Илм чироғи ўчмагай

0
572

Дунёга эндигина келган чақалоқни гўё оппоқ, топ-тоза дафтарга ташбеҳ қилиш мумкин. Энди бу дафтарга у кўрадиган, эшитадиган, сезадиган барча нарсалар ёзила бошлайди. Демак, инсон ҳаётининг илк лаҳзаларидан бошлаб беихтиёр илм ола бошлайди. Аммо «илм» сўзи луғатда «билиш, англаб, тушунча ҳосил қилиш, бир нарсанинг ҳақиқатини, моҳиятини билиш» каби маъноларни англатади. Шунинг учун Ислом уламолари илмга: «ҳақиқатни худди воқеъликдагидек идрок қилиш илмдир» деб таъриф беришган. Бунинг маъноси шуки, олинган маълумот бир нарсанинг асл моҳиятини тўғри англатсагина, ундан дунё ва охиратимизга манфаат ҳосил бўлсагина чинакам илм ҳисобланади.

Муқаддас Ислом динимизни ҳам илмсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Қуръони каримда илм сўзи ва унинг шаклдошлари 811 жойда зикр қилинган.Мавлоно Румий айтганларидек, «Жаҳолат – зулматдир. Қоронғида дарахт дев бўлиб, олма эса тош бўлиб кўринади». Жоҳил одамга оддий нарса қўрқинчли бўлиб, яхши нарса фойдасиз бўлиб кўринади. Бу иллатнинг давоси эса талаби илмдир. Илм ҳақ билан ботилни фарқлашнинг энг муҳим воситаларидан биридир, битмас-туганмас хазинадир.Иймон учун эса илм зарурдир, илмсиз иймон-эътиқод бўлмайди. Шунинг учун Қуръони каримда зиёда қилиниши сўралган биргина неъмат илмдир: «Роббим, менинг илмимни зиёда қил!» (Тоҳа сураси, 114-оят)

Кези келганда шуни айтиш керакки, ботил ҳаққа эргашса, тараққий этади, бироқ ҳақ ботилга эргашса, таназзулга юз тутади. Бунга минг йиллик тарих шоҳиддир. Ғарб олами Исломдан илмга чанқоқликни, изланувчанликни ўрганди, мусулмонлар тўплаган билим ва тажрибаларни ўзлаштирди ва натижада бугунги кунда улкан тараққиётга эришди. Минг афсуслар бўлсинки, Ғарбдан жаҳолат, тушкунлик, беҳаёлик, ҳашаматга ва маишатга ружу қўйишни ўрганган Шарқ халқлари таназзулга юз тутди, тараққиётдан орқада қолиб, ўзгаларга қарам бўлди.

Эътибор берайликки, моддий, иқтисодий жиҳатдан мисли кўрилмаган тараққиётга эришган Ғарб олами маънавиятсиз бўлгани сабабли оила, маданият, поклик масаласида таназзулга юз тутди. Марсга сунъий йўлдош учираётган, дунёдаги ҳар бир инсонни виртуал олам орқали бир-бири билан боғлаган Ғарб олами маънавий бузуқликни, турли разолатларни табиий ҳол деб тушунадиган бўлиб қолди, натижада инсоният бедаво касалликларга дучор бўлди, ақл бовар қилмас даражада даҳшатли оммавий қирғин қуроллари ишлаб чиқилиб, улар тирик инсонлар устида синаб кўрилди.

Демак, тажриба ёки ҳисоб-китоблар натижасида ҳосил қилинган ҳар қандай билим ҳам инсонга фойда беравермайди. Илм фақат эзгу мақсадлар йўлида, тинчлик, бунёдкорлик, ҳамжиҳатлик, тараққиёт йўлида ўрганилиши керак экан. Акс ҳолда олимларнинг баъзи илмий тажрибалари асносида кашф қилинган ихтироларидан қирғин қуроллари пайдо бўлмаган бўлар эди. Шунинг учун бугунги кунда илм излаган ҳар бир инсон аввало пок ният, эзгу мақсад билан ишга киришсин, ўрганаётган ҳар бир илмини фақат яхшиликка ишлатсин.

Раҳматуллоҳ САЙФУТДИНОВ
Тошкент шаҳар “Мирза Юсуф” жоме масжиди имом-хатиби

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг