Ислом – мўътадилликка тарғиб қилади

0
70

“Мутаассиб” деб ўз фикрига нотўғри бўлса ҳам маҳкам ёпишиб олиб, ўзгаларнинг фикрини қабул қилмайдиган шахсларга айтилади. Мутаассибликнинг жамият учун зарарлари кўп. Энг хатарлиси диний тушунчаларда, шариъат аҳкомларида асл ҳақиқатни англамасдан нотўғри фикрда мутаассиб бўлиб қолишдир. Чунки, бундай киши гарчи бир кун келиб ўз айбини, хатосини тушинса ҳам, ўтган вақт мобанида мўминларга, мусулмонлар оммасига бир қанча қийинчилик ва зарар келтириб қуйган бўлади.

Мутаассиб кишилар динда ғулувга кетиш, ўзгаларни айблаш, у билан бир хил фикрламаган кишиларни гуноҳкорга чиқариш, билдирилган фикр ва маслаҳатларни қабул қилмаслик каби иллатларни ўзлари учун асос қилиб олганлар. Минг афсуски, улар танлаган йўлларининг охири хорлик эканини билмайдилар. Чунки, Ислом дини улар ўйлагандек тор йўл эмас. Улар тасаввур қилганидек имконияти чекланган, машаққатли ва саёз фикрларни илгари сурган таълимот эмас. Балки, Ислом кенг тасаввур ва дунёқарашга, фикр – мулоҳаза ва маслаҳатни тўғри қабул қилишга, ўз айбларини кўра олишга, ўзганларни хатоси ва камчилиги билан шуғулланмасликка чақиради. Ислом ҳар қандай ишда ўртаҳолликни суяди. Шунга тарғиб этади. Кишиларнинг машаққатига сабаб бўладиган амаллар гарчи ибодат бўлса ҳам, бу ишлардан қайтаради.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Уч кишилик гуруҳ Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларига у зотнинг ибодатлари ҳақида сўраб келишди. Бас, уларга (бу ҳақда) хабар берилганда худди у(ибодат)ни оз санагандай бўлдилар. Шунда улар: “Биз қаёқдаю, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қаёқдалар, у зотнинг ўтгану қолган гуноҳлари мағфират қилинган”, дедилар. Улардан бири: “Мен тунларни намоз ўқиш билан ўтказаман”, деди. Бошқаси эса: “Мен доимо рўза тутаман, оғзим очиқ юрмайман”, деди. Яна бошқа бири: “Мен аёллардан четда бўламан, абадул абад уйланмайман”, деди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдиларига келиб: “Шундоқ, шундоқ деганлар сизларми?! Аммо, Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг кўп қўрқувчироғингизман ва Унга энг тақводорингизман. Лекин, рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам. Аёлларга уйланаман ҳам. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас”, дедилар. (Икки шайх ва Насоий ривояти)

Ҳадисшунос уламолар бу ҳадисни кўп китобларда, турли бобларда келтиришган. Хусусан, никоҳ, рўза ва нафл ибодатлар бобидаги масалаларга хужжат ўлароқ келтиришган. Бироқ, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадислари барча хайрли ва ҳаттоки мубоҳ амаллар учун ҳам хужжат бўлади. У зотнинг: “Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас”,деган сўзларидаги суннатдан мурод фақатгина рўза, никоҳ ва нафл ибодатлар эмас, балки, ҳар қандай амалда ўртаҳолликни лозим тутишликка тарғибдир. Яъни, ишларда ўртаҳол бўлиш, динга ғулувга  кетмаслик менинг танлаган йўлимдир. Ким шу ишларда ҳаддан ошса, мен танлаган йўлдан бошқа йўлни танлабди, деган маъно чиқади.

Демак, амалларда ўртаҳол бўлиш Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълимотларидир. Бу таълимотга зид бўлган ҳар қандай амал қораланади ва рад қилинади. Ҳадисда зикр қилинган уч йигитнинг нияти яхши, мақсади Аллоҳнинг розилигини топиш эди. Бироқ, улар танлаган йўл машаққатли ва оғир эди. Шунинг учун Пайғамбаримиз алайҳиссалом уларга қаттиқ танбеҳ бердилар. Бу йўлдан қайтардилар.

Бугун жамиятимизда бу уч йигит каби ёшлар учраб қолмоқда. Динда ғулувга кетган, ўзига ва ўзгаларга машаққат туғдирувчи масалалар ҳақида баҳс қилган, динда мўътадил бўлиш ҳақида гапирган кишини фосиққа, тақвосизга ва илмсизга чиқараётган, фақатгина ўз танлаган йўлини тўғри деб ишониб, ўзгаларнинг фикрини қабул қилмайдиган мутаассиб йигитлар учраб қолмоқда. Балки, уларнинг ҳам ниятлари яхшидир, мақсадлари Аллоҳнинг розилигидир. Бироқ, улар танлаган йўл ҳам машаққатли, ҳам суннатга хилоф. Шунинг учун ҳам уларнинг кўп амалларида яхшилик йўқдир.

Тошкент шаҳар бош имом хатиби: Н. Холиқназаров

Улашиш
АввалгиИМОМЛАР ФАОЛИЯТИДАН
НавбатдагиЖУМА МАЪВИЗАСИ
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги расмий веб сайти.

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг