Қодир бўла туриб закот бермаганлар

0
958

Киши закотни бермас экан, Аллоҳ ваъда қилган ютуқларга эриша олмайди, жаннатга кира олмайди, ҳидоят топа олмайди. Аллоҳ таоло айтади: “Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида хушу қилувчилардир. Улар беҳуда нарсалардан юз ўгирувчилардир. Улар закотни адо қилувчилардир” ;(Муъминун сураси, 1-4-оятлар) 

“Мўминлар учун ҳидоят ва хушхабардир. Улар намозни тўкис адо этадиган, закотни берадиган ва охиратга қаттиқ ишонадиганлардир” .(Намл сураси, 2-3-оятлар) 

Имкони бўла туриб закот бермаганлар Аллоҳ таоло айтган қуйидаги мўминларнинг сафига қўшила олмайдилар: “У муҳсинларга ҳидоят ва раҳматдир. Улар намозни тўкис адо этадиган, закотни берадиган ва охиратга ишонч-ла иймон келтирадиганлардир” .(Луқмон сураси, 3-4-оятлар) 

Закот бермаганлар, Аллоҳга яқин тақводор банда бўла олишмайди. Аллоҳ таоло бундай деган: “Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас. Лекин, яхшилик ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, пайғамбарларга иймон келтирса ва яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга берса, намозни қоим қилса, закот берса; Аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчиларга хосдир. Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир” .(Бақара сураси, 177-оят) 

Закот бериш кишини ширкдан ажратади. Қуъронда келади: “Мушриклар ҳолига вой бўлсин. Улар закотни адо этмаслар ва улар ўзлари охиратга куфр келтирувчилардир” .(Фуссилат сураси 6-7-оятлар) 

Закот бермайдиганлар мунофиқларни Аллоҳ таоло бундай сифатлаган: “Қўлларини маҳкам юмарлар”. Яъни, инфоқ қилмаслик уcун қўлларини маҳкам юмиб оладилар. “Доимо ёқтирмай инфоқ қиладилар” .(Тавба сураси, 54-оят) 

Закот бермаганлар Аллоҳ мўминларга ваъда қилган раҳматга лойиқ бўла олмайдилар. Оятларда қуйидагича келади: “Раҳматим эса, ҳамма нарсадан кенгдир. Уни тақво қилганларга, закот берганларга, оятларимизга иймон келтирганларга ёзажакман” ;(Аъроф сураси, 156-оят) 

“Мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрурлар, ёмонликдан қайтарурлар, намозни тўкис адо этурлар, закотни берурлар, ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилурлар. Ана ўшаларга Аллоҳ тезда раҳм қилур” .(Тавба сураси, 71-оят) 

Закотни адо қилмаганлар Аллоҳнинг ҳам, Расулининг ҳам, мўминларнинг ҳам дўстлигига лойиқ эмаслар: “Албатта, сизнинг валийларингиз Аллоҳ, Унинг Пайғамбари ва бўйсунган ҳолларида намозни қоим қилиб, закотни адо этадиган иймон келтирганлардир” .(Моида сураси, 55-оят) 

Закотни бермаганлар Аллоҳ ваъда қилган нусратга эриша олмайдилар: “Албатта, Аллоҳ Ўзига ёрдам берганларга ёрдам берур. Албатта, Аллоҳ кучли ва ғолибдир. Уларга ер юзида имкон берсак, намозни тўкис адо этурлар, закотни берурлар, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарурлар. Ишларнинг оқибати Аллоҳга оиддир” .(Ҳаж сураси, 40-41-оятлар) 

Закотни бермаганларга Аллоҳ таоло дунёю охиратда аламли азоблар борлигини айтган. Олтину кумушларни яшириб қўйиб, Аллоҳнинг буйруғини бажармаганларга охиратдаги азоблари қандай бўлишини қуйидаги оятдан билиб олишимиз мумкин: “Олтину кумушни хазинага босадиган, Аллоҳнинг йўлида сарфламайдиганларга аламли азобнинг башоратини беравер. Бир куни ўша (олтин-кумуш)ларни жаҳаннам ўтида қизитилур ва пешоналари, ёнбошлари, ҳамда орқаларига босилиб: “Мана бу ўзингиз учун тўплаган нарсангиз, бас, энди тўплаб юрган нарсангизни татиб кўринг!” дейилур” .(Тавба сураси, 34-35-оятлар) 

Ёрбек Исломнинг «Исломда бойлик ва камбағалликка муносабат» номли китобидан

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг