Мазҳабсизлик муаммоси

0
727

Муҳтарам доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратларининг қаламига мансуб ушбу «Мазҳабсизлик – Ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир» китобининг ўзбекча таржимасини ўқиб, таҳрир қилиб чиқиш жараёнида бемазҳаблар билан бўлган муносабатлар ва ҳодисаларни қайта яшаб чиқдим. Улар билан ўзимизда бўлиб ўтган ҳодиса ва муомалаларнинг биздан олдин араб элларида яшаб ўтилганига яна бир карра гувоҳ бўлдим. Ана шу эътибордан ушбу сатрлар орқали бу муаммо ҳақидаги баъзи мулоҳазаларимни тақдим этишни лозим кўрдим.Биринчи мулоҳаза.Алҳи сунна ва жамоага мансуб, тўрт мўътабар фиқҳий мазҳабларга эргашган олимлар ва омиларнинг тинчини бузиб, уларни ташвишга солаётган ҳамда хижолат қилаётган, уларни муҳим ишлардан чалғитаётган катта омиллардан бири – бемазҳабларнинг хуружлари ва кирдикорлари экани.Бу маънони муаллиф доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратлари ўзларининг ушбу китобларида жуда кўп такрорлайдилар. Буни ўқувчининг ўзи ҳам чуқур англаб етиши турган гап. Худди шу ҳақиқатни биз ҳам ўз тажрибамизда бошимиздан кечирдик ва кечирмоқдамиз.Иккинчи мулоҳаза.Алҳи сунна ва жамоага мансуб, тўрт мўътабар фиқҳий мазҳабларга эргашган мусулмонларни паришон қилишда бемазҳаблар турли ҳийла-найрангларни ишга солишлари.Ушбу биз ўрганаётган китобнинг ёзилишига сабаб бўлган ҳодисалар бунинг ёрқин мисолидир. Мусулмонлар оммаси ибодатларини хотиржам адо этиб, тинч-омон яшаб юрган эдилар. Бирдан исм-шарифини ёзишни ва ўзини таништиришни истамаган бир кимса Муҳаммад Султон Маъсумий Хўжандий Маккий (Масжидул Ҳаром атрофидаги мударрис) таълиф қилган, деган ёлғон даъво билан «Мусулмон одам тўрт мазҳабдан бирига эргашмоғи мажбурийми?» деб аталган китобчани тарқатиб юборди. Бу энг катта ҳийла экани очиқ-ойдин кўриниб турган ҳақиқат бўлиб, бемазҳаблар бошқа ҳийлаларидаги каби, бу ишларида ҳам бир неча мақсадни кўзда тутганлар.Биринчи мақсад – оддий кишиларнинг ушбу ҳийлага учиб, мазкур ёзувларга ишонишлари ва Аҳли сунна ва жамоага мансуб, тўрт мўътабар фиқҳий мазҳабларга эргашган уламоларга қарши чиқиб, «Сизлар даъво қилаётган гапларни айнан Масжидул Ҳаромнинг мударриси ёлғонга чиқариб ёзибди», дейишларидир.Иккинчи мақсад – ўз шахсини ясама исм ортига яшириш ва кимлигини билдирмай, танқид ҳамда айбловлардан четда қолиш. Агар ўз гапига содиқ бўлса, асл исмини яширишдан нима фойда?!Учинчи мақсад – танг ҳолатга тушиб қолган пайтда айбни исми ёзилган, лекин ўзи йўқ шахсга ағдариб, қутулиб кетиш. Ушбу ҳақиқат шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратларининг мазкур китобда келган қуйидаги сўзларида ўз ифодасини топган: «Устоз Носир биз аниқ ёритиб берган шу гапларнинг бутунлай аксини ифодалайдиган Хўжандийнинг иборалари борасида «У бухоролик ажам киши бўлганидан, ўз фикрини аниқ баён қила олмаган!» деб уни оқлайди…»Мен эса «Ушбу ҳийлани уюштирганлар бир ўқ билан икки қуённи урмоқчи бўлганлар», дегим келади.Биринчиси – аввал айтиб ўтилганидек, танг ҳолга тушиб қолганда, айбни «ажам»га ағдариб, ўзлари қутулиб қолишлари.Иккинчиси – «ажам»ни айблаш орқали ўзини устун қўйиш. Зотан, айбни «ажам»га ағдараётган «Устоз Носир» – Носириддин Албоний «Хўжандий»ни «бухоролик ажам» дейиши орқали, мен ҳам Бухорийдан устунман, демоқчи бўлган бўлса, ажаб эмас. Чунки воқеаларнинг ривожи айнан шуни кўрсатади. У одам бутун мусулмон миллати муҳаддисларнинг имоми ва амири, дея тан олган Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий раҳматуллоҳи алайҳидан ўзини юқори қўйди. Охир-оқибат, ҳозирга келиб, Албонийнинг ишқибозлари ҳадисларни баҳолашда «Бухорий саҳиҳ, деган» иборасининг ўрнига «Албоний саҳиҳ, деган» иборасини ишлатмоқдалар ва бошқалардан ҳам шундай қилишни талаб қилмоқдалар.Учинчи мулоҳаза.Аҳли сунна ва жамоага мансуб, тўрт мўътабар фиқҳий мазҳабларга эргашган уламолар юксак исломий одоб намуналарининг тимсоли бўлиб келаётганлари.Улар бу одобни ўз устозларидан, улар эса мазҳаб мужтаҳидларидан, улар эса мазҳаббоши имомлардан, улар тобеъинлардан, улар эса саҳобалардан, улар эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олганлар.Аксинча, бемазҳабларнинг беодобликнинг ҳар кўчасига кириб чиқишлари, ўзидан бошқани одам ўрнида кўрмасликлари, ўтгану қолган барча мусулмонларни куфрда, фисқда ва фасодда айблашлари. Уларнинг бу сифатлари ўзларидан бошқа мусулмонларга бўлган ҳасадларидан, кибрларидан ва манманликларидан келиб чиққан бўлса, ажаб эмас.Ушбу китоб саҳифаларида ушбу икки хил кўринишни пайқаб олиш қийин эмас. Бир тараф бирорта кишига озор бериб қўймасликка ҳаракат қилса, иккинчи тараф айнан ўзига мувофиқ бўлмаган ҳар бир кимсага озор бериш пайидадир.Тўртинчи мулоҳаза.Саййид Муҳаммад Ийд Аббосийга мансуб «Таассубона мазҳабчилик – бидъатдир» номли китобнинг асл муаллифлари бошқалар экани ҳақида шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий қуйидагиларни ёзадилар:«Китобнинг муқовасига «Муҳаммад Ийд Аббосийнинг қаламига мансуб…» деб ёзилган эди. Ваҳоланки, китоб унинг қаламига мансуб эмас ва унинг асари ҳам эмасдир. Аниқ биламизки, уни ёзишда шайх Носир, Маҳмуд Маҳдий Истанбулий ва Хайруддин Вонилийлар ҳамкорлик қилишган. Ҳазрат Муҳаммад Ийд Аббосий эса унинг айрим кичик мақолаларини ёзишда иштирок этган, холос.Буни жаноб Маҳмуд Маҳдий Истанбулий эътироф этган. Зеро, у дўстимиз Ҳожи Аднон Тибё билан бўлган махсус учрашувида буни фахрланиб гапирган. Ҳожи Аднон уни кўрганида, ўша китобни берилиб тайёрлаётган экан».Ўз-ўзидан «Қарши тарафнинг бу қилмиши шариатга тўғри келадими?» деган савол туғилади. Худди шу саволни шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий бошқача иборалар билан ифода қилиб, қуйидагиларни ёзадилар:«Ҳурматли муаллифлар бизнинг қуйидаги шаръий саволимизга марҳамат қилиб жавоб беришлари лозим: «Мусулмон одам ўзи айтган гапни бировга тўнкамоғининг ҳукми нима? Бундай одам нима деб аталади? Бу ўринда ишлатилган ёлғонни шариатга мақбул бирор ҳийла билан тўғрилаш мумкинми?…»Сўнгра шайх Бутий ҳазратлари қарши тарафнинг бу қилмишига ҳар бир мусулмоннинг муносабати қандай бўлиши мумкинлигини ўз муносабатлари орқали ифода қиладилар: «Қасам ичиб айтаманки, агар Шофеъий бир гапни ёзиб, кейин уни ўзидан бошқага нисбатини берса ёки бировнинг гапини олиб, ўзиники қилиб айтса, юрагимда унга бўлган ишончим йўқолган бўлар, у нақл қилган бирор бир ҳукмга ё у ривоят қилган бирорта ҳадисга, ёки у ижтиҳод қилган бирорта масалада унга ишонмаган бўлар эдим. Шундай экан, бундай ишни шайх Носир ва Маҳмуд Маҳдийлар қилган бўлса, нима дейиш мумкин?!»Биз бу саволга қуйидаги жавобни беришимиз мумкин: «Бундай ишни шайх Носир ва Маҳмуд Маҳдийлар қиладиган бўлса, «Аллоҳ таолодан қўрқинглар, бандалардан уялинглар», дейиш мумкин, деймиз. Шайх Носирга эса «Сиз муҳаддисликда ҳаммадан пешво эканингизни даъво қилар, ўзингизни имом Бухорийдан устун қўяр эдингиз. Шу иш оддий мусулмон бир ёқда турсин, муҳаддис учун тўғри келадими?» деймиз. «Имом Бухорий ёлғон ҳаракати билан ўз отини алдаётган ровийдан ҳадис ривоят қилишни ўзларига эп кўрмаган эдилар. Сиз эса барча мусулмонлар оммасини алдаб туриб, яна қандай қилиб муҳаддисликни даъво қиласиз?!» деймиз.Бешинчи мулоҳаза.Бемазҳабларнинг ўз мақсадларига эришиш йўлида ҳар қандай услубдан ва ишдан, ҳаттоки ёлғон тўқишдан ҳам қайтмасликлари.Уларнинг бу каби кирдикорларини биз ҳам ўз бошимиздан ўтказганмиз. Биздан олдин бошқа Аҳли сунна ва жамоага мансуб, тўрт мўътабар фиқҳий мазҳабларга эргашган мусулмонлар ва уламолар ҳам, жумладан, шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратлари ва у кишининг падари бузркворлари мулло Рамазон Бутий раҳматуллоҳи алайҳи ҳам бу иллат тўридан омонда бўлмаганлар. Бу ҳақда шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратлари қуйидагиларни ёзадилар:«Бироқ улар ёлғондан тарқатиб юрган гап-сўзлар орасида китобхонга ҳақиқатини очиб беришим керак бўлган баъзи жойлари бор. У ҳам бўлса, падари бузрукворим ҳақидаги гап-сўзлардир (у кишини Аллоҳ асрасин). У киши ҳам мунозарамизда қисман иштирок этган эдилар. Эмишки, ана шу мунозарада отам шайх Носирнинг фикрларини қўллаб-қувватлабдилар ва унга қарши чиқишдан мени қайтарибдилар!Бу миш-мишларга жим қараб туришимнинг оқибати яхши бўлмайди. Йўқса, бу миш-мишлар Дамашқнинг фақиҳи ва тақводор олими шайх Мулло Рамазон уларнинг фикрларини қўллаб-қувватлабди ва бу борада мазҳабсизликнинг энг машҳур даъватчиси билан ҳамфикр бўлибди-да, деган даъволар билан оддий кишиларнинг дилларини анави мазҳабсизларнинг оғган йўлларига жалб қилиш учун бир тузоққа айланиб қолади».Бемазҳабларнинг бу каби кирдикорларидан хабардор бўлганлари учун бўлса керак, шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратлари улар билан бўлган мунозарага гувоҳлар чақирган ва овоз ёзиш ускунаси ёрдамида бўлиб ўтган ҳар бир сўзнинг ёзиб олинишини йўлга қўйган эдилар. Аммо бу чора-тадбирлар ҳам қарши тарафни ёлғон тўқишдан қайтара олмади. Ёлғон тўқилди. Одамлар ичида тарқатилди.Олтинчи мулоҳаза.Қарши тараф Изз ибн Абдуссалом, Ибн Қайюм ва Камол ибн Ҳумомлардан нақл қилган гапларни ўз даъволари – муайян битта мазҳабга амал қилиш ҳаром, ҳамма одамлар бевосита Китоб ва Суннатдан ҳукм олишлари керак ёки айнан биттасини ушлаб олмасдан, мужтаҳид имомларни доим алмаштириб туриш керак, деган даъволарга ҳужжат қилиб келтиради.Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратлари эса қарши тараф бу ишда ҳам қаллобликка йўл қўйганини, олинган иқтибосларда сохтакорлик ишлатилганини аниқ ҳужжат ва далиллар билан фош қилиб ташлайди.Бемазҳабларнинг бу одати ҳаммага маълум, улар ўз фикрларини тасдиқлаш мақсадида турли олимларнинг гапларини ўзлари истаган тарафга буриб нақл қилишлари бор. Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратлари бу китобларида уларнинг нақлларини ва усталик билан қилган найрангларини эринмасдан баён қилиб берганлар.Еттинчи мулоҳаза.Бемазҳаблар ўзларини Ибн Таймия ва Ибн Қайюмларнинг шогирдлари, деб таърифлайдилар ва уларни мақтаб-алқашда чарчамайдилар.Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратлари ушбу китобларида уларнинг бу икки шахсга ҳам зулм қилганликларини исбот этганлар. Бемазҳабларнинг айтаётган гаплари ва қилаётган даъволаридан бир қанчаси айнан Аҳмад ибн Таймия Ҳарроний ва Ибн Қайюм Жавзия роҳматуллоҳи алайҳиларнинг гапларига зид эканини очиқ-ойдин ҳужжат ва далиллар ҳамда икковларининг китобларидан олинган иқтибослар ила исбот қилганлар.Саккизинчи мулоҳаза.Бемазҳабларнинг бир тарафламалиги, ўзидан бошқанинг фикрини қабул қилмаслиги ва ўрганмаслиги.Бу ҳақиқатга мисол тариқасида ўзимиз ўқиб чиққан доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратларининг «Мазҳабсизлик – Ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир» деган китобларидан биргина иқтибос келтирамиз. Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутийнинг саволи: «…Бир вақтда ва бир жойда берилган уч талоқ учта талоқ бўлишига тўрт мазҳаб имомлари иттифоқ қилишган. Буни биласиз. Бунга уларнинг далиллари борлигини ҳам биласиз. Лекин сиз уларни ўрганиб чиқмагансиз. Улар иттифоқ қилган фикрдан воз кечиб, кўнглингиз тусаган фикрни олгансиз. Сиз аввал тўрт имомнинг ҳужжатлари ботил эканига амин бўлган эдингизми?»Қарши тараф пешвосининг жавоби:«Йўқ, мен уларни ўрганиб чиқмагандим. Чунки менда уларга тегишли манбалар йўқ эди».Ушбу биртарафламалик, ўзидан бошқани тан олмаслик барча биз билган бемазҳабларнинг сиймосидир. Улар аввал бошдан ўзларини ҳақ, бошқаларни ноҳақ деб биладилар. Ўзларини ҳидоятда, бошқаларни эса залолатда деб биладилар. Барча нарсаларни ўз қаричлари билан ўлчайдилар ва ҳамма тан олган ҳамда амал қилиб келаётган ҳақиқий ўлчовларни тан олмайдилар.Тўққизинчи мулоҳаза.Бемазҳаблар қўзғаётган ихтилофлар мусулмон уммати учун кони зарар экани.Ҳамма бир тан, бир жон бўлиб, дину диёнат учун, мусулмон уммати фойдаси учун ҳаракат қилиш, кишиларни яхшиликка чорлаш ўрнига бу ишни қўлдан келганича қилиб турган, Аҳли сунна ва жамоага мансуб тўрт мўътабар фиқҳий мазҳабга эргашган уламоларнинг мусулмонлар оммасини ҳидоятга чорлаш борасида олиб бораётган ишларига тўғаноқ бўлаётганлар ва уларни кофир, фосиқ ва фожирга чиқараётганлар нима фойда топадилар?Шу ерда Аҳли сунна ва жамоага мансуб, тўрт мўътабар фиқҳий мазҳаблар йўлини тутган азизларга турли ихтилофлардан четда бўлишни тавсия қиламиз. Қарши томоннинг савиясига тушиб, ўзгаларни кофир, фосиқ ёки фожирга чиқаришни ўзларига раво кўрмасликларини тавсия қиламиз.Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутийнинг «Мазҳабсизлик – Ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир» номли китобига ёзган хотималариislom.uz

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг