Ислом дини инсоннинг фаровон ҳаёт кечириши учун барча нарсани баён қилган. Инсоннинг дунё ва охиратда саодатга эришмоғи учун зарур бўлган барча моддий ва маънавий эҳтиёжлари динимизда шаръий ҳукмлар учун асос қилиб олинган. Фиқҳ илмининг қарийб ярмидан кўпини ташкил қилган олди-берди ва муомала масалаларига назар соладиган бўлсак, савдо-сотиқларда мурожаат қилиш ҳалол бўлмайдиган барча муомала турларининг таъқиқланиш негизида инсон манфаатига очиқ-ойдин зид келувчи ҳолатларни бартараф этиш, истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамият вакиллари ўртасида низо келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳар қандай салбий ҳолатларнинг олдини олиш каби олий мақсадлар ўрин олганининг гувоҳи бўламиз.
Гарчи “истеъмолчи ҳуқуқи” деган истилоҳ айни шаклда ХХ асрда пайдо бўлган бўлса-да, аслида, фиқҳнинг муомала бобида истеъмолчи ҳуқуқларининг ҳимояси назарий ва амалий тарзда ўз ифодасини топган. Унинг ҳуқуқларини бузадиган қатор савдо турлари таъқиқланган. Мазкур савдо турларидан бири фиқҳий манбаларда “Ал-иҳтикор” деб юритилади. Иҳтикор айни пайтда “монополия” сўзига муқобил сўздир.
Бироқ иқтисодий назариядаги “монополия” билан фиқҳий истилоҳдаги “монополия”нинг таърифлари орасида ўзига хос тафовут ва фарқлар мавжуд. Бу табиий, албатта. Зеро, фақиҳлар “иҳтикор”га ўз замоналарида ҳукм сурган яшаш тарзидан келиб чиқиб, ўша пайтларда одамлар энг кўп эҳтиёжи тушадиган маҳсулотларга суяниб, таъриф берганлар. Шунингдек, унинг шаръий ҳукми борасидаги сўзларини ҳам, асосан, манбаларга таяниб гапирганлар.
Шу боис замонавий иқтисоддаги “монополия” билан фиқҳий истилоҳдаги “иҳтикор” бир-бирига ҳар жиҳатдан мувофиқ келмаслиги мумкин. Балки, уларнинг ўзаро кесишадиган нуқталари бўлганидек, фарқланадиган нуқталари ҳам мавжуд. Аммо, шуниси аниқки, монополия қайси кўринишда бўлмасин, иқтисод учун зарарлидир. Монополия туфайли истеъмолчи ҳуқуқлари бузилади, жамият ҳаётига зарар етказилади. Қуйида эътиборингизга фиқҳда назарда тутилган монополия (иҳтикор) ва унга оид ҳумкларни ҳавола этамиз.
Иҳтикор сўзининг луғавий ва истилоҳий маънолари
“Иҳтикор” (الاحتكار) сўзининг асли уч ўзак ҳарфдан иборат “حكر” “ҳакрун” сўзидан олинган бўлиб, “зулм қилмоқ”, “камситмоқ”, “ёмон муомала қилмоқ”, “атрофдагиларни машаққатга солмоқ” каби салбий маъноларга далолат қилади. “Ҳакарун” деб ўқисак, унда “нарх ошиши учун бозорга чиқарилмай сақлаб қўйилган озиқ-овқат ва шунга ўхшаш нарсалар” тушунилади.
“Иҳтикор” сўзининг ўзи эса арабча “احتكر” (иҳтакара) феълининг масдари (иш-ҳаракат номи) бўлиб, луғатда “озиқ-овқатларни нарх қимматлашишини кутиб, бозорга чиқармай, сақлаб қўйиш” маъносини англатади.
Шунингдек, замонавий луғат китобларида бироз бошқачароқ таърифларни ҳам учратиш мумкин. Жумладан, “Қомусул-маъоний” китобида “иҳтикор” сўзи қуйидагича таърифланади: иҳтикор – бу товар бозорга кириб келишидан олдин уни кўтарасига (улгуржи) сотиб олиш ва нархини ошириб доналаб сотиш”, “бирор нарсада яккаҳокимлик қилиш бўлиб, иқтисодий соҳада ишлатиладиган бўлса, товар ва хизмат турларида бозор миқёсида яккаҳокимлик қилиш” маъносига далолат қилади ва бу иш, одатда, истеъмолчиларнинг зарарига нархлар ошиб кетишига олиб келади.
“Иҳтикор” сўзига ўзак бўлган “ҳакратун” деган яна бир сўз ҳам мавжуд бўлиб, “у бирор нарсани ёппасига сотиб олиш” маъносига далолат қилади. “Лисонул-араб” қомусий луғат китобида келтирилишича, “ҳакратун” сўзининг асли “жамлаш ва ушлаб туриш” маъносини билдиради.
Иҳтикор сўзининг замонавий иқтисодиёт назариясидаги муқобил варианти бўлган монополия сўзининг луғавий маъноларига қисқача тўхталадиган бўлсак, бу сўз грекча “моно” – “ягона”, “битта” ва “полео” – “сотаман” сўзларидан таркиб топган бўлиб, номланишидан ҳам “бир ўзи сотиш”, “бозорда якка ҳокимлик қилиш” маъноларини англаш мумкин.
Иҳтикорнинг истилоҳий маъноси
Ал-азҳар университети тадқиқотчиси доктор Аҳмад Арафа ўзининг “Аҳкамул-иҳтикар фил фиқҳил-Исламий” (“Ислом фиқҳида монополияга тааллуқли масалалар”) китобида қайд этишича, “иҳтикор” сўзининг шаръий ва истилоҳий маъноси унинг луғавий мазмунидан катта фарқ қилмайди.
Фақиҳ олимлар бу сўзни ўхшаш лафзлар ва бир-бирига яқин маънолар билан таърифлаганлар. Жумладан, Ҳанафий мазҳаби уламоларидан Ҳаскафий “Ад-дуррул-мунтақо”нинг шарҳида шундай дейди: “Иҳтикор шаръан озуқа ва шунга ўхшаш нарсаларни (кўплаб миқдорда) сотиб олиб, уни то нархлар қимматлашгунга қадар (камида) қирқ кун давомида (бозорга чиқармай) ушлаб туришдир. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким мусулмонларга қирқ кун давомида иҳтикор қилса, Аллоҳ уни маҳов касали ва касод бўлиш балосига дучор этади”.
Сўғдий раҳматуллоҳи алайҳ “Фатово”сида иҳтикорни: “У – ўз шаҳридан озиқ-овқатни (кўп миқдорда) сотиб олиб, уни уларга (шаҳар аҳолисига сотишда) монополия қилиб олишдир”, – дейди (“Фатово ас-Сўғдий” 2/486).
Яна бир Ҳанафий олим Акмалиддин Бобартий эса Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ал-Ҳидоя” асарига шарҳ сифатида ёзган “Ал-Иноя” китобида иҳтикорни бундай таърифлайди: “Иҳтикор – озиқ-овқат маҳсулотларини нархлар ошишини пойлаб, (бозорга чиқармай) ушлаб туришдир”.
Юқоридаги таърифлардан маълум бўладики, ҳанафий мазҳабининг аксар уламолари қарашларига кўра, иҳтикорнинг қайтарилган тури озиқ-овқат маҳсулотларига тааллуқли ҳисобланади. Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ иҳтикорни фақат озиқ-овқатларда чекламаган, балки у зот ҳам имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ сингари мусулмонлар эҳтиёжи тушадиган барча нарсада иҳтикор юзага келишини таъкидлаганлар.
Озиқ-овқат маҳсулотлари деганда у ёки бу шаҳарда асосий озуқа вазифасини бажарадиган нарсалар тушунилади. Масалан, дон-дун, ун, гуруч, нон, ёғ, картошка, пиёз каби маҳсулотлар бугунги кунда энг зарурий озуқа ҳисобланади. Аммо аввалги пайтларда озуқа моддаларининг тури ниҳоятда камлиги туфайли уламоларимиз ўша замонда мавжуд бўлган асосий озуқа турларига тўхталганлар, холос.
“Иҳтикор” сўзига берилган таърифларнинг “нархлар қимматлашгунга қадар ушлаб туриш” деган қисми шуни англатадики, иҳтикорда маҳсулотни бозорга чиқармай ушлаб туришдан кўзланган мақсад, катта фойдани кўзлаб, маҳсулотни сунъий равишда қимматлаштириш орқали одамларга зарар беришдан иборат бўлади. Агар бошқа мақсадда бўлса, масалан, одамларга енгиллик туғдириш учун бирор мол турини кўтара (улгуржи) сотиб олиб, кейин уни бозорда нархини оширмасдан сотиш мақсадида сақлаб қўйса, иҳтикор қилган ҳисобланмайди.
Иҳтикорнинг ҳукми
Моликий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳабларида иҳтикор шаръан ҳаром саналади. Ҳанафий мазҳабида макруҳдир. Бу ўринда иҳтикорнинг шаръий ҳукмига нисбатан мазҳабимиз ва бошқа мазҳаблар ҳукмларидаги фарқлар ҳақиқий эмас, балки шаклий ва лафзий фарқлар эканлигини унутмаслик лозим. Моҳият эътибори билан қарасак, иҳтикорнинг ҳукми ҳақидаги фикрлар бир-биридан тубдан фарқ қилмайди.
Зеро, ҳанафий мазҳабида амалда бўлган қоидага кўра, бирор нарсанинг ҳукми борасида фақиҳларимиз томонидан “макруҳ” сўзи мутлоқ айтилган бўлса ҳам, макруҳлик ҳаромга йўналтирилади ва макруҳи таҳримий эканлиги тушунилади. Яъни мазҳабимизда иҳтикорнинг ҳукми “макруҳ” дейилса-да, бу ўринда танзиҳий макруҳ эмас, балки таҳримий макруҳ, яъни ҳаромликка яқин маъносидаги макруҳ тушунилади.
“Иламул-муваққиъийн”да зикр этилишича, Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳ макруҳ деганда ҳаромни тушунганлар, лекин мазкур “ҳаром”га қатъий далил топилмагач (қатъий далил деганда унинг шартлари топилмаган далил), унга нисбатан “ҳаром” лафзини ишлатмаганлар. У зот Имом Абу Ҳанифа ва Имом Абу Юсуфлардан “макруҳ ҳаромга яқинроқдир!” деган сўзларини ҳам ривоят қилганлар.
Шундан билинадики, иҳтикор мазҳабимизда макруҳ дейилар экан, ҳеч қандай гуноҳ ва уқубатга олиб бормайдиган “танзиҳий макруҳ” эмас, балки таҳримий макруҳ (ҳаромга яқин) ирода қилинади. Бу сўз билан “ҳаром” сўзининг орасида катта фарқ йўқ. Фақат иҳтикор ҳақида Қуръон ояти ёхуд мутавотир санадли ҳадис ривоят қилинмаганлиги учун ҳамда иҳтикор ҳақидаги ривоятларнинг аксари заиф ҳисобланганлиги боис уламоларимиз унга нисбатан “макруҳ” сўзини ишлатганлар. Мақсадлари эса таҳримий макруҳ бўлган. Зеро, одамларга зарар етказиш, уларни танглик ва машққатга қўйиш ҳалол ҳисобланмайди.
Иҳтикор қандай нарсаларда вужудга келади?
Ҳанафий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳабларида иҳтикор фақат озиқ-овқат маҳсулотларида вужудга келади. Озиқ-овқат дейилар экан, аҳолининг эҳтиёжи тушадиган асосий озуқа турлари назарда тутилади. Қадимда озиқ-овқатнинг тури камроқ бўлган. Ғалла, дон-дун, хурмо, майиз, ақт ёки ақит деб аталувчи пишлоққа ўхшаш нарсалар асосий озуқа маҳсулотларини ташкил қилган.
Иҳтикорнинг ҳадиси шарифларда қораланиши
Маъмар ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фақат хатокор (осий) кимсагина иҳтикор қилади”, – дедилар” (Имом Муслим ва Ибн Можжа ривоятлари). Ҳадисда келган “хатокор” (хотиъун) сўзи шунчаки, хато қилувчи эмас, балки осий, гуноҳкор маъносига далолат қилади. Шунга кўра, ҳадис мазмуни “иҳтикор каби қабиҳ ишларга фақат гуноҳлардан тап тортмайдиган осий кимсагина журъат қилур” қабилида тушунилиши тўғри бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бирор озуқа турини қирқ кеча иҳтикор қилса, бас, у кимса Аллоҳдан бегона бўлибди, Аллоҳ ҳам ундан бегона бўлибди. Ва қайси бир маҳалла аҳлида бир киши қорни оч ҳолда тонг оттирган бўлса, демак, улардан Аллоҳнинг зиммаси (ҳимояси) кўтарилиб кетибди”, – дедилар” (Имом Аҳмад ривояти).
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, иҳтикор, яъни монополия бир қатор иқтисодий ва ижтимоий зарарларга эга бўлган савдо тури бўлиб, Динимизда ундан қайтарилган. У истеъмолчи ҳуқуқини поймол этилишига олиб келади, бозорда нархлар ошиб кетишига, одамлар машаққатга юз тутишларига сабаб бўлади. Шунингдек, иҳтикорни амалга оширувчи кимсанинг худбинлиги, ўз манфаатини омма манфаатидан юқори қўйишига далолат қилади.
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ
Тошкент шаҳар «Мирза Юсуф» масжиди имом-хатиби