ОЙЛАР СУЛТОНИ ТАШРИФ БУЮРМОҚДА

0
704

 Ўлкамизга улуғ ой, ойларнинг сарвари ва саййиди, ўн бир ойнинг султони, Аллоҳнинг муборак китоби Қуръони карим нозил бўлган ой – Рамазон ташриф буюрмоқда. Барча юртдошларимиз қатори Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги, барча имом-хатиблар номидан орзиқиб кутилган Рамазон билан пойтахт аҳолисини самимий муборакбод этамиз. Аллоҳ таоло ушбу улуғ ойда қиладиган барча ибодатларимизни қабул айласин.

Мустабид тузум даврида халқимиз ўзининг миллий ва диний қадриятларидан айрилган, бундай улуғ кунларда пана жойларда яшириниб ибодатлар қилар, ҳайит намозларини эса қабристон ва тепаликларнинг орқаларида ўқиганини ёши улуғ инсонлар яхши эслашади.

Авваллари Тошкент шаҳрида бармоқ билан санарли масжидларда Қуръони карим хатм қилинар, қорилар Миср, Тркия каби давлатлардан таклиф этилар эди. “Биров билмасин”, дея уч кунда Қуръони карим ўқиб тугатилар эди. Аллоҳга беадад ҳамдлар бўлсин, ҳозир юртимизда 2085 та масжид фаолият юритаётган бўлса, бу йил шулардан 1367 тасида Қуръони карим хатм қилинади.

Мустабид тузумдагидек, “уч кунда хатм қилиб, ҳеч ким билмасин” учун эмас, балки халқимиз, айниқса, ёши улуғ инсонлар қийналмаслиги, Қуръони карим тиловатидан завқ олишлари учун Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг тавсиясига биноан хатми Қуръонлар 27 кундан кам муддатда ўтказилмаслиги белгилаб қўйилди.

Тошкент шаҳридаги 114 та жоме масжиднинг барчасида 27 кун давомида мўмин-мусулмонлар Аллоҳнинг каломини сел бўлиб тинглашади, иншоаллоҳ. Бунинг учун барча шарт-шароитлар яратилди. Масжидларимиз Рамазонга шай ҳолатга келтирилди.

Бундай имкониятлар учун Буюк Раббимизга қанча шукр қилсак кам. Зеро, шукр туфайли неъматлар зиёда бўлишини Аллоҳ таоло ваъда қилган:   «Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир» (Иброҳим сураси, 7-оят).

Ҳозир дунёнинг айрим жойларида урушлар, тўс-тўполонлар, табиий офатлар бўлиб турибди. Рамазонда қилинадиган дуолар, ибодатлар, эзгу амаллар баракоти, шукроналар туфайли Ватанимиз тинч, халқимиз ҳаёти кундан-кунга фаровон бўлиб бормоқда. Дуолар қабул бўладиган пайтлар – ифторлик (оғиз очиш) вақтида, таровеҳ ва Қуръони карим хатмлари асносида барча рўзадор юртдошларимиздан, ёши улуғ отахон ва момоларимиздан Ватанмизга янада равнақ тилаб, жаннаатмонанд юртимиз осмони доимо мусаффо бўлишини Аллоҳдан сўрашларини илтимос қилган ҳолда, барчаларимиз бу ойда бериладиган ажр ва мукофотларнинг мушарраф бўлишимизни, бу йилги Муборак Рамазон ойи юртимизда хайр-барака, сиҳат-саломатликка, тинчлик-омонликка васила бўлишини тилаб қоламиз.

Бу шариф ойни ҳар бир мусулмон яхши кутиб олиб, ҳурмат-иззатини жойига қўйган ҳолда кузатишни орзу қилади. Бунинг учун у, аввало, бу муборак ойнинг хислат ва фазилатларидан хабардор бўлмоғи лозим. Чунки Рамазон йилда бир келиб кетадиган – азиз меҳмон. Уйингизга бирор меҳмон келса, уни яхши кутиб олиб, ҳурматини жойига қўйиб, кўнгилдагидек кузатиш учун бор имкониятларингизни ишга соласиз. Худди шундай Рамазон ойини ҳам иштиёқ ва ихлос билан кутиб олиб, унда қўлимиздан келганича солиҳ амалларни қилишга ҳаракат этмоғимиз лозим. Ҳар бир мусулмон бу ойда ўзининг имон ва ихлосини чархлаб, унга сайқал бериб, эътиқоду имони нурини зиёда қилиб олиши зарур.

Рўза инсонни ҳалолликка-покликка даъват этади, унинг қалбини ғуборлардан тозалайди. Зеро, Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Эй, имон келтирганлар, тақволи бўлишларингиз учун сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза фарз қилинди» (Бақара сураси,183-оят).

Салмони Форсий розияллоҳу анҳу бундай дедилар: «Шаъбон ойининг охирги куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга хутба ўқиб: “Эй одамлар! Сизларга энг улуғ ва баракотли ой соя солиб турибди. У ойда бир кеча бор, у кеча минг ойдан афзалдир. Аллоҳ таоло у ойда рўза тутишни фарз, кечасида намоз ўқишни нафл қилган. У ойда ким бирор-бир нафл амал қилса, бошқа ойда фарз амалини адо қилган билан тенг бўлади. Ким бу ойда бирор фарз амалини адо этса, бошқа ойда етмишта фарз амалини адо қилган билан тенг бўлади. У сабр ойи. Сабрнинг мукофоти эса жаннатдир. Ухайрэҳсон улашадиган ой.  У ойда мўминнинг ризқи зиёда бўлади. Ким у ойда бирор рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилади ва дўзахдан озод бўлади. Шунингдек, унга ҳам рўзадорнинг савобидан камайтирилмасдан савоб берилади”, дедиилар.

Шунда биз: “Ё Расулуллоҳ! Ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб бера олмаймиз-ку”, дедик. Набий алайҳиссалом: “Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир қултум сут ёки бир дона хурмо ёки бир ҳўплам сув билан ифторлик қилиб берган кишига беради. Ким рўзадорнинг қорнини тўйғазса, Аллоҳ қиёматда унга ҳавзи кавсардан бир қултум сув ичиради. Натижада у то жаннатга киргунича чанқамайди”, дедилар».

Рамазони шариф тоат-ибодат, қут-барака, бахт-саодат ойидир. Шунинг билан бирга, бу ойда гуноҳлар ювилажак, тавба-тазаррулар, чин ихлос ва эътиқод ила қилинган дуолар мустажоб бўлиб, қалблар таскин топажак.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Ким Рамазон ойида рўзанинг фарзлигига ишонган ва Аллоҳ таолонинг розилигини истаган ҳолда рўза тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади” (Имом Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қиладилар: “Бу ой шундай ойки, биринчи ўн кунлиги раҳмат, икинчи ўн кунлиги мағфират  ва учунчи ўн кунлиги эса, дўзахдан нажотдир”.

Аллоҳнинг раҳмати тушган қалб эгаси Ҳақдан адашмайди, дунёнинг зеб-зийнатлари ва ҳою ҳавасларига алданмайди, ҳақиқатга хиёнат қилмайди. Шунингдек, Аллоҳнинг раҳмати ёғилган оила эса, албатта, баракотли ва файзли бўлади, унда меҳр-муҳаббат, ўзаро вафодорлик ҳукмронлик қилади.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салллам жума хутбасини ўқиш учун минбарга кўтарилаётганларида уч марта “омин” дедилар. Бу “омин”ларнинг сири сўралганида, Набий алайҳиссалом: «Минбарга чиқаётганимда, биродарим Жаброил амин келди ва қулоғимга: “Рамазонга соғ-саломат етиб келиб, имкониятлари бўла туриб, гуноҳларидан янги туғилган гўдакдек пок бўлмаган кишининг бурни ерга ишқалсин”, деди. Мен “омин” дедим. Кейин: “Ота-онасини  ёки уларнинг бирини ёши улуғликка етганда топса-ю, уларнинг хизматини қилиб, розилигини олмаган кишининг бурни ерга ишқалсин”, дедилар, мен яна “омин” дедим. Кейин яна: “Сизнинг муборак номингизни  эшитиб, салавот айтмаган кишининг бурни ерга ишқалсин”,  деди. Мен яна “омин” дедим».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «“Аллоҳ таоло одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен ўзим берурман, деди. Рўза сақловчидир. Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, мен рўзадорман, десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зотга қасамки, албатта, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан ҳушбўйроқдир. Рўзадорга икки хурсандлик бор. Бири, ифтор вақтида, иккинчиси, Парвардигорга йўлиққанида”, дедилар» (Бешовлари ривоят қилишган).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қиладилар: «Албатта, жаннатда “Раййон” исмли  эшик бор. У эшикдан қиёмат куни рўзадорларгина киради. Улардан бошқа кимса кирмайди. Қаерда рўзадорлар?” деб нидо қилинади. Сўнг рўзадорлар ўринларидан турадилар ва у эшикдан жаннатга кирадилар. Улар кириб бўлганларидан сўнг у эшик ёпилади, улардан бошқа кимса у эшикдан кирмайди».

Бу ой Парвардигори оламнинг абадий туганмас неъмати бўлмиш жаннатига етишишимиз учун берилган улкан бир неъматдир.

Улуғ ойда ҳар бир қилинган амалнинг эвазига 70 тадан 700 тагача савобга эга бўлиш мумкинлиги ҳақида ҳадиси шарифда марҳамат қилинганлар. Бироқ ушбу ойда инсонларга яхшилиқ қилиб, хайру  саҳоват кўрсатиб, улкан савоб ва ажрларга эга бўлишнинг ўрнига халқимизга қийинчилик туғдираётганлар ҳам бор. Афсуски, Рамазон ойи кириб келиши биланоқ озиқ-овқат маҳсулотлаларининг нархини кўтарилишини кузатамиз.

Улардан “Нимага бундай?” деб сўрасангиз, уялмай “рўза келди-да”, дейишади. Аслида, ҳақиқий мусулмон Рамазон ойида ўта саховатли бўлиши лозим. Чунки Рамазон ойи тақвони, тарбияни ўрганадиган ой. Бу ойда ҳосил қилинган тақво, одоб ва тарбия йилнинг қолган ойларида ана шу мўминга ҳамроҳ бўлсин.

Ғарб мамлакатларини кузатсак, ибратли бир ҳолатни кўришимиз мумкин. Улар ўзларининг Рождество, Пасха каби байрамлари арафасида аксарият савдо дўконларида акциялар эълон қилиб, нархларни фоизгача арзонлаштириди. Аслида. бундай ишларда саховатпешалик диний ва миллий қадриятларининг ажралмас қисми бўлган ўзбек халқи бундай ишларда илғор бўлмоғи лозим.

Рамазон ойида инсон ўзини нафсини тарбиялаш мақсадида емоқ-ичмоқдан тийилади. Бизда эса, кимўзарга дабдабали суратларда катта-катта жойларда ифторликлар беришга интилишлар сезилиб қолади. Бу ҳам шаръан дуруст эмас. Чунки Рамазон ойида ифторлик қилиб бераман деб, кўп уриниб, дабдабозликка йўл қўйиб исроф қилаётганимизни ўйламаяпмиз. Ифторликларни ўртача меъёрда қилиб, қолган маблағларимизни қариндошлар орасидаги, маҳалламиздаги муҳтожларга берсак, ана ўша афзалроқдир.

Аллоҳ таоло барчаларимизга бу ойни ғанимат билишга тавфиқ берсин.

Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг