Чироқ ёқиб, ўзингизга ҳам ўт қўйманг…

0
878

 Хурофот – Исломга ёт

 Ҳаётда шундай воқеалар бўладики, ундан ибрат олмасликдан ўзга чора қолмайди.Ойдин хола қорин оғриғидан қаттиқ азоб чекди. Атрофида болалари қанча айланиб-ўргилишмасин, ҳеч нарса кўзига кўринмас, оғриқданеб-ичишни ҳам унутган эди. Ўша изтиробли лаҳзаларда Ойдин хола ҳаётдан қаттиқ нолиб, ҳушини йўқотди. Бир пасдан сўнг ўзига келиб, қўлларини кўкка кўтариб: “Аллоҳим, менинг тавбамни қабул эт, бу ишларни бошқа қилмасликка онт ичаман, Ўзинг мени кечир!” деб тавба-тазарру қилди. Кейинфарзандларини ёнига чақириб, уларни бундай огоҳлантирди: “Ҳеч қачон чироқ ёқтирманглар, ҳовлидаги чироқ ёқилган жойларни қириб ташланглар. Гуноҳларимнинг кўплигидан Аллоҳдан ҳаё қиляпман. Ёққан чироқларим кўзларим, бурнимнинг икки тешиги ва баданимнинг ҳар бир жойини беҳад куйдирди…”

Бу гаплардан ҳамма ҳайратда қолди…

***

Ғайритабиий кучга эга руҳларга эътиқод қилувчилар айрим ҳудудларда ҳали ҳам бидъатларини давом эттиришмоқда. Уларнинг фикрича, бу арвоҳлар кўзга кўринмайди, баъзан эса одам қиёфасига киради ҳам, уларни мозор ва кимсасиз жойларда учратиш мумкин экан.

Минг таассуфки, илм барқ уриб яшнаган, ҳақиқат ва хурофот яққол намоён бўлган бугунги кунда ҳам турли офат-фалокатлардан сақланиш, касалликлардан қутулиш мақсадида арвоҳларга атаб пиликдан ясалган қирқ чироқ ёқиш, уларга бағишлаб турли таомлар пишириш, жонлиқ сўйиш одати,афсуски,баъзи жойларда ҳамон учрайди. Борди-ю, уларга қилаётган ишларининг нотўғрилигини уқтирмоқчи бўлсангиз, бир овоздан: “Ҳа, энди ота-боболаримизданқолган урф-да”, дейишади.

Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 170-оятида буюради: «Аллоҳ нозил этган нарсага (оятларга) эргашингиз!” дейилса, улар: “Йўқ, биз ота-боболаримизни не узра топган бўлсак, ўшанга эргашамиз”, дейдилар. Ота-боболари, борди-ю, ҳеч нарсага ақллари етмайдиган ва тўғри йўлдан юрмайдиган бўлган эсалар-чи?!»

Мазкур тоифа орасида бухурофотларни “эскича” деб номлайдиганлари ҳам  бор. Хурофий ишлар билан шуғулланадиганларни кузатсангиз, намозга сусткаш, лекин ўзларини мусулмон, диндор қилиб  кўрсатишга уринишади.Аслида,ғалати ҳаракатлари билан ботил амалларини беркитмоқчи, дин билан ҳимояланмоқчи бўлишади. Энг ачинарлиси, уларнинг атрофидаги жоҳил кимсалар ушбу амалларни диндан, деган хом хаёлга бориб қоладилар.

Аллоҳнинг улуғ неъмати бўлмиш имон ва ҳидоятга эришиб, эски одатларидан воз кечганларни кўп кўрганмиз. Аммо бидъат-хурофотишлар билан шуғулланиб юрувчиларнинг тавбага эришганларини деярли учратмадик.

Абул Ҳасан Али Надавийнинг “Ал-ақийда ал-исломия ас-сунния” асарида: “Махлуққа сажда қилиш, унга атаб жонлиқ сўйиш, назр қилиш, қийинчиликка учраганда ёрдам сўраш ва уларни ҳар жойда ҳозиру нозир, деб эътиқод қилиш ҳамда Аллоҳдан бошқада ҳам тасарруф қудрати бор, деб ўйлаш – ширкдир”, дейилади.

Умр – Буюк Яратувчи томонидан инсонга берилган ягона имконият. Ана шу имкониятини беҳуда совурган, қўлидаги имонини куфрга алмаштирганларнинг савдоси нечоғли аянчли экани, уларни қай даражада даҳшатли азоб кутаётгани ҳақида Аллоҳ таоло очиқ огоҳлантирган: «… ёнилғиси одамлар ва тошлардан иборат, кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан сақланинг!»(Бақара сураси, 24-оят);«Куфрда бўлиб, кофирлик ҳолида ўлиб кетганларга барчанинг – Аллоҳ, фаришталар ва одамларнинг лаънатлари бўлгай. У ерда (дўзахда) абадий қолурлар, улардан азоб енгиллаштирилмас ва улар (жазо вақтидан) кечиктирилмаслар ҳам»(Бақара сураси, 161–162-оятлар).

Токи ҳаётдан насибадор эканмиз, тавба эшиги очиқ. Ажал эшик қоққач, амаллар эшиги буткул беркилади. Шундай экан, ҳали ҳам кеч эмас, Ўзидан бошқа илоҳ бўлмаган Раҳмон ва Раҳмли Зотнинг тавфиқига шошайлик!..

 

Хосият ҚОСИМОВА

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг