Ислом террорни лаънатлайди

0
637

Ислом – тинчлик дини. У тинчлик, сулҳ, омонлик каби маъноларни англатади. Бу номни Аллоҳ таолонинг Ўзи танлаган. Зотан, Буюк Раббимизнинг гўзал исмларидан бири ҳам “Ас-салом”дир. Муқаддас динимиз инсонларни тинч-тотув яшашга, бошқаларга, ҳатто ўзга дин ва мафкура вакилларига ҳам зулм қилмасликка буюради.

Бугун ойнаи жаҳон орқали, интернет сайтлари ёки ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган хабарларнинг аксарияти, афсуски, террорчилик, экстремизм, хунрезлик, қўпорувчилик ҳақида. Баъзан бундай хабарларни ўқишга юрак бетламайди. Бу ишларни қилаётганлар Аллоҳнинг юқоридаги буйруқларига бўйсунмаган разил кимсалардир. Уларнинг жирканч қилмишлари жаҳон давлатлари, хақллари тинчлигига рахна солмоқда.

Ислом террорни, фасод ва бузғунчиликни бутунлай қоралайди, лаънатлайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ер юзида бузғунчилик қилмасликни буюриб: «Аллоҳ эса, фасодни (бузғунчиликни) ёқтирмайди» (Бақара сураси, 205-оят), шу суранинг 60-оятида эса: «Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, Ер юзида бузғунчилик қилмангиз!» деб марҳамат қилган.

Муқаддас динимизни ниқоб қилиб олиб, бегуноҳ, бировга зарари тегмайдиган кишиларни тап тортмай ўлдираётган кишиларни мусулмон дейиш мумкинми?! Ахир, Аллоҳ таоло Моида сурасининг 32-оятида: «Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир», деб марҳамат қилган-ку!

Муфассирларнинг таъкидлашларича, аслида ушбу оят ҳукми Исроил авлодига қарата айтилган бўлса-да, бироқ у барча мусулмонлар учун ҳам тегишлидир. Оятнинг тақозо этишига кўра, Ер юзида фитна-фасод, бузғунчилик, қотиллик, қўпорувчилик, қароқчилик каби разил ишларни қилган кимсалар қилмишларига яраша жазога тортилиши керак.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир аҳдлашган жонни ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидлай олмайди. Албатта, унинг ҳиди қирқ йиллик масофадан келиб туради”, деганлар (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти).

Бошқа бир ҳадисда эса: “Ҳақиқий мусулмон унинг қўлидан ва тилидан бошқа мусулмонга озор етмайдиган кишидир” (Имом Бухорий ривояти), деб марҳмат қилинган..

“Террор” атамаси пайдо бўлганига чорак асрдан ошди. Лекин, мутахассисларнинг таъкидлашича, ўттиз йилга яқин давр мобайнида Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушларида ҳалок бўлганлар сонидан кўра кўпроқ кишилар терроризм, экстремизмнинг қурбонига айланибди.

Террор дастидан минг-минглаб бегуноҳ одамлар ҳалок бўлмоқда, миллионлаб заминдошларимиз ўз уйидан, ватанидан чиқишга мажбур бўлиб, сарсон саргардон юрибди. Минглаб болалар таълим олиш у ёқда турсин, уйсиз бошпанасиз, баъзилар хатто яқинларисиз ёлғизликда, ночор ҳаёт кечирмоқда.

Ана шундай юртдошларимиздан бири гуруҳи бу йил Рамазон ҳайити арафасида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев кўрсатмасига биноан Яқин Шарқ мамлакатларидаги қонли тўқнашувлардан юртимизга қайтарилгани тарихий оламшумул воқеа бўлди.

Террорчилар имон, виждон, ирода каби тушунчалардан маҳрум кимсалардир. Уларнинг насаби ҳам, миллати ҳам, дини ҳам, ватани ҳам йўқ. Улар ўзгаларнинг аниқ режа асосидаги ғаразли мақсадларини кўр-кўрона бажарадиган қўғирчоқлардир. Жаҳоннинг ҳамма ерида террорчи гуруҳлар одатда жоҳил, нодон, эътиқоди суст ё умуман эътиқодсиз, нима мақсадда жиноят қилаётганини англай олмайдиган кишилардан тузилади.

Яқинда “XXI асрда Ислом” номли китобни ўқиб чиқдим. Асарда бугун дунёда содир бўлаётган хунрезликлар, қонли тўқнашувлар, жирканч ишларни амалга ошираётган инсон қиёфасидаги кимсаларнинг асл башараси очиб берилган.

Китоб муаллифи, Кембриж университети илоҳиётшунослик факультети маърузачиси Тимоти Ж. Уинтер (Абдулҳаким Мурод) бундай ёзади: “Айни пайтда жаҳон жамоатчилиги Исломга нисбат бераётган инсон ҳуқуқларининг шармандали поймол қилиниши, ўзга дин ва миллат вакилларига тоқатсизлик ва террорчилик аслида бу динга дахли йўқ тўдаларнинг, мутаассиблар ва кўпинча худобехабар муртадларнинг ишидир. Ақидаси маҳкам, чин мусулмонлар ҳеч қачон террорчиликка қўл уришмаган” («ХХI асрда Ислом», Тошкент, «Шарқ», 2005 йил, 306-бет).

Терроризмга қарши курашувчи мутахассислар: “Террорчиликка қарши курашни учинчи жаҳон урушига тенглаш мумкин. Бу урушнинг алоҳида хусусияти шуки, унда бутун дунё жанг майдонига айланган. Бу инсонларнинг руҳияти ва қалбини забт этиш учун бошланган урушдир”, дейишган.

Адашган, тўғри йўлдан тойганларга ҳақни кўрсатиш ёки маслаҳат бериш муҳимдир. Зеро, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари:

Кўр кетар экан билмай истиқболда чоҳ,

Уни огоҳ этмасанг сендадир улуғ гуноҳ, деганлар.

Мухтасар айтганда, бугун мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик Аллоҳ таолонинг бизга берган буюк неъматидир. Бунга дунё аҳлининг ҳаваси келаётгани рост. Тинчлик ўз-ўзидан қўлга киритилмаганини ёшларга тушунтириш, унинг барқарор бўлишини Яратгандан сўраш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Раҳматуллоҳ САЙФИДДИНОВ,

Юнусобод тумани бош имом-хатиби

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг