ИЛМ – ИЙМОН ҚУВВАТИДИР

0
963

Илму маърифат инсоният тараққиётининг асосий омили экани неча асрлардан буён ўз исботини намоён этиб келмоқда. Бугунги кунда ҳам бу мавзунинг долзарблиги тобора кучайиб бормоқда. Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёевнинг 2020 йилни “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб номлаши ҳам илм-маърифатсиз ҳеч бир жабҳада олдинга силжиш бўлмаслигининг яна бир далилидир. Зеро, таълим-тарбия, илм-фансиз мамлакат ва жамиятнинг барқарор ўсишини таъминлаш, ислоҳотларни амалга ошириш имконсиздир.

Халқимиз эътиқод қиладиган ислом динида ҳам илм мавзуига доимо юқори даражада эътибор берилган. Шариатимизда илм олиш ҳудди диннинг бошқа муҳим арконлари каби фарз ҳисобланади. Илм ва илм аҳлининг фазилати борасида ояти карималар ҳамда ҳадиси шарифлар бисёр. Илм эгаларининг  мақом-мартабалари ҳақида хабар берувчи ушбу ояти карима уларнинг фазилатига далолат қилувчи ҳужжат сифатида кифоя қилади: “Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир” (“Мужодала” сураси, 11-оят).

Пайғамбаримиз ҳам илм  олиш ҳар бир мусулмонга фарз эканини алоҳида таъкидлаганлар ва ислом оламида илмга оид кўплаб ҳадислари маълум ва машҳурдир.

Яна бир муҳим жиҳати шундаки, илм олиш деганда диний ва дунёвий билимларни эгаллаш, касб-ҳунар эгаллаш тушунилади. Мамлакатимизда эса, ҳар бир фуқаронинг билим олиши, касбга эга бўлиши учун давлат томонидан етарли шарт-шароитлар яратилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41-моддасида ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эгалиги ва бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланиши аниқ белгилаб қўйилган. Мамлакатимиз Бош қомусида таълим олиш давлат томонидан кафолатлангани илм-маърифатга бўлган эътиборнинг бир кўринишидир.

Албатта, мамлакатимиз таълим тизими замон талабларига мосланган ҳолда йилдан йилга такомиллашиб бормоқда.  Айниқса, ёшларга илм бераётган устозлар учун янада кенг шароит яратилаётгани, уларнинг жамиятдаги мавқеи юксалтирилаётгани, ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганини ҳам алоҳида эътироф этиш лозим. Мана шунинг ўзи ҳам илм-маърифатга бўлган эътибордир. Зеро, устозларга эҳтиром кўрсатиш ҳар биримизнинг вазифамиздир.

Ҳазрат Алишер Навоий қуйидаги байтлари ила устознинг даражаси ва мавқеи нақадар юксаклигини аниқ баён этиб берганлар:

“Ҳақ йўлинда ким сенга бир ҳарф уқутди юз ранж ила,

Айламоқ осон эмас ҳаққин адо минг ганж ила.”

Шундай экан, ватани равнақи, динининг ривожига ҳисса қўшишни истаган ҳар бир мўмин-мусулмон ишни илм олишдан, касб-ҳунар эгаллашдан, ўзлигини англашдан бошласин. Чунки бугунги шиддатли даврда кучли билим, ўз касибига бўлган иштиёқ эгасигина муваффақиятга эриша олади .

                                                                  Азимжон АЛИМЖОНОВ,

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги “Мулла Қосим”  жоме масжиди имом-хатиби

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг