Аллоҳнинг балоси бандаларга Ўзини эслатиш учун келади

0
674

Энг катта куч бу – Аллоҳнинг зикридир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Роъд сурасида марҳамат қилади : الا بذكر الله تطمءن القلوب 

“ Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором олур “

Инсон Аллоҳни унутиб, унинг зикридан ғофил қолиб дунё – охиратда саодатга эришиши мумкин эмас. Оғир мусибатлик кунларда ҳам Аллоҳни унутмаслик лозим. Зеро ҳикматда “Агар фаровон кунларда Аллоҳни эсласанг, оғир кунларда Аллоҳ ҳам сени эслайди” дейилади.

Бу кунлар Аллоҳнинг кунидир, бу ишлар Аллоҳнинг ишидир, биз ҳаммамиз Аллоҳникимиз. Аллоҳ таоло бизларни баъзида яхшилик, баъзида эса ёмонлик ила синайди. Биз инсонлар ҳар бир ҳолимизда Аллоҳнинг имтиҳонидамиз.

Солиҳлардан шундай ҳикмат бор:

Аллоҳ таоло томонга юзланишинга сабаб бўладиган мусибат Аллоҳнинг зикридан ғафлатда қолдирувчи  неъматдан яхшироқдир. Ҳа, аслида Аллоҳни унутишдан кўра каттароқ мусибат йўқдир. Гоҳида Аллоҳнинг балоси бандаларга Ўзини эслатиш учун келади. Қачонки бандалар Аллоҳни унутиб, унга исён қилишга ўтсалар, Аллоҳ уларни гоҳида жазолаш учун, гоҳида ибрат олиши учун ўзининг балосини юборур.

Ҳар нарса вақтинча бўлганидек, бу каби балолар ҳам вақтинчаликдир. Иншааллоҳ бу бало тез кунларда бошимиздан кўтарилур.

Бу бало жамиъий инсониятга улкан сабоқни олиб келди. Биз, шу биргина кўзга кўринмас бало туфайли ўзлигимизни англамоғимиз лозим. Инсоният нақадар ожиз-у, Аллоҳ таоло нақадар Буюк зотдир.

Бугун инсоният бу вабодан шу қадар хавотир қилдики, бу дард унга ҳам етиб қолишдан ва оқибатда ўлим унга етишдан ўзини эҳтиёт қилди. Холбуки, бу ўлим деган нарса ҳар бир инсоннинг бошида бордир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади :  كل نفس ذآئقة الموت

“ Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир “ (Оли Имрон сураси 185-оят)

Эҳтиёт чораларини кўраётганимиз бу яхши. Аммо биз инсонлар нафақат бу балолардан ўзимизни эҳтиёт қиламиз, балки умримиз давомида шундай эътибор, шундай эҳтиёткорлик билан яшамоғимиз лозим.

         Мусибатлар банданинг гуноҳи сабаб келади. Қанчадан қанча инсонлар шу бало сабаб Аллоҳга юзландилар, қилган гуноҳларига тавба – тазарруъ қилдилар. Ҳа, балоларнинг келишига гуноҳларимиз сабаб бўлса, уларнинг  кетиши эса тавба ва истиғфорларимиз сабабидандир. Энг оғир, энг ёмон иш нима биласизми? Кунлар келиб бу балолар бошимиздан арийди. Шунда ҳам ўзлигимизни унутиб бу балодан қутулдик деб хурсанд бўлиб, яна Аллоҳни унутсак, яна гуноҳлар кетидан қувиб яшасак, мана шу энг катта мусибатдир. Аллоҳ барчамизни бу каби ғафлатдан ўзи асрасин. Юқорида айтилган хикматнинг маъноси ҳам шу эди. Яъни бизни Аллоҳ зикридан ғафлатда қолдирадиган неъматдан Аллоҳни эслатадиган мусибат яхшироқдир. Буюк имомлардан Ҳасан Басрий айтади: “Бошга тушган аянчли воқеъга ва ҳодисаларни ёмон кўрсанг эҳтимол, ўша сиз кариҳ кўрган, ёқимсиз кўрилган иш нажотингиз бўлиши мумкин. Ҳа, агар биз бу ишларда Аллоҳга қайтсак ва ҳолимизни ислоҳ қилсак, албатта нажот топамиз.

Усмон бин Мазъун жомеъ масжиди имом – хатиби Ўткир Ҳакимов

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг