Номини биламан, таъмини эса…

0
420

Дарвеш Абу Ваҳоб хожасининг ҳузурига кираркан, лагандаги олмаларга кўзи тушди. Меваларни қўлга киритиш учун моҳирона йўл тутди: 

– Хожам, лагандаги нарсалар нима?

– Буларми? Эй Абу Ваҳоб, наҳотки билмасанг?

– Номини-ку биламан, таъмини эса…

– Майли, биттасини олақол.

“Ўшанда Биз уларга иккита элчини юборганмиз” (Ёсин сураси, 14-оят).

Ушбу оятдан дарвешнинг яна бир олма олиш истагида эканини тушунган хўжайин: “Иккинчисини ҳам олгин”, деди.

“Учинчи элчи билан қувватлантирдик” (Ёсин сураси, 14-оят).

– Учинсини ҳам олгин.

“Тўртта қушни олиб, ҳузурингга жамла” (Бақара сураси, 260-оят). 

– Тўртинчисини ҳам олгин. Аллоҳга қасамки, албатта, сени жим қиламан!

– «(Бошқалари) “бешта бўлиб, олтинчилари итларидир”, дерлар» (Каҳф сураси, 22-оят).

– Бу билан бешта олмоқчимисан ёки олтита?!

– Эй хожам, бешинчисини. “Осмонлар ва Ерни олти кунда яратган зотдир” (Ҳуд сураси, 7-оят).

– Олтинчи олмани ҳам олдинг. Энди яна (оят) топа оласанми?

– “(У) етти осмонни қатма-қат қилиб яратган зотдирки…” (Мулк сураси, 3-оят).

– Майли, еттинчи олмани ҳам олгин.

“Саккиз жуфт” (Анъом сураси, 143-оят).

– Саккизинчи олмани ҳам ол.

– “У шаҳарда тўққиз нафар кимса бор эди” (Намл сураси, 48-оят).

– Тўққизта олмани олдинг, бундан кейин-чи?!

– “Ўша роса ўн кундир” (Бақара сураси, 196-оят).

– Ҳа, бу ўнинчи олма!

“Мен (тушимда) ўн битта юлдузни кўрдим” (Юсуф сураси, 4- оят).

– Энди қайси оятни келтирасан?..

“Алббатта, Аллоҳнинг наздида ойларнинг адади – ўн икки ойдир” (Тавба сураси, 36-оят).

– Тугатдингми ёки яна қўшасанми?

– Хожам, агар истасангиз тугатиб қўяман: “Агар сизлардан йигирма нафар сабрли (киши) бўлса, икки юз нафар (душман)ни енгар” (Анфол сураси, 65-оят).

– Икки юз нафарга етдикми?! У ҳолда лагандаги барча олмаларни ол.

– Хожам, сизга фақат шуни айтишим мумкинки: “Биз уни юз минг, балки ундан ҳам кўпроқ (одам)га пайғамбар қилдик” (Соффот сураси, 147-оят).

– Мамлакатдаги барча олмани сенга беришимизга тўғри келади, деб хожа дарвешнинг уддабуронлигига қойил қолди.

Ҳар бир сонга Қуръони каримдан моҳирона жавоб берувчи дарвеш идишдаги ҳамма олмани қўлга киритди.

Араб тилидан Толибжон НИЗОМ таржимаси

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг