Ҳазрат Навоий ёди

0
679

Буюк шоиримиз Алишер Навоий ҳазратларини тилга олар эканмиз, у кишининг аввало Ислом шоири эканларини таъкидлаш жоиз. Ҳазрат Навоийнинг ижодлари билан танишган, асарларини холис ўрганган ҳар қандай билимли одамнинг ушбу хулосага келиши аниқ. Афсуски, даҳрийлик тузумининг қора булутлари халқимизни ушбу ҳақиқатни кўришдан узоқ йиллар тўсиб келди. Ачинарлиси, олам узра илм қуёши порлаб, унинг нурафшон зиёсида кўпчилик кишилар ҳақиқат қояларини кўриб турган бир пайтда, ҳали-ҳануз ўша қора булутлар сояси кўзидан аримаган айрим кимсалар эски сафсаталарини бозорга солишдан тўхташгани йўқ. Улар ҳали ҳам улуғ сўфий, зоҳид, олим Низомиддин Алишерни шаҳвоний ишқ-муҳаббат ва айшу ишрат куйчиси ўлароқ таърифлашни қўмсаб туришипти, ҳақиқатни тан олгилари келмаяпти. Уларга Навоийнинг аслида қандай инсон бўлгани эмас, балки улар истагандек инсон бўлиши муҳимдек. Шунинг учунми, улар Навоийнинг шахсияти билан ҳам қизиқишмайди, балки Навоийни ўзлари истагандек шаклда чизишни, тасвирлашни хоҳлашади, доимо шунга интилишади.

Бошқа бир тарафда бор ҳақиқатни англаб етган бўлса-да, негадир унинг ошкор бўлишини истамай турган адабиётшунослар ҳам борлиги кишини янада ҳайратга солади. Аммо, қувонарлиси, бу каби дилхираликлар йилдан-йилга камайиб, кўпчилик ҳақиқатни аста-секин англаб етиб бормоқда. Бир қатор адабиётшунос олимларимиз томонидан Навоий ижодини холисона ўрганишга тарғиблар, ҳаракатлар бўлди ва бўлиб турибди. Бу борада Азизхон Қаюмов, Алийбек Рустамий, Иброҳим Ҳаққул, Нажмиддин Комилов, Суйима Ғаниева каби навоийшуносларимизнинг қилган катта ишларини эсга олиш жоиз. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Аҳмад Муҳаммаднинг яқиндагина тақдим этилган «Буюк Ислом шоири» номли мақолалари ҳам шу йўлда ташланган шахдам қадамлардан бўлди.

Алишер Навоий ўз асарларида тасаввуф таълимотларини, бошқача қилиб айтганда, ички фиқҳни акс эттириш билан бирга, зоҳирий фиқҳ борасида ҳам қалам тебратган. Чунки тасаввуф фалсафасини ҳамма ҳам яхши тушунавермайди, уни асосан ушбу илмда етук билимга ва тажрибага эга бўлган кишиларгина англай биладилар. Шу боис, буюк шоир омма, халқ истифода қилиши учун соф шаръий кўрсатмаларга доир асарлар ҳам ёзган.  Бу маънода унинг энг кўзга кўринган асари, шубҳасиз, «Арбаъин» китобидир.

9-ҲАДИС.

 عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «لُعِنَ عَبْدُ الدِّينَارِ لُعِنَ عَبْدُ الدِّرْهَمِ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Динорнинг қулига лаънат бўлсин! Дирҳамнинг қулига лаънат бўлсин!» дедилар».Термизий ривоят қилган. Раҳмат озодағаки ул олмас,Даҳр динору дирҳамин ғамға.Лек лаънат ангаки қул бўлғай:Хоҳ динору хоҳ дирҳамға.Дунёнинг динору дирҳамларини ўзига ғам қилиб ортиб олмаган озода кишига раҳмат бўлсин! Лекин динор ёки дирҳамга қул бўлган кишига лаънат бўлсин!

10-ҲАДИС.

 عَنْ خَالِدِ بْنِ الْوَلِيدِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ:  أُحِبُّ أَنْ يُوَسَّعَ عَلَيَّ فِي الرِّزْقِ، قَالَ: «دُمْ عَلَى الطَّهَارَةِ يُوَسَّعْ عَلَيْكَ فِي الرِّزْقِ». أَخْرَجَهُ السُّيُوطِيُّ.

Холид ибн Валид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Мен ризқим кенг бўлишини истайман», деди. У зот: «Доим таҳоратли юр, ризқинг кенг қилинади», дедилар».Бу ҳадис мўътабар ҳадис китобларида учрамайди. Уни Жалолиддин Суютий ўзининг «Жомиъул-аҳадис» номли асарида келтирган. Айрим уламолар уни салафларнинг сўзларидан деб нақл қилишган. Гар ҳамиша таҳоратинг бўлса,Ориғай фоқа чирки ул сувдин.Тоҳир ўл, истасанг фузун рўзий,Хосир улким йитурди бул сувдин.Агар ҳамиша таҳоратинг бўлса, камбағаллик кири унинг суви сабабли сендан аригай. Агар ризқ-рўзинг ортиқ бўлишини истасанг, таҳоратли бўл. Чунки бу сувдан узоқ бўлган киши зиён кўрадир.

11-ҲАДИС.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَالَ: «لَا يُلْدَغُ الْمُؤْمِنُ مِنْ جُحْرٍ وَاحِدٍ مَرَّتَيْنِ». مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин бир тешикдан икки марта чақилмайди», дедилар».Муттафақун алайҳ. Эйки, бир неш етти музийдинКўнглунга, гарчи ўз эса, ётла.Чунки мўминни тишламас ҳаргиз,Бир тўшукдин йилон ики қатла.Эй инсон! Агар сенга бирор озор етказувчидан кўнглингга бир тикон санчилса, гарчи у ўзингники бўлса ҳам, уни ўзингдан узоқ қил. Чунки мўминни ҳаргиз бир тешикдан илон икки марта чақмайди.

12-ҲАДИС.

 عَنْ عَلِيٍّ وَعَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ:  «الْعِدَةُ دَيْنٌ». رَوَاهُ الدَّيْلَمِيُّ وَالطَّبَرَانِيُّ وَابْنُ عَسَاكِرَ.

Алий ва Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ваъда қарздир», дедилар».Дайламий, Табароний ва Ибн Асокирлар ривоят қилган. Кимки ҳар кимга ваъдае қилди,Шарт эрур ваъдаға вафо қилмоқ.Ваъдаким қилдинг ўйладурким дайн,Фарздур қарзни адо қилмоқ.Ким бировга бирор ваъда қилса, ваъдага вафо қилиши шарт. Қилган ваъдангни қарз деб бил. Қарзни адо этиш эса фарздир. Муаллиф бу ерда ҳадиснинг бир бўлагини келтириш билан чекланган. Ҳадиснинг тўлиқ шакли эса қуйидагича: «Ваъда қарздир. Ваъда қилиб, кейин хилоф қилган кишига вой бўлсин! Ваъда қилиб, кейин хилоф қилган кишига вой бўлсин! Ваъда қилиб, кейин хилоф қилган кишига вой бўлсин!»

13-ҲАДИС.

 عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «الْمَجَالِسُ بِالْأَمَانَةِ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ وَالْبَيْهَقِيُّ.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мажлислар омонатдорликдир», дедилар».Абу Довуд, Аҳмад ва Байҳақийлар ривоят қилган. Қайси мажлисдаким эшитсанг сўз,Билгил ул сўз санга амонатдур.Гар ани ўзга ерда нақл этсанг,Ул амонатға бу хиёнатдур.Қайси бир мажлисда бирор сўз эшитсанг, билгилки, бу сўз сенга омонатдир. Агар уни бошқа бировга етказадиган бўлсанг, бу – омонатга хиёнатдир.Ҳазрат Навоий бу ерда ҳам ўз одатига кўра узун бир ҳадиснинг маълум қисмини келтирган. Ҳадиснинг тўлиқ шакли қуйидагича: «Мажлислар омонатдорликдир. Фақат учта масжлис мустасно: ҳаром қон тўкиш ёки ҳаром фарж ёхуд ноҳақ мол ўзлаштириш».Демак, ноҳақ қон тўкиш, зино ва ўғирлик каби жиноятларга гувоҳ бўлган киши кўрганини омонат деб билиб яшириб юрмаслиги керак, балки уни керакли кишиларга етказиши лозим.

14-ҲАДИС.

 عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «الْمُسْتَشَارُ مُؤْتَمَنٌ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ وَالْحَاكِمُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Маслаҳат сўралган киши ишонилган одамдир», дедилар». ғализ, тушунарсиз. таклиф: “Маслаҳат сўралган киши ишончга сазовордир”Термизий, Насоий, Ҳокимлар ривоят қилган. Ҳар кишиким бировни маҳрам этиб,Машваратда аминироз эттиГар яшурди билиб салоҳ сўзин,Ўзини қалбу ҳийласоз этти.Ким бировни ўзига маҳрам тутиб, маслаҳат қилишга муносиб рост сўзлайдиган ишончли одам деб қабул қилса-ю, у бундан тўғри сўзни яширадиган бўлса, у ўзини қаллобу ҳийлагар этган бўлади. Имом Бухорий «Адабул-муфрад»да ушбу ҳадиснинг номига бир боб очиб, унда қуйидаги ривоятни келтирган:«Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимдан бир мусулмон биродари маслаҳат сўраганда унга нотўғри йўл кўрсатса, унга хиёнат қилибди», дедилар».

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг