Улуғ зотлардан бири айтади: «Олимлар замона чироқларидир. Ҳар бир олим замонасининг чироғи бўлиб, ўша замондаги кишилар уларнинг нуридан фойдаланади».
Ҳасан Басрий айтадилар: «Олимлар бўлмаганида, инсонлар чорва моллари каби бўлиб қолардилар». Яъни, олимлар инсонларни илм ўргатиш йўли билан ҳайвонлик даражасидан инсонлик мартабасига кўтаради.
Икрима: «Бу илмнинг қиймати – баҳоси бор», дедилар. «Унинг баҳоси нима?» деб сўрашганда, «Унинг ҳаққини адо этадиган, зоеъ кетказмайдиган кишига ўргатишингдир», деб жавоб бердилар.
Яҳё ибн Муоз: «Олимлар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) умматларига ота-оналаридан ҳам меҳрибондирлар», дедилар. «Нима учун?» деб сўрашди. «Ота-оналар фарзандларини дунё оташидан ҳимоя қилади, олимлар эса, уларни охират олови – дўзахдан муҳофаза этади», деб жавоб бердилар.
Aбу Ҳомид ал-Ғаззолий
Иҳёу улумид-дин