Ривоят

0
154

Собит исмли йигит бир боғдан оқиб чиққан ариқда юз-қўлини юварди. Шу пайт кўзи сувда қалқиб келаётган қирмизи олмага тушди. У олмани тутиб, бир тишлади. Тишлади-ю, мазасини билган заҳоти ҳушёр тортди: «Нима қилиб қўйдим? Ахир бу олманинг эгаси бўлса керак?! Ўзимники бўлмаган нарсадан тотиндим, энди эгасини албатта рози қилишим керак!» Йигит шу хаёл билан сув оқиб келаётган томонга юрди.  Бироздан сўнг ҳосили кўплигидан шохлари сувга эгилиб турган олма дарахтларини кўрди. Қўлидаги тишланган олмага қараса, ўша дарахт мевасига ўхшайди. «Мен сўроқсиз тотинган олма шу боғдан экан», деб ўйлади ва боғ эгасини чақирди. Чиқиб келган боғ соҳибига бўлган воқеани тушунтирди. Сўнг: «Розилигингизни олмоқчи эдим, олманинг ҳақини бераман, ғафлатда қолиб қилган хатойимни кечиришингизни сўрайман, олмани менга ҳалол этсангиз», деди. «Уч йил менга ишлаб берасан, шундан кейин ўйлаб кўраман, олмани ҳалол этишнинг бирдан-бир чораси шу», деди боғ эгаси. Собит розилик билдирди. Бир лаҳзалик ғафлат, сўроқсиз бир тишланган олманинг тўлови ўша боғдаги уч йиллик хизмат бўлди. Аммо бошқа иложи ҳам йўқ эди. Нима қилиб бўлса-да, олмани ҳалоллаб олиши керак! Уч йил тўлган куни Собит бадавлат боғ эгаси олдига борди. Муҳлат тўлганини айтиб, «ҳақингизни ҳалолланг, энди мен кетай», деди. «Уч йил ўтгач, ўйлаб кўраман, деган эдим. Ўйлаб кўрдим. Бироқ яна кичик бир шартим бор, шуни ҳам бажарсанг, кейин ҳақимни ҳалол этаман: менинг бир қизим бор, кўзлари кўрмайди, қулоқлари эшитмайди, қўллари ишламайди, оёғи йўқ – юрмайди. Агар шунга уйлансанг, олмага рози бўламан, акс ҳолда, рози эмасман», деди боғ соҳиби. Йигит унинг шартига кўнди. Никоҳ ўқитилди, тўй зиёфати ўтди. Куёв гўшангага кирса, соппа-соғ, ҳусни бинойидай келин ўтирибди. «Бу ерда бир янглишлик ёки ҳийла борга ўхшайди», дея ўйлаган йигит қайнотага учради. «Отажон, менга кўр, тилсиз, мажруҳ қизим бор, деган эдингиз, ҳолбуки, соғ-саломат бу дунё гўзалини кўрдим», деди. Қайнота кулимсираб: «Шундай, ўғлим, қизим ҳаромга қарамайди, шунга кўзлари кўр, ҳаромни сўзламайди, шунга тили йўқ, қўлини ҳаромга чўзмайди, шунга қўли ишламайди, ҳаром жойларга бормайди, шунга оёғи ҳам йўқ. Буларнинг барини мажозий маънода айтдим. Чунки қизимга сен каби Аллоҳдан қўрқадиган, ҳаромдан ҳазар қиладиган бир солиҳ йигит ахтариб юрган эдим. Сен сўроқсиз тишланган бир луқма олма учун ҳалоллик сўраганингда, орзумдаги йигитни топганимга ишондим ва сени уч йил имтиҳон қилдим. Синовлардан ўтганингдан кейин ҳеч бир тараддудсиз қизимни сенга узатишга рози бўлдим», деди.

Бу никоҳдан мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит (Имоми Аъзам) дунёга келди, бу зот шундай тақволи ота-онадан туғилди. Имоми Аъзам болалигида Қуръони каримни уч кунда хатм қилди. Югуриб бориб онасига: «Онажон, Қуръони каримни уч кундаёқ хатм қилдим», деб қувонди. «Ўғлим, агар отанг ўшанда олмани бир тишламаганида, Қуръонни бир кунда хатм қилган бўлардинг!» деди онаси.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси  раиси ,

муфтий  Усмонхон Алимов

“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг