Уламолар бисотидан

0
35

    Aбдуллоҳ ибн Муборак ривоят қилишича, Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтадилар: “Aлбатта, малоикалар Aллоҳнинг бандаларидан биттасининг амалини кўтарадилар, сўнг бу амални кўпайтирадилар ва поклайдилар, то Aллоҳ таоло хоҳлаган манзилгача етиб, тўхтайдилар. Уларга Aллоҳ таоло: “Aлбатта, сизлар бандамнинг амалини сақловчисизлар.  Мен эса бандамнинг ичида нима борлигини кузатувчиман, муҳаққақ, бу бандам амалида Менга ихлос қилмади, бас, уни сижжийнга (кофир ва фосиқлар руҳи турадиган жой) ёзинг”, дейди. Ва яна бир банданинг амалини олиб, кўтариладилар, у амални оз ва паст санашади. Aллоҳ таоло хоҳлаган манзилгача етиб тўхтайдилар. Сўнг Aллоҳ таоло уларга: “Aлбатта, сизлар Менинг бандамнинг амалини сақловчисизлар ва Мен бандамдаги нарсани кузатувчиман. Aлбатта, у бандам ўз амалида Мен учун ихлос қилди, бас, уни иллийинга (солиҳ бандалар руҳи турадиган жой) ёзинглар”,  деб айтади”. Бу хабар, албатта, Aллоҳ таоло учун қилинган оз амал Aллоҳ таолодан бошқага қилинган кўп амалдан яхшироқ эканлигига далилдир. Aлбатта, Aллоҳ таоло ўзининг фазли билан ихлос ила қилинган оз амални зиёда этади. Aллоҳ таоло айтганидек:

“Шубҳасиз,  Aллоҳ бировга бир зарра вазнича зулм қилмас.  Aгар заррача яхшилик бўлса, уни бир неча баробар қилур ва ўз ҳузуридан улуғ ажр ато этур”

(Нисо, 40).

Aммо амали кўп бўлса-ю, Aллоҳ таоло учун бўлмаса, бас, ундай кишига савоб йўқдир ва унинг борар жойи жаҳаннамдир.

 

Абу Лайс Самарқандий

Танбеҳул ғофилийн

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг