ДУОНИНГ ИЖОБАТ БЎЛИШ САБАБЛАРИ

0
1078

Ҳозирги вақтда сир эмаски, дунёни қалқитган, ларзага солган, тош қалбларни-да уйғота олган, тафаккур қилишга ундаган пандемия ташвиши кириб бормаган манзил қолмади десак, муболаға бўлмайди. Аллоҳ таоло ҳеч бир нарсани, воқеликни бесабаб, беҳикмат яратмайди. Аслида буларнинг ҳаммаси инсоният учун берилган етарлича муддатдир. Ахир ҳар бир нарсанинг тўлови бор. Кўрдик, билдик ва ҳис қиляпмизки, энди мукаррам бўлган инсон дунё зийнатларидан бирмунча узоқлашиб, қалбини Ҳақ таолога боғлади, қўллар дуога очилди, кўзлар ёшланди, тиллар ғийбат, фисқу фасоддан кўра зикр, тавбани  кўпроқ сўзлайдиган бўлди. Аллоҳ таолонинг дуо қилувчининг дуосини ижобат этиши ҳақидаги ваъдаси бор. Ва албатта У Зот ваъдасига ҳеч хилоф қилмас.

Таваккул ва умидворлик тавҳид, ақл ва шариат вожиб қилган нарсалардан иборатдир. Мўмин банда сабабларга таваккул қилиб (суяниб) ҳам қолмайди, уларни беҳудага ҳам чиқармайди. Балки Аллоҳга таваккул қилган (суянган) ҳолда, сабаблар Аллоҳнинг иродаси ва изни билан натижали бўлади, деб ҳаракат қилади ва дуода бўлади.

Аллоҳ таоло дуоларни ижобат қилишига далил:

1. «Роббингиз: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман‎…» деди» ояти («Ғофир» сураси, 60-оят).

2. «Қачон бандаларим сендан Мен ҳақимда сўрасалар, бас, албатта, Мен яқиндирман. Дуо ‌‎қилувчи дуо қилганда, дуосини ижобат қилурман» («Бақара» сураси, 186-оят).

3. «Роббингизга тазарруъ ила ва махфий дуо қилинг. Зотан, У ҳаддан ошувчиларни севмас» («Аъроф» сураси, 55-оят).

Ушбу ояти карималарда Аллоҳ таоло мўмин бандаларига дуо қилиш одобларини ўргатмоқда. Дуода тазарруъ – ёлвориш ва махфийлик бўлиши зарурлигини таъкидламоқда.

Худди шу маъно Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам ўз ифодасини топган.

Имом Бухорий ва имом Муслим Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда қуйидагилар баён қилинади: «Одамлар баланд овоз билан дуо қилган эдилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй одамлар, ўзингизга шафқат қилинг, сизлар кар ёки ғайбга дуо қилаётганингиз йўқ. Сиз дуо қилаётган Зот энг яхши эшитгувчи ва энг яқин Зотдир», дедилар».

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яна: «Банда Роббига юзланиб дуо қилмоқлигидан Аллоҳга маҳбуброқ амал йўқдир», деганлар. Ҳар бир мўмин-мусулмонга шундай ҳолат таниш бўлса керакки, у сон-саноқсиз дуо қилиб, ҳар бир намозида Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан ихлос билан ҳожати раво бўлишини сўрайди-да, лекин ҳеч нарса олмайди. У: «Нимага Аллоҳ дуоларимни жавобсиз қолдиряпти?» деб савол бера бошлайди. Биринчидан, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло дуоларингизни шак-шубҳасиз эшитмоқда. Аллоҳ эшитгувчи, кўрувчи Роҳийм Зотдир.

Модомики, дуоларимиз мустажоб бўлмаяпти, демак, Аллоҳнинг иродаси шудир. Эҳтимол, сўраётган нарсамиз биз учун зарарли бўлиб, бизни бахтли қила олмас. Бизнинг билимимиз чегараланган бўлиб, Аллоҳнинг илми ва раҳмати чексиз ва кенг қамровлидир. Дуолар қабул бўлмаслигининг баъзи сабаблари ҳадисда «Банданинг дуолари ижобат бўлаверади, токи у гуноҳ нарса сўрамаса, силаи раҳмни тўхтатмаса ва шошқалоқлик қилмаса» деб келган. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан инсон қандай қилиб шошқалоқлик қилди деб сўрашганида: «Сизнинг бирортангиз, модомики, шошилиб дуо қилдим, ижобат бўлмади деб айтса», дедилар.

Мўмин дуо қилаётганда нима бўлиши ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин гуноҳ аралаштирмасдан, қариндошлик ришталарини узмасдан дуо қилса, албатта, Аллоҳ таоло унга бунинг сабабидан уч хислатдан бирини беради: унинг сўраганини тезда беради ёки сўралган нарсанинг мислича яхшиликни унинг учун сақлаб қўяди ёки сўралган нарсанинг мислича ёмонликни ундан буриб қўяди», деб айтганлар (имом Аҳмад ривояти).

Аллоҳ таолони кўп зикр қилган киши бутун ҳаётида, ҳатто уйқусида ҳам ибодат билан машғул бўлган ҳисобланади. Зеро. Роббимиз Ўз Каломи шарифида «Мен инсонлар ва жинларни фақат менга ибодат қилишлари учун яратдим» (Зориёт, 56), деган.

Аллоҳни кўп зикр қилган киши ҳар қандай қийинчилик ва машаққатдан нажот топади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло имон келтирган, Ўзининг амрларига итоатда бўлиб, қайтарган нарсаларидан сақланиб, парҳез қилган бандалари ҳақида бундай марҳамат қилади: «Улар имон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлинг, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур» (Раъд, 28).

Қуръони каримнинг ўн учта сурасининг ўн олтита оятида Аллоҳ таолони кўп зикр қилишга буюрилган. “Зикр”нинг луғавий маъноси “Аллоҳни ёдга олиш”дир. Аллоҳни кўп зикр этган банданинг қалби покланади, имони мустаҳкамланади, дуолари ижобат бўлади, ихлоси ортади. Абу Саид Худрий ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар: «Қайси бир қавм (жамоа) Аллоҳнинг зикри учун йиғилса, уларни фаришталар тавоф қиладилар, уларга Аллоҳнинг раҳмати ёғилади, уларнинг даврасига сакинат (осойишталик) тушади, Аллоҳ уларни Ўзига яқин фаришталар билан бирга ёд этади» (имом Муслим).

Аллоҳга тасбеҳ, такбир, таҳлил айтиш, ҳамд, шукр келтириш, дуо ва салавотлар айтиш, Қуръон тиловат қилиш, намоз ўқиш, рўза тутиш, закот, садақа ва инфоқ қилиш ҳамда ҳаж ва умра қилиш айни зикрдир.

Шуни билиш лозимки, инсон нафас олар экан, жисми бу ёруғ дунёни ҳис этар экан, демак, унда имкон бор. У учун тавба ва раҳмат эшиклари очиқ. Кўп бора таъкидланётган нарсани яна бир бор эслатсак: Аллоҳ биз учун ирода этган бу синовни масъулият билан, тафаккур билан енгиб ўтайлик. Биздан талаб этилгани шуки, уйда қолиб дуо ва зикрларда бардавом бўлайлик ва ён-атрофимиздаги инсонларга ҳам бу ҳақда эслатишдан эринмайлик. Аллоҳ таоло бизга ўргантгани каби: «Эслатинг! Зеро, эслатма мўминларга манфаат етказур».

Акбарали МАМАТОВ,Мирзо Улуғбек тумани бош имом-хатиби

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг