ОТА-ОНА ҲАҚҚЛАРИ ҲАҚИДА КЕЛГАН ОЯТИ КАРИМА

0
1421

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:

 “Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй, инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга «уф!..» дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: «Эй, Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!»”. (Исро, 23-24).

Тафсир: Аллоҳ таоло бу оятда бир неча ишларга амр қилди.

Биринчиси, ёлғиз ўзигагина холис ибодат қилиш. Чунки, Аллоҳ таоло ёлғиз ва шериги бўлмаган ҳаққ маъбуддир. Шунинг учун, барча пайғамбар алайҳимуссаломлар бу буюк ишга инсонларни даъват қилиш учун юборилганлар. Бу амрнинг улуғлигидан Аллоҳ таоло инсонлар ва жинларни яратди ва самовий китобларни нозил қилди.

Тавҳид бу Аллоҳнинг бирлиги, ёлғизлиги ва сомадлигига эътиқод қилишдир. Аллоҳ ёлғиз ўзи ибодатга ҳақли зот ва зотида, сифатида ва маъбудлигида бирор шериги йўқдир. У барча нуқсонлардан пок ва буюкдир.

Иккинчиси, ота-онага яхшилик қилиш. Чунки, Аллоҳ таоло у иккисини бизларнинг пайдо бўлишимизга сабаб қилиб қўйди. Бундан ташқари улар фарзандлар тарбиясида улуғ бир машаққатни елкаларига олишади. Шунинг учун, Аллоҳ таоло Ўзининг тавҳидига амр қилганидан кейин, кетидан ота-онага яхшилик қилишга буюрди.

Қуръони каримда бу маънода бир неча оятлар келган. Аллоҳ таоло Бақара сурасида айтади:

 “Эсланг, (Биз)  Исроил авлодидан: «Фақат Аллоҳгагина сиғинасиз, ота-онага яхшилик қиласиз», – деб аҳд олган эдик”. (Бақара, 83).

Яна У Зот Нисо сурасида айтади:

 “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз!” (Нисо, 36).

Аллоҳ таоло Анъом сурасида айтади:

 “Айтинг: «Келингиз, Раббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни ўқиб берай: Унга бирор нарсани шерик қилмангиз, ота-онага яхшилик қилингиз”. (Анъом, 151).

Юқорида зикр қилинган Исро сурасидаги икки оят ота-она билан бўладиган, айниқса, улар кексайиб қолган пайтда қилинидаган муомалаларни тўлалигича қамраб олади.

Шунинг учун фарзандлар зиммасига қуйидиги ишлар вожиб бўлади:

  1. “Уф” дейиш билан ҳам озор бермаслик. Бу амал инсонга озор берадиган ишларнинг энг кичигидир. Бу гап ота-онага нисбатан айтилса, уларнинг хизматидан оғриниш ва малолланиш бўлади. Шунинг учун ҳам уларни норози қиладиган ва уларнинг қалбига маҳзунлик соладиган бирор сўз сўзлаш мумкин эмас.

Ҳасан Басрий (раҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар “Уф” дейишдан ҳам пастроқ ота-онага оқ бўладиган амал бор бўлганида, батаҳқиқ, Аллоҳ таоло уни ҳам ҳаром қилган бўлар эди”.

  1. Ота-онани улуғлаш, ҳурмат қилиш ва уларга ҳар бир ҳолатда ҳам яхшилик қилиш вожибдир. Улар кексалик чоғларида бошқа кишининг хизматига ва ёрдамига муҳтож бўлиши ҳамда турли сурункали касаликларга чалиниши эҳтимоли кўплигидан Аллоҳ таоло оятда уларнинг айнан улуғ ёшдаги ҳолатларини зикр қилди. Гоҳида, қаричилик сабаб ота-оналар кийимларини кир ёки нопок қилиб қўйсалар, фарзандлар уларнинг кийимларини ювиш ўрнига сабрсизлик қилиб ота-оналарига ҳақорат сўзларини гапириб қўйишади. Албатта, мана шу имтиҳон. Ким синовдан яхши ўтса, Аллоҳ таолонинг розилигини топади. Бу эса унинг икки дунё саодатига эришганига далил бўлади.
  2. Оятнинг давомида Аллоҳ таоло: “Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!”, деди. Яъни, сенинг гапинг ёқимли бўлиши учун уларга одоб ва ҳурмат билан гапиргин. Зуҳайр ибн Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ: “Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!”, ояти ҳақида, “Агар улар сени чақирсалар, “Лаббайкума ва саъдайкума” (Лаббай, иккингизни хизматингизга шайман, сизни бахтиёр этишга тайёрман), дегин” дедилар.

Қатода розияаллоҳу анҳу: “ёқимли сўз”ни “юмшоқ ва енгил”, деганлар.

Ибн Мусаййиб раҳимаҳуллоҳ: “Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!” ояти ҳақида, “гуноҳкор қулнинг қўпол хўжайинига айтган гапи”, деганлар. Яъни уларга қўрқоқ қул хўжайинига гапираётгандек сўзлагин.

Учинчиси, Саид ибн Жубайр раҳимаҳуллоҳ Аллоҳ таолнинг: “Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут” оятининг тафсирида: “Ота-онангга худди қул қўпол ва дағал хўжайинига итоат қилганидек итоат қилгин”, дедилар.

Ато ибн Аби Рабоҳ: “Агар уларга гапирадиган бўлсанг, қўлингни кўтармасдан гапиргин.  Яъни, гапираётган пайтингда қўлингни ҳаракатлантирмасдан, балки итоаткор ҳолатда бўлгин”, деганлар.

Тўртинчиси, “Ва (дуода) айт: «Эй, Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!»”. Бу ҳам ота-онага яхшилик қилишнинг бир бўлагидир.

Фарзанд ёшлик пайтида заиф бўлиб, бошқанинг кўмаги ва тарбиясига муҳтож бўлиши бор ҳақиқат. Бу пайтда ота-она фарзандларининг роҳати учун оғир машаққатни елкаларига олиб, уларни боқиш ва тарбия қилишга киришадилар. Ота уларга ҳалол ризқ топиш ва яхши яшашлари учун туну кун меҳнат қилади. Она эса фарзандни тўққиз ой кўтариб, туғиб то вояга етгунича тарбия қилишда отадан кўра кўпроқ машаққат чекади. Шунинг учун ҳам унинг ҳаққи отаникидан улуғроқдир.

Кунлар ўтиб ишлар энди тескарисига айланади. Фарзандлар улғайиб, вояга етиб энди ўзлари касби кор қилишади. Ота-оналари эса қариб, заифҳол ҳолатга келиб қолишади. Бу пайтда фарзандлар ота-онасига сидқи дилдан хизмат қилиши, уларнинг туриш турмушидан хабар олиб туриши, қўлидан келгунича нафақа қилиши ва бирор сония ҳам уларнинг хизматидан ғафлатда қолмаслиги лозим бўлади. Чунки бу уларнинг ҳаққидир.

 

МУҲАММАД ОШИҚ ИЛОҲИЙ АЛ-БАРНИЙ АЛ-МАДАНИЙ

БИРРУЛ ВОЛИДАЙН ВА ҲУҚУҚУҲУМА

(ота-онага яхшилик ва уларнинг ҳуқулари)

   ТАРЖИМОН: Саидхон қори Хакимжон Махсум

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг