Авлодларингизни “Аллоҳни севадиган қилиб тарбияланглар…”

0
85

Тарбия ҳақида Имом Ғаззолийнинг «Иҳёу улумуд-дин» китобида бундай дейилади: «Бола ота-она қўлида бир омонатдир. Қалби турли нақш ва расмлардан пок, нима нақш солинса, қабул қилади, нимага мойил қилинса, мойил бўлаверади. Агар яхшиликка ундалса ва ўргатилса, унинг устида ўсаверади, дунё ва охиратда саодатли бўлади,
ота-онаси ҳамда одоб, таълим-тарбия берганлар барчаси савобига шерик бўлишади. Агар ёмонликка ундалса ва ҳайвон каби бўш қўйилса, ёмонликка учрайди, ҳалок бўлади ва унга қараб турган киши зиммасига гуноҳкорлик тушади».
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Авлодларингизни,биринчидан:
“Аллоҳни севадиган қилиб тарбияланглар…” Чунки Аллоҳ таоло уни йўқдан бор этиб, ота-онани унинг дунёга келишига сабабчи қилди. Ва уларнинг қалбларига фарзанд меҳру муҳаббатини солди. Агар Аллоҳ таоло фарзанд муҳаббатини қалбга солмаганида, уни бағрига
босмасди, раҳм-шафқат қилмасди, кўчага ташлаб кетган бўларди. Шунинг учун фарзанд Аллоҳ таолони севиб, унга шукрлар қилиши лозим.
Иккинчидан:
“Аллоҳнинг Расулини севадиган қилиб тарбияланглар”.
Чунки Аллоҳ таоло Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) халқ орасидан танлаб олиб, халққа Пайғамбар қилиб юборган. Қуръони каримнинг Анбиё сураси 107-оятида ул зотни “Биз сизни (бутун) оламларга раҳмат қилиб юборганмиз”, дейилган.
Пайғамбаримиз инсонларга ота-онасидан ҳам меҳрибонроқ бўлган, дунёдаги барча яхшиликларни ўргатган зот, бутун дунё аҳлининг устози саналади.
Учинчидан:
“Аллоҳнинг Китобини севадиган қилиб тарбияланглар…”. Чунки бу Китоб инсониятни ҳидоятга чорлайди. Бу учта талаб инсон фарзандига ўргатилиши лозим бўлган қоидалардан саналади.
Муҳтарам Президентимиз: “Биз фарзандларимизни дунёвий билимлар билан бир қаторда Имом Бухорий тўплаган ҳадислар, Нақшбандий таълимоти, Термизий ўгитлари, Яссавий ҳикматлари асосида тарбия қилмоқдамиз”, деганлар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Усмонхон Алимов

“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг