Фирқаларнинг пайдо бўлишидаги беш омил

0
1019

Уламолар ҳар бир яхши ва ёмон нарсаларни бошланиш, вужудга келиш тарихи ва сабаблари бўлади, дейдилар. Ҳудди шунингдек, бугунги кун қисматига вабо бўлиб келган турли оқим ва фирқаларнинг пайдо бўлиш тарихи бор. Уларни вужудга келишида кўплаб омиллар хизмат қилган ва қилиб келмоқда. Бу ҳеч кимга сир эмас. Ўша тоифаларни келиб чиқиши ҳақида сўз юритган уламолар  қуйидаги энг катта беш омилни сабаб қилиб, санаб ўтадилар.

Биринчи омил: Ғулув – динда чуқур кетишОяти карима ва ҳадиси шарифларда чуқур кетиш, айниқса, у динга оид бўлса қаттиқ қораланади. Аллоҳ таоло Нисо сураси 171-оятида шундай марҳамат қилади: «Динингизда ҳаддан ошманг». Демак, динда ҳаддан ошиш яхши иш эмас. Ғулув кетиш инсонни фақат ҳалокатга олиб борадиган амалдир.

Динда ҳаддан ошиш қандай оқибатларга олиб бориши ҳадисларда баён қилинган. Жумладан: Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Динда ғулув кетишдан сақланинг. Чунки сиздан олдигилар динда ғулув кетиш билан ҳалок бўлди», – дедилар.Насаий, Ибн Можа ва Имоми Аҳмадлар ривояти. Тарихдан биламизки, ғулув кетганлар ҳалокатга учраган. Улардан ном–нишон ҳам қолмаган. Фақатгина уларнинг жирканч қилмишлари тарих варақларига қонли ҳарфлар билан ёзиб қолдирилган.

Бузуқ тоифаларнинг ҳаммаси ана ўша йўлни тутганлар. Хаворижлар ваъид оятларини тушинишда ғулув кетишди. Улар гуноҳ қилганларни куфрда айблаш – такфир уруғини ерга қадади. Кейин келган авлодлар ҳам ота–боболари экиб кетган уруққа сув қўйиб, уни ўстириб ўзларининг «фарзандлик» бурчларини қойил мақом қилиб бажаришди. Ҳолбуки уларнинг айтган сўзлари асл илоҳий таълимотларга тамомила зид ва тескаридир.«Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқани, кимни хоҳласа, кечиради» (Нисо сураси, 116-оят) Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Роббисидан ҳикоя қилган ҳадиси қудсийда: «Эй одам боласи, ер юзини тўлалигича хатолар билан келиб, сўнгра бирор нарсани шерик қилмай Менга йўлиқсанг сенга ўшанча мағфират билан келаман», деган. Ҳадис саҳиҳдир. Уни Абу Зар розияллоҳу анҳудан Ибн Можа, Термизийлар ривоят қилган.

Улар шу ва шунга ўхшаш шаръий далиллардаги  Аллоҳнинг раҳматидан умид қилиш, тавбага шошилиш ва талаби мағфиратда бўлишдан юз ўгиришди. Бунга уларнинг динга ғулув кетганлари сабаб бўлди. Натижада ҳаммалари ҳалокатга юз тутди.

Иккинчи омил: Бидъатга бидъатнинг мисли ёки ундан шиддатлироқ раддия беришЖаҳолатга қарши жаҳолат билан эмас, маърифат билан курашилади. Жаҳолат эса фақат ёмонлик келтиради.Аллоҳ таоло Қуръонда хасм билан қандай мунозара қилишни баён қилади. «Роббингни йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қил. Ва улар ила гўзал услубда мунозара қил» (Наҳл сураси, 125-оят). Адашганлар эса бу услубдан юз ўгириб, нафси кўйига кирдилар. Натижада жаҳолатнинг аччиқ ситамига рўпара бўлишди. Бидъатга бидъат билан жавоб қайтаришни аламли азобини ҳозиргача тарих унутгани йўқ. Сўзимиз исботи учун баъзи мисолларни келтириб ўтамиз.

Али розияллоҳу анҳу ва у зот билан бирга икки ҳакамни куфрда айбловчи хаворижларга қарши Муржиа деган фирқа пайдо бўлди. Муржиалар: «Улар ҳақида ҳукм қилмаймиз, уларнинг ишини Аллоҳга топширамиз», дейишди. Лекин гап имон билан маъсият зарар қилмайди, куфр билан тоат фойда қилмайди, дейишгача етиб борди.Кейинроқ эса мўътазила фирқаси бошқа «Икки манзил орасидаги манзил» бидъати билан пайдо бўлди. Улар муржиа ва  хаворижлар ўртасидаги ўринга жойлашди.Бир мажлисда Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳга муржиа ва  хаворижларни гуноҳи кабира қилувчи инсон ҳақидаги фикрлари айтилиб, тўғри эътиқод қандай бўлиш кераклиги сўралганда Восил ибн Ато устозидан илгари, шошиб гуноҳи кабира қилган одам икки манзил орасида бўлади, деб бидъатга бидъат билан жавоб берди. Натижада мўътазила фирқасига асос солди. Ўзи эса Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ мажлисидан ҳайдалди.

Жабрийлар эса қадарийлар бидъатига бошқа «жабр қилиш» бидъати билан раддия қилдилар.  Қадарийлар: банда феълини Аллоҳ эмас, ўзи яратади, дейишди. Жабрийлар эса уларга раддия билдирди ва ҳукмни тамомила ўзгартириб юборишди. Улар айтдики: Аллоҳ Холиқ-Яратувчи, Бор қилувчидир. Банда эса қудрати ва ихтиёри йўқ, шамолда учиб юрган пат мисоли ишида мажбурдир. Адашган тоифалар бидъатга бидъатнинг мисли ёки ундан шиддатлироқ бидъат билан раддия бериши натижасида таклиф ва жазони йўққа чиқаришга олиб борадиган бузуқ ақидани пайдо килишди.

Учинчи омил: Бегона, ажнабий таъсирлар Аҳли бидъатларнинг пайдо бўлишида бегона таъсирлар, бошқа дин арбоблари, адашган фирқаларнинг ўрни катта бўлди. Бунга Қадарий ва Жаҳмийларни мисол қилиб олиш мумкин. Қадарийларнинг гапларини биринчи бўлиб Сансвай деган насроний айтган. Ундан Маъбад Жуҳаний таълим олган.Жаҳмийларнинг қарашлари эса Ибн Касирнинг Ибн Асокирдан қилган ривоятида Лабид ибн Аъсомдан олинган, дейилган.

Тўртинчи омил: Шаръий масалаларда ақлнинг ҳукм чиқаришиАҳли бидъатлар ақида ишларида ақлни нақлдан устун қўйдилар. Натижада ақлнинг ҳукми билан зеҳнларида ўрнашган фикрга хилоф келган ҳар қандай ҳадисни қабул қилмаслик ёки уни таъвил қилиш йўлига ўтдилар. Кейинчалик бу иш кўпгина ҳадиси шарифларни рад қилишга, ровийларга нуқсон етказишга сабаб бўлди. Муҳаддислар саҳоба ва тобеин розияллоҳу анҳумларнинг пешво ва адолатли зотлар эканлигига иттифоқ қилган бўлсалар-да уларни айбладилар. Тўғри, ақл Аллоҳ таолонинг бандаларга берган улуғ неъмати. Шундай экан, ундан оқилона фойдаланмоқ даркор. Инсон ақлни тўғри тамонга йўналтирмас экан адашиб қолиши ҳеч гап эмас. Уламолар ақлни кўзга ўхшатадилар. Кўз девор ортидаги нарсаларни кўрмаганидек, ақл ҳам ҳамма нарсага етавермайди. Инсонларнинг ақллари бир – биридан тафовут қилади. Бири билганни иккинчиси инкор қилади. Бири тасаввур қилганни иккинчиси тасаввур қила олмайди, ваҳоказо… Шундай бўлганидан кейин қайси ақл ҳикматни тутиб уни шаръий ҳақиқатлар учун мезон қила олади?! Модомики, ақлнинг ўзи эътиқоддаги билиш ёки инкор қилиш керак бўлган нарсаларга қодир  бўлса ваҳий нозил бўлишидан нима фойда бўлар эди? Уларнинг мазҳабига кўра ваҳий ҳам ақлга бўйин сунувчи, тобеъ нарсадир. Тутган нотўғри йўллари оқибатида ваҳий орқали нозил бўлган ҳукмларнинг ақлга хилоф бўлганини рад қилиш ёки уни ақлга мувофиқ таъвил қилиш билан машғул бўлдилар.

Бешинчи омил: Фалсафа китобларини араб тилига ўгирилиши. Юнонлар фалсафаси ва васанийларнинг эътиқод китоблари Маъмун даврида араб тилига ўгирилди. Мусулмонлардан бир тоифаси уни ўргандилар. Таржима ва ўрганишлар асносида уларнинг манҳаж ва йўлларига алданиб,  кейинчалик ўша нарсаларни шариат ҳақиқатлари учун мезон қилиб ушлаб олдилар. Китоб ва суннатда келган нас (ҳужжатлар)ни ўша фалсафий қарашларга мувофиқ таъвил қилдилар. Натижада катта бало ва хатарли бурилиш юзага келди. Шаҳристоний ўзининг «Ан ниҳал вал милал» китобида мўътазилаларнинг шайхлари фалсафа китобларини мутола қилганлари, ўша сабабдан уларнинг қараш ва фикрлари  файласуфлар фикрлари билан аралашиб кетганини таъкидлайди.Яна айни ўша китобда Мўътазилани энг катта шайхи Абу Ҳузайл Аллоф баъзи масалаларда фалсафачиларга мувофиқ иш тутганини, уларнинг яна бир йирик намоёндаси Иброҳим ибн Сайёр Наззом эса фалсафа йўлини  тутишда ғулув кетганини айтиб ўтган.

Равшанбек Ўринбоев
Андижон шаҳар «Ҳазрати Билол»жоме масжид имом хатиби/ummat.uz

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг