ОТАЛАРИНГИЗГА ЯХШИЛИК ҚИЛИНГ! ШУНДА ФАРЗАНДИНГИЗ СИЗЛАРГА ЯХШИЛИК ҚИЛАДИ

0
75

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бошқаларнинг аёлларидан ўзингизни тийинг. Бошқалар ҳам сизларнинг аёлларингиздан тийилади. Оталарингизга яхшилик қилинг. Ўғилларингиз сизларга яхшилик қилишади. Бирор кишининг олдига биродари беғараз ниятда келса, у ҳақ бўлсин, ноҳақ бўлсин уни қабул қилсин. Ким шуни қилмаса, менинг ҳовузим – Кавсарда чўмилмайди”, дедилар”. (Имом Ҳоким ривоят қилган).

Шарҳ ва изоҳ: Албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам гўзал хулқларнинг муаллими бўлганлар. У киши умматларини яхши фазилатларга ва гўзал ахлоққа ўргатганлар. Яна у киши: “Мен гўзал хулқларни батамом қилиш учун юборилдим”, деганлар. Юқоридаги ҳадиси шариф бизларга қуйидаги учта ҳолатни баён қилиб беради:

Биринчиси, агар сизлар бу гўзал ҳаётда иффатли, покиза ва виждонан яшасангизлар, аёлларингиз ҳам афифа ва пок бўладилар. Иззат ва улуғлик Робби бўлган Аллоҳ таолонинг Ўзи сизларни иффатларингиз ҳамда ёмон ишлардан ўзларингизни сақлаганларингиз учун мукофот ўлароқ аёлларингизни бузуқлик ва ахлоқсизликдан сақлайди.

Иккинчиси, агар сизлар оталарингизга яхшилик қилсаларингиз, Аллоҳ таоло ўғилларингизни солиҳ, итоаткор ва яхшилик қилувчилардан қилиб қўяди. Чунки, фарзандлар оталарининг боболарини, яъни оталари ўз оталарини ҳурмат қилишлари, ҳамда уларга таъзим ва хорлик билан муомала қилишлари ва уларга одоб билан гапирганларини кўрсалар, бундан ибрат оладилар ва отанинг мартабаси улуғ экани ва мукофот ва ҳурматга фақат отагина лоиқ эканини биладилар. Шундан кейин улар ҳам оталарига, оталари боболарига қилган муомалани қиладилар.

Бу гапларни ҳаммамиз биламиз, эшитганмиз, кўрганмиз. Аммо, мукофот амалнинг жинсидан экани, яъни амалга қараб мукофот берилишини ўйламаймиз. Агар сен отангга яхшилик қилсанг, Аллоҳ сенга яхшилик қиладиган ўғиллар билан беради. Агар бунинг акси бўлса, натижаси ҳам тескари бўлади. Буларни яхшилаб эслаб қолгин, барака топгур!

     Айтишларича бир киши жуда ҳам қариб, кучсизланиб қолган отасини бирор чуқурга ташлаб келиб, ундан қутулиш учун елкасига опичлаб кўчага чиқди. Ўша чуқурга етгнида отаси: “Эй болам, бу чуқурга мени ташлама. Чунки, мен ҳам бир пайтлар бу ерга отамни ташлаб кетган эдим”, деди. Шунда ўғилнинг кўзи очилди. Агар у ҳозир отасин  ташлаб кетса, эртага ўғиллари ҳам унга шундай қилишади. Дарҳол, бу ўйлаган ишидан қайтди ва Аллоҳга истиғфор айтиб, тавба қилди.

Учинчиси, агар қариндош ёки дўстларингизнинг бири билан ораларингизда бирор низо чиқиб, аразлашиб қолсаларингиз. Сўнг у биринчи бўлиб узр сўраб, кечиришингизни ва ярашишни сўраб келса, агар у зулм қилган ва хато ундан ўтган бўлса ҳам, унинг узрини тезда қабул қилинг ва гуноҳидан ўтиб, у билан ярашиб олинг. Лекин, у хатосини тан олмасдан, фақат узр сўраб келса ҳам, унинг узрини қабул қилаверинг. Акс ҳолда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳовузлари Ҳавзи Кавсарда чўмилишдан маҳрум бўлиб қоласиз. бунинг хасрати ва ундан маҳрум бўлиш улуғроқ эмасми?

Жобирдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. У киши айтадилар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Кимники бир биродари ундан узр сўраса-ю, у уни кечирмаса ёки узрини қабул қилмаса, унга судхўрнинг гуноҳича гуноҳ бўлади”, деб айтдилар”. (Имом Байҳақий ривояти).

МУҲАММАД ОШИҚ ИЛОҲИЙ АЛ-БАРНИЙ АЛ-МАДАНИЙ

БИРРУЛ ВОЛИДАЙН ВА ҲУҚУҚУҲУМА

(ота-онага яхшилик ва уларнинг ҳуқулари)

 ТАРЖИМОН: Саидхон қори Хакимжон Махсум

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг