифа онага топширилар экан, онажонларимиз бу жараёнларга янада эътиборли бўлиб, қизларининг соғлом униб-ўсиши, илму ҳунар эгаллаб, одоб-ахлоқ, ибо-ҳаёда ҳам бошқаларга ўрнак бўлиши лозим.

Қиз болага илм ўргатишдан ташқари, касбу ҳунар эгаллашига кўмак бериш, пишириш, тикиш-бичиш, бола парваришлаш, қўйингки, кундалик турмушда зарур бўлган билимлар билан доимий таништириб бориш лозим. Тарбия жараёнидаги энг муҳим восита бу – меҳр ва ширинсўздир. Бу икки восита нозик қалб соҳибаси бўлган қиз боланинг кўнглига йўл топиш, уни авайлаб парваришлаш учундир.

Отанинг ҳам қизига бўлган муҳаббати ва эътибори онаникидан кам эмас, албатта. Бу борада Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан 1400 йил аввал минбарда: Қизим менинг бир парчам. Уни нотинч қилган мени нотинч қилибди. Унга азият берган менга азият берибди.

Ривоят қилинишича, кунларнинг бирида Луқмони Ҳаким бир онанинг қизига қилаётган насиҳатини эшитиб қолибди: “Қизим сен балоғат ёшига етиб қолдинг, эртага бировнинг ҳасмига айланасан. Менинг уйимга эса меҳмонга келасан, холос. Сен яхши ҳаёт кечираман, обрў-эътиборли бўлиб юраман десанг, қайнонангни ҳурмат қил, барчадан эрта тур, ҳаммадан кеч ёт, қўлинг эгри бўлмасин, бошингга қилич келганда ҳам рост гапир, ёлғончи, иккиюзламачи, чақимчи, ғийбатчи бўлма. Қайнонангни, оила аъзоларингни ёмонлама. Зийрак, доно, ақлли бўл!”

Шунда Луқмони Ҳаким “Онасини кўриб қизини ол, арқоғини кўриб бўзини ол”, деганлари шу бўлса керак деб, йўлида давом этибди.

Қиз келин бўлиб тушган хонадонда тиниб-тинчиб яшаши учун ҳаммага чиройли муносабатда бўлиши лозим. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Фуссилат сураси 34–35-оятларда бундай марҳамат қилади: “Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ёмонликни) гўзалроқ (муомала) билан даф этинг! (Шунда) бирдан сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ (қалин) дўстдек бўлиб қолур. Унга фақат сабрли зотларгина эришурлар, унга фақат улуғ насиба эгасигина эришур”.

Зулайҳо СОАТОВА,

Тошкент шаҳар бош имом-хатибининг

хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг