Имом Бухорийнинг онаси

0
174

Улуғ муҳаддис, юртимизнинг фахри Имом Бухорийнинг номини эшитмаган одам кам бўлса керак дунёда. Бу зотнинг оналари ҳам фарзанд камоли йўлида фидойиликнинг олий намунасини кўрсатганлар. Фарзандларини еру кўкка ишонмай юрган Фотимани Аллоҳнинг яна бир имтиҳони кутиб турар эди. Бир куни янги йўлга кирган дилбанди Муҳаммад атак-чечак қилаётиб, йиқилди. Шунда ерда ётган бир шохча унинг икки кўзига зарар етказди. Орадан уч-тўрт кун ўтгач, она фарзандининг кўзи кўрмаётганини сезиб қолди. Фотима дунёсини унутди, тилидан Аллоҳ зикри тушмай қолди. У шу топда ўғлининг кўра олиши эвазига имонидан бошқа ҳамма нарсасини беришга тайёр эди. Катта ўғли ҳамроҳлигида Бухоронинг машҳур ҳозиқ табибиникига жўнашди. Фотима табиб ҳузуридан бўшашиб, оёқ-қўли жонсиз ҳолатда қайтди. Қартайган, кўзлари қисиқ, титроқ қўлли табиб ўғлини обдон текшириб кўриб, даволашга ожиз эканини айтди. Ортидан «Умид ёлғиз Аллоҳдан!» деб таскин ҳам берди. Шу соатдан бошлаб Фотимага ҳаётнинг қизиғи қолмади. Неча кунки, тунлари бедор, кундузлари рўзадор. Бетўхтов намоз ўқийди. Жойнамози кўз ёшларидан сиқиб олингудай ҳўлланиб кетади. Аллоҳга илтижо билан ёлворади, дилбандининг касалига шифо сўрайди. Ана шундай кунларнинг бирида Фотима туш кўрди. Барваста, чиройли юз, кўркам соқолли бир шайх тушига кирди. Кейин билса, Иброҳим Халилуллоҳ эканлар. У киши Фотима қаршисига келиб, унга хурсанд ҳолда: «Эй аёл, Аллоҳга кўп ёлвориб йиғлаганинг, тинмай дуолар қилганинг бесамар кетмади, меҳрибон Аллоҳ ўғлингнинг кўзларини қайтариб берди!» деди. Уйқудан юраги ҳаприқиб уйғонди. Шошилинч таҳорат олди-ю, ўғли ётган хонага чопди. Кириб қараса, кўзи яна кўра бошлаган ўғли ўрнида жилмайиб ётарди. Аёл тақвоси мукофотига берилган бу яхшиликдан беҳад севинди. Аллоҳга ҳисобсиз шукрлар айтди, мақтовлар йўллади. Онаси бу қадар суюб-ардоқлаб улғайтирган Муҳаммад кейинчалик ҳадис илмининг султони, улуғ муҳаддис бўлиб етишган Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий (Имом Бухорий) эди.

  Бу ибратли ривоятлардан равшан бўладики, боланинг келажакда қандай ва ким бўлиб улғайиши кўп жиҳатдан оналарга, уларнинг қандай тарбия беришганига, Ҳатто болаларига қай даражада меҳр кўрсатиб, эркалаганларига боғлиқ. Шундай бўлгач, болангизнинг баркамол дунёга келиши, яхши инсон бўлиб улғайишини истасангиз, онасининг емишига, кайфиятига, тақводорлигига эътибор қаратинг.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси  раиси,

муфтий  Усмонхон Алимов

“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг