“Йўқ нарсани гапирманг!”

0
223

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Соф сураси 2-3-ояти орқали Ўзининг мўъмин бандаларига қарата мана бундай марҳамат қилади:

“Эй мўминлар, сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қиламиз деб) айтурсизлар?!Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз, деб) айтишларингиз Аллоҳ наздида ўта манфур (ишдир).”

Айтганини қилмаганлар Аллоҳнинг энг ёмон кўрган кимсаларидан экани оятдан маълум бўлди. Аммо қилмаганини қилдим деб айтадиганларнинг ҳоли бундан ҳам ёмон бўлади. Афсуски, бизнинг жамиятимизда бу икки нохуш ҳодиса жуда ҳам ривожланган. Айтганини қилмайдиганлар ҳар қадамда учрайди. Қилмаганини қилдим, деб айтадиганлар ундан ҳам кўп.

Имом Аҳмад Абдуллоҳ Ибн Омирдан ривоят қилинган ҳадисда Ибн Омир бундай дейди: “Болалигимда бизникига Пайғамбар алайҳиссалом келдилар. Ўйнагани чиқиб кетаётган эдим, онам, эй Абдуллоҳ, бери кел, бир нарса бераман, дедилар.
– Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Унга нимани бермоқчи эдинг?” деб сўрадилар.
– Онам: “Хурмо”, дедилар.
Пайғамбар алайҳиссалом: “Агар айтганингни қилмасанг, сенга ёлғончилик бўлиб ёзилиб қолади”, дедилар”.

Мавзуга оид фикрларимизни баён қилишни бир ростгўй, ҳақгўй (лекин бетгачопар эмас) юртдошимизнинг ҳикояси билан бошламоқчимиз. У киши айтади: “Собир ака деган киши билан кўча-кўйда, баъзан намозларда кўришиб турардик. Ҳар сафар кўришганимизда озроқ у ёқ-бу ёқдан гаплашиб қолардик. Беш-ўн дақиқа бирга бўлганимиздан кейин у киши ўз йўлига, мен ўз йўлимга қараб кетардик. Лекин ҳар гал хайрлашаётганимизда у киши номигагина “Об кетий!?” деб қўярди. (Яъни “Бирор жойга олиб бориб меҳмон қилайми?” деган маънода). Бу сохта гапдан мен ноқулай аҳволга тушардим, бироқ хафа қилиб қўймай, деган мақсадда индамай қўяр эдим. Бир сафар пешин намозидан чиқсам, Собир ака ҳам чиқиб қолди ва масжиднинг ҳовлисида сўрашишга тўғри келди. Мен бирданига “Майли, ака, саломат бўлинг!” деб, ташқи дарвозага қараб юра бошладим. Шу пайт у киши тили ўрганиб қолган ўша юзаки гапини айтиб қолди. Мен ҳам дарҳол: “Майли, кетдик” дедим. Шунда у киши хижолат бўлса ҳам, ҳозиржавоблик қила олди: “Таҳоратхонага бормоқчи эдим”. “Собир ака, сиздан Аллоҳ рози бўлсин, лекин, шу тил учи гапирадиган одатингизни ташланг”. У киши бу гапдан сергак тортди, аммо ақлли киши бўлганлиги учун бирор гап айтиб тортишишдан ўзини тийди. “Собир ака, сизга Қуръони каримдан иккита оят мазмунни айтмоқчиман. Умидим шуки, тил учи, сохта гапларни айтиш одатингизни ташласангиз, яхши бўларди. Бири, Соф сурасининг 2-ояти: “Эй, имон келтирганлар! Сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қилдик ёки қиламиз деб) айтурсиз?!”. Иккинчиси, Фатҳ сурасининг 11-оятидан олинган бўлиб, ғазотдан қочишга баҳона қилган мунофиқлар ҳақида Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга мана бундай билдирган: “…Улар дилларида бўлмаган нарсани (ёлғонни) тиллари билан айтурлар”. Агар мен сизни бирор жойга таклиф қилишни ният қилсам, бу ҳақда тил учи эмас, самимий, очиқ-ошкор қилиб таклиф этишим лозим, лекин сизнинг мени бирор жойда меҳмон қилишингизни эса тамаъ қилмайман. Ҳозир сиз ҳамма таниш-билишларингизга айтишга одатланганингизча “Об кетий!?” деб пуч гап қилганингиз учун сизга сабоқ бўлар, деган ниятдагина “Кетдик!” дедим. Сиз эса буни кутмаганингиз учун хижолатли ҳолга тушдингиз. Сиз яхши инсон бўлганингиз сабабли бу танбеҳимни Аллоҳ ризоси учун айтдим, тўғри қабул қиласиз, деган умиддаман”.

Шукурки, халқимиз орасида яхши, оқил, олим одамлар кўп. Бу айтилаётган гаплар улар учун янгилик эмас, бироқ оз сонли бўлса-да, юзаки, сохта, ёлғондакам муомала қиладиганлар учраб турадики. Уларнинг баъзилар шу даражада устомон бўлиб кетадики, рост гапиряптими, ҳазиллашяптими, ёлғон гапиряптими, билиш қийин. 

Масалан, бир киши зарурий сабаб билан яқин танишининг уйига келиб, дарвозасини тақиллатади. Мезбон уйидан чиқиб, меҳмон билан ташқарида кўришади ва анча туриб қолишларига тўғри келса-да, масалани ўша жойда гаплашиб олишади. Сўнг кетиш вақти бўлиб, улар хайрлашишади ва зиёратга келган қадрдон ўзининг кетар йўлига равона бўлиб, бир-икки қадам ташлагунича ёки машинасининг эшигини очгунича унга қараб турган мезбон кутилмаганда: “Чой қилсак бўларди”, “Ўтириб кетсангиз бўларди” каби тайёр қолипдаги гапларни жўната бошлайди. Меҳмон эса, “Энди орқага қайтсам уят бўлар-ов!” деб фикрлаганча узоқлашади. Тўғри, бунгача ҳам мезбон ора-орада бир-икки марта “Қани, чой қиб берай!?”, “Қани, уйга кирмаймизми!?” сингари муаллақ гаплар “ёмғири”ни ёғдирган бўлади-ю, меҳмон ҳам бу сохта муомалалардан ё озорланган, ё эътибор қилмаган бўлиб чиқади.

Меҳмондўстлик динимизда ҳам, миллатимизда ҳам улуғ амаллардан саналса-да, бу ерда меҳмондўстлик фазилатлари ҳақида гап кетмаяпти, балки ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам алдамаслик, сохталик, носамимийликдан узоқда бўлиш ҳақида кетяпти. Худди бошқаларга салом бериш-бермаслик  ихтиёрий бўлгани каби меҳмондўстлик ҳам ихтиёрий иш, лекин холис Аллоҳ учун қилинса, савоби ҳам, баракаси ҳам муқаррар ёғилиши аниқ, бироқ сохта, юзаки, хўжакўрсин қабилидаги гап ва ишлар билан Аллоҳни алдаб бўлмайди, бинобарин, у нарсалар учун ажр-савоб умидвор бўлиш ҳам ношойиста ҳаракатдир. Демак, улар беҳуда айтилган ва амалга оширилган бўлади. Беҳуда гап-ишлар учун эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифлари баҳо берилса ҳам бўлади:

“Беҳуда гапни кўп гапирувчи кишининг қиёмат куни гуноҳи кўп бўлади”.

Сайфиддин Урозов
“Хожа Аҳрор Валий”
жоме масжиди имом-ноиби

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг