Нафсини таниган Роббисини танийди

0
886

Аллоҳ таоло бошқа махлуқотлардан фарқли ўлароқ, инсонга ҳам ақл, ҳам нафс берди. Фаришталарга эса ақл берди, уларда нафс йўқ ва улар ҳаргиз Аллоҳга исён қилмайдилар, доимо тоат-ибодатда бўладилар. Ҳайвонларга бўлса нафс берди, аммо уларда ақл йўқ. Шунинг учун улар нафслари нимани хоҳласа, шунга тобеъ бўлиб яшайдилар. Юқорида айтилганидек, Аллоҳ инсонларга ақл ва нафсни берди. Дунёнинг имтиҳон эканлиги ҳам шундаки, инсон ана шу ақл билан иш тутадими, ёки нафсига эргашадими? Бизга Қуръони каримдан маълумки, нафс инсонни фақат ёмон ишларга ундайди. “Албатта нафс ёмонликларга буюрувчидир”. (Юсуф сураси). Демак, маълум бўладики, инсонга ўз нафси хатарли душмандир. Агар инсон Аллоҳ берган ақлни нафсга ҳоким қилиб, яъни барча ишларни ақл билан бажарса, у инсон фақат ақл билан иш қиладиган фаришталар даражасини топади. Инсон нафс қулига айланиб, ақлини ишлатмасдан фақат нафси нимани хоҳласа шуни қилиб юраверса, ақли йўқ жонзотларнинг даражасига тушиб қолади.Имом Маҳмуд Замахшарийнинг шундай гаплари бор: “Кимки ўз нафси балоси-ю, орзу-ҳаваси домига тушиб қолса, у ўзини ўзи чуқурлик қаърига ташлаши муқаррардир”. Чиндан ҳам инсон аввало ўз нафси устидан ҳукмронлик қила олиши керак. Нима яхши-ю нима ёмонлигини ўйламай, нафси буюрганини қиладиган кишининг онгсиз-ақлсиз мавжудотлардан фарқи қолмайди. Агар тааммул билан мулоҳаза қиладиган бўлсак, инсон ҳаётида учрайдиган кибр, манманлик, хасад, мансабпарастлик, дунёпарастлик, зино, фаҳш ишлар, ғийбат, чақимчилик каби барча маънавий хасталиклар, шу билан бирга тобора хатари кучайиб бораётган кўпчиликнинг бошига бало бўлаётган жиноятлар: гиёҳвандлик, одам савдоси, ўғирлик, қотиллик, товламачилик, фоҳишабозликлар, инсонларни ҳаётда йўлдан оздиришга қаратилган ҳарактлар, турли ёт ғоялар, ҳамда ботил ақидаларни инсонлар онгига сингдириш, оммавий маданият, фаҳш ишларни тарғиб қилиш каби жиноятларнинг барчасининг ортида “нафсга эргашиш” деган бало турибди. Шунинг учун дунёда ҳам, охиратда ҳам нажот топишни истаган одам аввал нафсини таниб олиши ва унинг истакларига асир бўлиб қолишдан эҳтиёт бўлиши зарур.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп дуо қиганлар: “Аллоҳим, мен инкор қилинган ахлоқлардан, амаллардан ва ҳавои нафслардан паноҳ сўрайман”. Яна бир ҳадисларида шундай марҳамат қилганлар: “Хушёр, зийрак киши – у ўз нафсини тергаган ва ўлимдан кейинни ўйлаб амал қиган одамдир. Ожиз эса ўзини ҳавои нафсига эргаштирган ва Аллохдан турли нарсаларни орзу қилган одамдир”. (Термизий, Аҳмад ва Ҳокимларнинг ривоятларидан.)Дарҳақиқат, инсонлар орзу ҳаваслари иккига бўлиниши, яъни ҳам дуёсини, ҳам охиратини ўйлаб яшаши кераклигини тушуниб оламиз. Чунки дунё вақтинча эканлигига, абадий ҳаёт охират эканлигига барчамиз имон келтирганмиз. Ислом динида орзу-ҳавас қилиш яхши, аммо орзу-ҳаваснинг чегарасини билмаслик ёки фақат орзу-ҳавас билан чегараланиб, амални тарк қилиш яхши эмас. Ҳазрати Али разияллоҳу анҳу айтадилар: “Узун орзу-ҳаваслар ҳақдан йироқ қилади, нафсга тобеъ бўлиш эса охиратни унуттиради”. Орзу ҳаваснинг хатарли жиҳати ҳам шундаки, агар орзулар ниҳоятда узун бўлиб, чегараси бўлмаса, бу ҳолат инсонни Аллоҳнинг буйруқларидан чалғитади, яьни ундай кишининг барча мақсад ва ҳаракатлари ўша орзу ҳавасга қаратилади. Натижада Аллоҳни ҳам, унинг буйруқларини ҳам унутади. Буларнинг ҳаммасининг замирида ўша орзу-ҳавас, ўша нафс балоси ётибди.Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни уч таёқни олдилар, биринчисини олдиларига, иккинчисини ёнларига, учинчи таёқни эса узоқроққа отдилар. Сўнгра сўрадилар: “Бунинг нималигини биласизларми?” Саҳобалар: “Аллоҳ ва унинг расули билувчироқдир”, – дейишди. Шунда у зот дедилар: “Мана бу олдимдаги – инсон, ёнимдаги – унинг отаси, узоққа отиб юборганим эса унинг орзу ҳаваслари”.Инсон ўзидан кўп узоқларда бўлган орзу-ҳавасларга етишмоқчи бўлади ва узлуксиз меҳнат қилади. Лекин ажал унга яқинроқ булгани учун, у орзу ҳавасга етмасидан аввал ажал унга етади. Бу ҳадисдан хулоса шуки, инсон орзу-ҳавас деб, ёки нафс сабаб фақат дунё ташвиши билан чегараланиб қолмасин, балки дунёси билан бирга охиратнинг ҳам ташвишини қилсин. Ан-назиат сурасида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Кимки Роббисининг мақомидан қўрққан ва ўз нафсини ҳаволаниб кетишидан қайтарган бўлса, бас, албатта, жаннат ўрин бўладир”.Ҳазрати Умардек улуғ зот қадр-қиммати баланд бўлишига қарамай, ўз нафсларини доим шубҳа остига олардилар ва тергаб турардилар. Мана шундай нафснинг душманлигини билган ва доим уни тергаган киши Аллоҳга яқин кишидир.Нафс кўйига тушиб ўзимизни ҳам, Аллоҳни ҳам унутиб яшашликдан Аллоҳнинг ўзи асрасин.Ўткир ҲакимовТошкеннт шаҳар “Усмон ибн Мазъун” жоме масжиди имом хатиби

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг