ФАРЗАНД ТАРБИЯСИДАГИ НОЗИК НУҚТАЛАР

0
98

Фарзандларнинг келажакда гўзал ахлоқли ва чиройли тарбияли бўлишида ота-она фарзанди ҳақига қиладиган хайрли дуолар ўрни беқиёсдир. Чунки дуо ибодат мақомида.

Аллоҳ таоло ҳар бир ишда Ўзидан ёрдам сўрашимизни яхши кўради. Бундан ташқари, ота-онанинг фарзанди ҳақига қилган дуоси мустажобдир. Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

“Уч кишининг дуоси қабулдир: отанинг фарзандига қилган дуоси, мазлумнинг дуоси ва мусофирнинг дуоси”, деганлар. Ота-она бундай неъмат ва имкониятдан унумли фойдаланиши ва фарзандларининг келажакда солиҳ ва тарбияли инсон бўлиб камол топишини Аллоҳдан сўраши лозим. Ҳатто пайғамбарлар ҳам яхши фарзанд сўраб дуо қилишган. Жумладан, Иброҳим сурасининг 35-оятида бундай дейилади:

 «(Эй Муҳаммад!) Эсланг, Иброҳим айтган эди: “Эй Раббим! Бу шаҳарни (яъни, Маккани) тинч қилгин, мени ва авлодларимни санамларга сиғинишдан йироқ қилгин!”»

Яна Оли Имрон сурасининг 38-оятида бундай дейилади:

 «Ўша жойда Закариё Раббига илтижо қилиб, деди: “Раббим, менга (ҳам) ўз ҳузурингдан пок зурриёт ато эт! Дарҳақиқат, Сен дуони эшитувчидирсан”

   Ота-она фарзанди ҳақига ёмон дуо қилиб қўйишдан эҳтиёт бўлиши керак. Чунки, юқорида айтганимиздек, уларнинг фарзандлари ҳақига қилган дуолари қабулдир. Абдуллоҳ ибн Муборакдан ривоят қилинишича, унинг олдига бир ота ўз ўғлидан шикоят қилиб келади. Шунда Абдуллоҳ ибн Муборак у отадан, сиз ўғлингиз ҳақига яхши дуо қилармидингиз ёки ёмон дуо қилармидингиз, деб сўрайди. Ота эса ёмон дуо қилишини

айтади. Шунда Абдуллоҳ ибн Муборак у одамга ўғлингизни ўзингиз бузган экансиз, деб койийди. Демак, боланинг келажакда комил инсон бўлиб етишиши ёки жоҳил бўлишига ота-онанинг дуолари катта таъсир қилар экан.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси,

 муфтий  Усмонхон Алимов

“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг