Ҳадиями ёки… (1-қисм)

0
895

Ҳаётда ҳожатбарор кишилар етарлича топилади. Айниқса бошига бир иш тушиб турган ночор инсон хоҳ моддий жиҳатдан ўзига тўқ бўлсин, хоҳ камбағал бўлсин унга ёрдам бериш ўрнига “ширин гаплари” ва “улкан ваъдалар” билан ишини битириб беришга ишонтиришади. Пора эмас балки, кўнгилдан чиқариб ташлаб кетишларини айтишади. Аксинча, баъзилар қонунан иложиси бўлмаган жойда ёки навбатсиз ёҳуд арзонроқ ишини битиш учун кимларгадир “ҳадиялар” улашишга ҳаракат қилади. Аслида ҳадия нима? Бу борада изланиш олиб борган олимларимиз қуйидагиларни келтирадилар:

«ал-Ақзийа»да қайд қилинган: «Ҳадия – совға уч хил бўлади.

Биринчиси, ҳадия берувчи тарафга ҳам, олувчига ҳам ҳалол. Бу меҳр-муҳаббат сабабли совға олди-бердисидир;

Иккинчиси, икки тарафга ҳам – ҳадия берувчига ҳам, уни олувчига ҳам ҳаромдир. Бу зулмга ёрдам бериш учун ҳадия беришдир;

Учинчиси, ҳадия берувчи томонга ҳалол. Бу ўзига қаратилган зулмни тўсиш учун ҳадия беришдир. Бу олувчига ҳаром. Бунинг ҳийласи уни уч ёки бир неча кун ижарага олиб туришдир. Агар муддатни белгиламаса, жоиз бўлмайди. Буларнинг ҳаммаси шарт қўйилганда бўлади. Агар шарт қилмасдан ҳадия берса, лекин ҳадия берилса подшоҳ олдида ёрдам бўлишини аниқ билган бўлса, бунинг ҳукми нима бўлади? Машойихларимиз бунинг зарари йўқ, деганлар.

Агар ҳеч қандай шартсиз бировнинг ҳожатини битказса, тама ҳам қилмаса, шундан сўнг унга совға қилсалар, уни қабул қилишнинг зарари йўқ. Саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.)дан олиш макруҳ бўлиши ҳақидаги нақл парҳез – тақво учун айтилган гапдир. Тамом.

«Фатовойи Баззозиййа» да ҳам шу хилда келтирилган.
Сўнг бундай дейилган: “Агар қози қарор ёзса, ёки мерос тақсимотига эгалик қилса, шу ишларига ажри мисл – одатдагидек ҳақ олса, бу унга ҳалол бўлади. Агар ёш болаларнинг никоҳини қилишга масъул бўлса, унда бирор нарса олиш ҳалол бўлмайди. Чунки, бу ишни қилиш унга вожибдир. Ҳар бир ўзига вожиб бўлган иш учун ҳақ олса, жоиз бўлмайди. Ўзига вожиб бўлмаган иш учун ҳақ олса, дуруст бўлади.

«Фатҳ ал-қадир»да бундай дейилган: «Хуллас, пора тўрт тур бўлади. Улардан бири олувчига ва берувчига ҳам ҳаром бўлган тури. У қозилик (ҳукм ўқув) ва амирлик (бошқарув) ишларидаги порадир. Бу ҳолатда қозилиги ўтмайди. Иккинчи тури қозига ҳукм ўқиши учун пора беришдир. Бу ҳам икки томонга ҳам ҳаромдир. Пора олган иши бўйича чиқарган ҳукми инобатга олинмайди. Чиқарган ушбу ҳукми ҳақ ёки ноҳақ бўлишининг фарқи йўқ. Чунки, агар ҳақ бўлса, унга бу ҳукмнинг чиқаришнинг ўзи вожиб бўларди. Бунга мол олиш ҳалол бўлмайди. Ҳукми ботил бўладиган бўлса, нима бўлиши равшан. Пора олиб, сўнг ҳукм чиқариши ва ҳукм чиқариб туриб, сўнг пора олишининг фарқи йўқ. Учинчиси, подшоҳ олдида зарарни даф қилиш ёки фойдани жалб қилиш мақсадида ишини тўғрилаб бериш мақсадида мол (пора) олишдир. Бу олувчига ҳаром бўлади, берувчига ҳаром бўлмайди. «ал-Ақзия»да ҳадия ва совғанининг бир турини мана шу қисмда зикр қилинган. Тўртинчиси, ўзига ва мол-дунёсига етиши мумкин бўлган хавфни даф қилиш учун бериладиган нарса. Бу ҳам берувчига ҳалол, олувчига ҳаромдир. Чунки, мусулмондан зарарни даф қилиш вожибдир. Вожибни қилиш учун мол олиш жоиз бўлмайди». Тамом.

«ал-Қунйа»да «Китоб ал-Кароҳият»да: «Золимлар одамларни ишларини тараққий қилдиришдан тўсадилар, уларга бирор нарса беришсагина уларга индашмайди. Бу ҳолатда олувчига ҳам, берувчига ҳам ҳаром бўлиб, бу айни порадир», дейилган. Тамом. Бир-бирига ошиқ бўлган икки кимса бир-бирига эгалик қилиш учун пора берса ҳам худди шундайдир. Тамом.
Ушбу ишончли нақллардан маълум бўлдики, қози учун пора икки тарафлама ҳаром экан. Хоҳ ҳукм ўқилишидан олдин олган бўлсин, хоҳи ҳукм ўқиганидан кейин олган бўлсин. Хоҳи бу ҳукм ҳақ учун бўлсин, хоҳи ботил учун бўлсин.

Ҳадия – яъни, совға ҳам қози учун пора кабидир. Ҳадия фойда олиш ниятида бўлса, икки тарафдан ҳам ҳаром бўлади. Бир кимса қозининг олдига келса, унга ҳукм ўқмасдан туриб ҳукм чиқариши учун ёки ҳукм ўқиганидан кейин бирор нарса берса, берувчи ҳаром ишни қилган бўлади. Агар қози буни қабул қилмаса ва унга таъзир бериб қўйишни хоҳласа, қозига шу ишни қилиши мумкин бўлади.

Уламоларнинг гапи бор: «Ҳар қандай қилинган гуноҳ ишга ўлчаб қўйилган ҳад – жазо таъйинланмаган бўлса, унга таъзир бериш вожиб бўлади».
«ал-Бадойеъ»да шунга ўхшаш келган: «Таъзир вожиб бўлишининг сабаби шариатда белгиланган ҳад йўқ жиноятни амалга оширилгани учундир. Бу жиноят Аллоҳ таолонинг ҳаққини поймол қилиш бўлсин, хоҳ банданинг ҳаққига хиёнат бўлсин, фарқи йўқ. Таъзирнинг вожиб бўлишига фақат ақл шарт қилинган. Яъни, ақли жойида бўлган ҳар қандай кимса белгиланган ҳадд – жазоси йўқ жиноятни содир қилса, унга таъзир берилади». Тамом.
Агар қози ўзича таъзир берса, бу борада унинг гапи инобатга олинадими, деб сўрасанг, мен «Фусулайн» ва бошқа манбаларда келган маълумотга асосланиб, «Ҳа!» деб жавоб бераман. Қозига биров мен пора олдим, деса, унга таъзир бериши мумкин.

Манбаалар асосида.

“Коҳ ота Бузрук” жоме

масжиди имом-хатиби                                    

Абдуҳаким Пирназаров

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг