Яна бир хайрли иш!

0
366

     Элимизда азал азалдан одат тусига кирган бир қадрият борки у ҳам бўлса бирор иш бошлашдан олдин аввало ота она сўнгра устозларнинг ва уламоларнинг дуоларини олишдир. Мана шундай тадбирлардан бири пойтахтимизнинг табаррук масканларидан, – 2018 йил рамазон ойида тубдан бунёд этилиб, халқимиз хизматига топширилган “СУЗУК ОТА” масжид мажмуасида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари устоз Хомиджон домла Ишматбеков, Тошкент шаҳар бош имом хатиби устоз Нуриддин домла Холиқназаров ва шаҳримизнинг нуфузли имом хатиблари қатнашдилар.

Уламоларимиз – юртимиздан 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида бўлиб ўтадиган, Осиё чемпионатига отланган ёшларимизнинг мусобақада ғолиб бўлиб Токио Олимпиадасига йўлланма олишларини Аллоҳдан сўраб дуо қилдилар. Шу ўринда эслатиб ўтишимиз жоизки: Агар ёшларимиз Тайланд мусобақаларида ғолиб бўлиб,  шу йилнинг ёзида бўлиб ўтадиган Токио Олимпиадасига йўлланмани қўлга киритсалар мустақил Ўзбекистон тарихида футбол бўйича биринчи бор Олимпиа мусобақаларида қатнашиш имкониятини қўлга киритган бўладилар. Кўплаб спорт турлари қаторида футболчиларимиз ҳам Олимпиа мусобақаларида қатнашишларига тилакдошмиз.

Аслини олганда динимиз инсонни, аввало ўзининг, жумладан, жисмининг қадрини билишга чақиради.

«Батаҳқиқ, Биз инсонни энг яхши суратда яратдик» (Тийн сураси, 4 оят).

 Ислом биринчи навбатда инсон боласининг жисми баркамол ва соғлом бўлиши учун ҳаракат қилмоқликни тавсия этади. Ислом умумий маънодаги жисм тарбиясини ибодат – фарз даражасига кўтарган. Мисол учун, инсонга жисми учун зиён бўлган ҳар қандай нарса (масалан, наркотик моддалар) ҳаром қилинган. Ҳозирда “спорт” деб танилган жисмоний тарбияда ҳам – Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга яхши намуна бўлганлар.

              Оиша онамиз рохияллоҳу анҳо айтадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафардалигимда У киши билан югуриш ўйнаб, ўзиб кетдим. Вазним оғирлашганидан кейин У киши мендан ўзиб кетдилар, сўнг: «Ҳалиги билан биру бир бўлди», – деб қўйдилар».

Абдуллоҳ ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда у киши айтадилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ, Убайдуллоҳ ва бошқа кўпгина Аббоснинг авлодларини саф қилиб мусобақалаштирар, «Ким менга биринчи етиб келса, унга фалон-фалон нарса»,  –  дер эдилар. Улар (бир-биридан) ўзишиб келиб, У кишининг орқаларига, кўксиларига урилишар эди. У зот уларни ўпиб, ажратиб қўяр эдилар».

Асҳоби киромларнинг ораларида жисмоний машғулотлар, мусобақалар одатий ҳол эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам югуриш, кураш, сузиш, улов чопиш каби машғулотларга ҳам кўп эътибор берар эдилар.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш авлоднинг жисмоний тарбиясига ана шундай эътиборли бўлганлар. Зеро, келажак авлод соғлом ва кучли бўлиши учун, халқнинг эртаси буюк бўлиши учун жисмоний тарбия зарур.

   Бугун юртимизда ҳам спортга бўлган эътибор йилдан йилга кучайиб бормоқда. Ёшлар учун бир қатор спорт майдонлари, турли хил спорт тўгараклари очилмоқда. Ҳар йили спортчиларимиз дунё олимпияда ўйинларида иштирок этиб юксак марраларни ва олий мукофотларни қўлга киритиб келмоқдалар. Албатта спортга бўлган бундай муносабат келажагимизда ҳам соғлом ва баркамол авлодларнинг кўпайиб боришига хизмат қилади. Бугун халқимиз ҳам юртимиз байроғини юксакларга кўтараётган спортчиларимизни бирдек қўллаб қувватламоқда. Уламоларимиз шу юртнинг мард ва жасур ўғлонлари ҳаққига дуолар қилмоқдалар. Яратган роббимиздан спортчиларимиз бунданда юксак марраларга эришишларини умид қилиб қоламиз.

Юртимизнинг ёш футболчилари ўз ғалабалари билан миллионлаб юртдошларимизни хушнуд қилишига ишонамиз. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги мусобақа аввалида терма жамоамизга омад ва ғалабалар тилаб, юртимизга ёруғ юз билан қайтиб келишини ният қилиб қолади.

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари С. Сатимов

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг