Бахт қаерда?

0
703
smile, picture, hand, art, pen, grafic, white

Аллоҳ таоло инсонларнинг Ўз тақдири билан имтиҳон қилиб синайди. Одамлар ҳаётида бахт излаб яшайдилар. Ваҳоланки уларни ютуқ ва мувофақият, мусибат ва қайғудан ҳимояланадиган жойлари йўқ. Лекин синов улар Аллоҳнинг тақдирини қандай қабул қилишларидадир. Баъзан киши дард ила мусибатланса, шикоят қилади ва нолийди. Аммо дардланган бошқа киши эса хотиржам бўлади ва Аллоҳнинг амрини қабул қилганини ҳамда унга рози бўлганини самимият ила ифодалайди.

Бахт – бу ички туйғу ва у қўл билан ушлаш мумкин бўлган ҳиссий нарсалардан бири эмас. Аллоҳ таоло инсонга ўз марҳамати ила, бахтга етиштирадиган сабабларни амалга ошириш билан саодатга эришиш имконини берди. Бу инсон руҳиятидаги энг кучли ва энг таъсирчан сабаблардан бири бўлиб, одамнинг ўз бахтини унга бериш ҳеч кимнинг мулки эмаслигини англашидир. Албатта бахт инсонни ичидан отилиб чиқиб ташқи таъсир билан мустаҳкамланади.

Бахт сабаблари жуда кўп. Масалан: вақт, соғлиқ, ақл ва ҳоказо. Бу сабабларнинг энг кучлиси иймондир. Иймон – маҳзунга юпанч, фақирга бойлик ва заифга куч-қувватдир. Агар инсон соғлиқ ва оғриқ қандай неъмат эканини идрок этса, шуни ўзи бахтни ҳис этишига кифоя қилади. Одамларнинг аҳволига, уларни ғам ва ташвиши ўзиникидан кўра кўп эканини билган ҳолда, назар солса, шунда Аллоҳ таолони унга берган кўп неъматларига шукр қилади.

Демак, ҳар ким неъматлар завол топмай уларга эътибор қарата олса, албатта унинг ҳаёти бахт ва хурсандчиликка тўлади.

Даҳақиқат, Аллоҳ таолонинг неъматларини эътироф этиб, уни шукрини адо этиш инсонни бахтга эриштирадиган воситалардан биридир. Аллоҳ таоло айтади: (وَإِن تَعُدّوا نِعمَةَ اللَّـهِ لا تُحصوها إِنَّ اللَّـهَ لَغَفورٌ رَحيمٌ)  Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз адоғига етаолмайсиз. Албатта Аллоҳ мағфиратли ва раҳимли зотдир (Иброҳим сураси, 34-оят).

Қуйида инсонни бахтга етаклайдиган энг муҳим сабабларни эслаб ўтсак:

Аллоҳ таолонинг қадари ва қазозини мамнуният ила қабул қилиш.

Тақдирга розилик бахтнинг энг катта сабабларидан биридир ва розилик бахтли инсонларнинг хос хусусиятидир, чунки ундай инсонлар ҳар доим ҳаётга ижобий қарашади, ташвишларига эътибор бермайдилар. Чунки, инсон албатта ўзига етган нарса, сабабсиз етмаслигини ва унга етмаган нарса бесабаб бўлмаслигини аниқ ишонч билан билади.

Одамларга табассумли бўлиш.

Чунки Ислом динида табассум яхшилик, хайр-эҳсондир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: Биродарингизни юзига кулиб боқишингиз ҳам садақадир(Имом Термизий ривояти). Чунки табассум қалбларга яхши таъсир қилади. Табассум таскин ва хотиржамликни англатади шунингдек, табассум эгаси одамлар орасида севилади, чунки одамлар уни кўриб завқланадилар. Амалларни энг яхшиси мўминларнинг қалбига сурур улашишдир.

Камбағал, муҳтожларга ёрдам бериш,етим ва ногиронларга ҳомийлик қилиш каби савобли ишларини ихтиёрий бажариш.

Бахт- ҳадя беришга яширингандир. Ва у билан ҳожатманд инсон  ҳар доим ўзини бор эканини ва бу ҳаётда аҳамиятли эканлигини ҳис қилади, чунки кўплаб одамларни руҳий касал бўлишларини сабаби ўзларини қиймати йўқ деб ҳис қилганларидир. Шунингдек берилаётган нарса ёрдам берувчи назарида кам бўлса ҳам, олувчини камситмасдан тақдим этгани Аллоҳнинг ҳузурида улуғдир.

Қариндошлар билан борди-келди алоқаларни боғлаш.

Қариндошлар билан борди-келди алоқаларни боғлаш Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек вожиб ишлардандир. Чунки бу одамларнинг қалбига хурсандлик бағишлайди. Қариндошлар билан борди-келди алоқаларни боғлаётган кишини умрини узоқ ва ризқини кенг қилади.

Аллоҳни зикр қилишга ташна бўлиш.

Чунки зикр ташвишларни кетказадиган, қалбларни даволайдиган ва кўнгилга енгиллик етишига энг муҳим омиллардан биридир. Кўпинча одамлар бахт пул тўплаш ёки юқори лавозимларга эришиш деб ўйлашади, аммо воқеълик буни инкор этади. Агар инсон яхши пул ва шон-шуҳратнинг барча завқ-шавқларига эга бўлса-ю, қалбидаги ҳотиржамлик ва таскинни йўқотса, албатта бунда энг бадбахт одам бўлиб қолган бўлади. Аллоҳ таоло: “Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унга торчилик ҳаёти бўлур ва қиёмат куни уни кўр ҳолида тирилтирурмиз”, деб марҳамат қилади (Тоҳа сураси, 124-оят). Ҳақиқий бахт Аллоҳ таолога яқин бўлишда ва бахтсизлик эса Ундан узоқлашишдадир. Аллоҳ таоло Қурон каримни яхши ҳаёт учун дастур, бахт ва шодлик учун йўл бўлишини хоҳлади. Батаҳқиқ Ўз каломида жаннат аҳлини бахтга эришганлар дея сифатлади.

Охиратдаги бахтнинг баҳоси – бу даунёда Аллоҳга банда эканини мукаммал рўёбга чиқариш билан, Уни розилигини топишдир. Батаҳқиқ ояти карималарда сабр – кишини розилик ҳолатига етказишини ва розилик бахтнинг энг юқори даражаларига элтишини, зикр қилган.

Бугунги синовли кунда ҳам сабр-бардошли бўлиб, Аллоҳдан яхшиликларни умид қилайлик. Ўзидан офият ва хотиржамлик сўраб дуолар қилайлик. Иншааллоҳ Буюк меҳрибон Аллоҳ каломида таъкид қилганидек, ҳар оғирлик кетидан икки енгиллик келишини ваъдасини қилган. Раҳмат росули Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хурсанд бўлинглар, сизларга енгиллик келди, бир қийинчилик икки енгилликни мағлуб қилмайди”-деганлар. Аллоҳ таоло ҳаммамизни ва халқимизни касаллик ва балолардан Ўзи паноҳида асрасин. Амин.

Ҳамроқулов Жалолиддин

“Навза” жоме масжиди имом хатиби

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг