ВАТАН ҲИМОЯСИ – АЖРИ УЛУҒ АМАЛ

0
99

Ислом динида шариъатга зид бўлмаган ҳар қандай касб-ҳунар, ҳар қандай соҳа вакили қадрланади.  Жамият ривожи учун, кишиларнинг хурсандчилиги учун қилинган зарра амал ҳам эътирофсиз, мукофотсиз қолмайди. Балки, ҳар қандай яхши амал рағбатлантирилади. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади: “Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар қайтарилур……” (Анъом сураси, 160-оят). Оятдан кўриниб турибдики, Аллоҳ таоло ким бўлишидан, қайси соҳа ва қайси йўналишда бўлишидан қатъий назар, бир дона яхши амал қилган кишини ўн баробар ортиқ мукофот билан тақдирлаши нафақат хизматни тақдирлаш, балки,  рағбатлантириш ҳамдир. Бу каби мисолларни Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда кўплаб учратишимиз мумкин.

Ана шундай мукофоти улуғ ва эътиборга сазовор бўлган амаллардан бири бу – ватанни қўриқлаш, уни турли  ғаразли кимсаларнинг юрт ва кишилар хотиржамлигига солмоқчи бўлган раҳналаридан огоҳ бўлиб туришдир. Бу ҳақда Муовия ибн Ҳайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Уч (тоифа кишиларнинг) кўзлари жаҳаннамни кўрмайди: Аллоҳ йўлида қўриқчилик қилган кўз, (Аллоҳдан) қўрққани туфайли йиғлаган кўз ва Аллоҳ ҳаром қилган нарсалар (яъни, номаҳрамларга назар солиш)дан тийилган кўз”.  (Имом Табароний ривояти).

Ҳадисга назар соладиган бўлсак, бу уч тоифа инсонга Аллоҳ таоло тарафидан берилган энг катта мукофотни ва тақдирловни кўришимиз мумкин. Бу уч тоифа инсоларни Аллоҳ таоло нафақат жаҳаннамда азобламайди. Балки, жаҳаннамни ўзини ҳам кўрсатмаслиги башорат берилмоқда. Ушбу уч тоифанинг аввалида “Аллоҳ йўлида қўриқчилик қилган кўз…” дея хоҳ чегарада бўлсин, хоҳ юрт ичида бўлсин ватанни ва ушбу ватанда яшаётган инсонлар хотиржамлиги йўлида бедор бўлган киши зикр қилинмоқда. Демак, Аллоҳнинг розилиги учун ватан ҳимоясида қўриқчилик қилиш ниҳоятда хайрли амалдир.

Кейинги ҳадиснинг мазмуни  эса ундан ҳам гўзалроқдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларни Аллоҳ хатоларни ўчирадиган, даражаларни кўтарадиган нарсага далолат қилайми?” дедилар. Улар: “Албатта, эй Аллоҳнинг Расули”, дейишди. У зот: “Қийинчиликларга қарамай, таҳоратни яхшилаб қилиш, масжидларга қадамни кўпайтириш ва намоздан сўнг намозни интизор бўлиб кутиш. Ана ўша сиз учун “муробитлик”дир”,  дедилар”.  (Имом Муслим, Термизий ва Насоийлар ривояти)

Шарҳ: Исломда мусулмонларни душманлар ҳужумидан ҳимоя қилиш учун шай бўлиб, чегара қўриқлаб турган одам «муробит» дейилади. Бу ҳадисда зикр қилинган амалларни бажарувчи кишилар эса, мазкур амалларни адо этиш учун ҳавойи нафсларини жиловлаб турганлари сабабидан «муробит» деб аталмоқдалар. Улар ҳам чегарада ватан ҳимоясига шай турган муробитга ўхшатилмоқда.

            Демак, “Муробит”, яъни, мўминларни ҳимояси учун чегарада турган кишиларнинг хатолари кечирилади ва даражалари кўтарилади. Қолаверса, бу амалнинг қиймати ва фазилати улуғлигидан “Қийинчиликларга қарамай, таҳоратни яхшилаб қилиш, масжидларга қадамни кўпайтириш ва намоздан сўнг намозни интизор бўлиб кутиш…”нинг савоби ҳам айнан ушбу амалга бериладиган савобларга тенглаштирилмоқда.

            Хулоса шуки, ҳар бир мусулмон ўғлони ўзи яшаб турган юрт ҳимояси учун, юртидаги мўминларнинг хотиржамлиги учун ҳисса қўшиб юқоридаги ваъда қилинган савоб ва мукофотларга сазовор бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим бўлади.

            Сўзимиз сўнггида бугунги 14-январь “Ватан ҳимоячилари куни” билан юртимиз чегараларида ва турли манзилларда йигитлик бурчини ўтаётган аскарларимиз, чегарачиларимиз ва фидоий ўғлинларимизни самимий табриклаймиз. Олиб бораётган машаққатли ва шарафли хизматлари учун уларга Аллоҳ таолодан битмас ажрлар, мукофотлар ва яхшиликлар тилаб қоламиз.

 

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби: Исломов Ёрбек

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг