Меҳроб, бу кимнинг жойи эканини биласизми?

0
280

Бу сўзни эшитсангиз ё кўрсангиз, дарров имомнинг одамларга намоз ўкиб берганда турадиган жойи эканини хаёлингиздан ўтказасиз. Бу тушунча сизга жуда яқин бўлганидан эҳтимол хаёлингиздан ҳам ўтказмассиз! Халқимиз меҳробда туриб одамларга намоз ўқиб берган кишини у хоҳ кичик бўлсин, хоҳ катта бўлсин, хоҳ мансаб эгаси бўлсин, хоҳ мансаб эгаси бўлмасин бирдек ҳурмат қилишга ўрганган.
Бу ҳам меҳроб ва у ерда турадиган кишининг халқимиз наздидаги мартабасини кўрсатиб турибди. Лекин инсонлар орасида “Меҳробда турадиган киши бизга имом бўлиб намоз ўқиб берадиган инсон, меҳроб эса, қибла томонни кўрсатиш учун қурилган”, деб ўйлайдиганлар ҳам мавжуд.
Эътибор беринг, биринчи меҳробда туриб одамларга намоз ўқиб берган зот ким? Албатта, У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдир! Бундан кўриниб турибдики, у ерда туришнинг ўзи катта масъулият юклайди. Биз ҳар куни меҳробда туриб инсонларга намоз ўқиб бераётган одамни кўрамиз ёки ўзимиз имом бўлиб намоз ўқиб берамиз. Қачонлардир бу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам турганларини кўз олдимизга келтирганмизми?!
У зот: “Олимлар пайғамбарларнинг меросхўридир”, деб марҳамат қилганлар. Демак меҳробда туриб имомлик қилган, инсонларга ваъз-насиҳат қилган, уларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарган киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг меросхўри экан. Бу нарсалар ҳақида ўйлар эканмиз, имом бўлсак бу жойда туришга лойиқ эмаслигимизни ич-ичимиздан ҳис этамиз. Оддий намозхон бўлсак бу ерда турган одамга бўлган хурматимиз янада ортади. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида юрган, У зот билан энг хатарли лаҳзаларда ҳам бирга бўлган, у ҳақида “Агар имкони бўлганда ўзимга ҳалил қилиб олар эдим” деб айтилган киши ўзини қандай ҳис этган экан?! Билол розияллоҳу анҳу ҳар куни ўзининг ҳуш овози билан намозга азон айтар экан, такбир айтилиш вақтига қадар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни муборак хужраларидан чиқишларини кутиб турарди. Бу зот Расулуллоҳдан бошқа одам имом бўладиган намоз учун қандай қилиб азон ва такбир айтган бўлсалар?! Балки, шуларни хаёлидан ўтказиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларидан сўнг Мадинадан бош олиб кетган бўлсалар ажаб эмас! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дардлари оғирлашгач, “Абу Бакр одамларга имом бўлиб намоз ўқиб берсин!”, деб буюрдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳали келмаган эдилар. Абдуллоҳ ибн Замъа розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳуга: “Абу Бакр йўқ экан, сиз намозга ўтиб бера қолинг”, деди. Бу гапни эшитган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ ва унинг расули буни хоҳламайди”, дедилар. Умар розияллоҳу анҳу нималар бўлаётганини тушунмаётган эди. Ахир, ҳар куни Расулуллоҳ меҳробда туриб намоз ўқиганларида У зотнинг муборак овозларини эшитиб, тақвоси янада зиёда бўлар эди.
Бугунчи, наҳотки У зотнинг овозларини эшита олмаса, бу ҳаётни Расулуллоҳнинг ҳаёт эканликларида кўрадиган кўзлар бугун У зотни кўра олмайдими?! Бор вужуди билан Расулуллоҳнинг оғизларидан чиққан гапни қабул қиладиган қалби бугун Расулуллоҳсиз нима қилади?! Нахот меҳробда фақат У зотни кўрган кўзлар бошқа одамни кўрса! Умар розияллоҳу анҳуга бу ҳолни кўрадиган кўзнинг кераги йўқ эди. Эҳтимол шуларни хаёлидан ўтказгани туфайли У зот вафот этганларидан сўнг “Ким Муҳаммад (с.а.в.) ўлди деса, уни асфала софилинга юбораман”, деган бўлсалар ажаб эмас! Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг намозга имом бўлишлари нимани англатиши саҳобаларга аён эди. У зотсиз бу дунёда бир нафас олишни ҳам тасаввур қила олмас эдилар. Бундан кейин нима бўлади? Доимо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрадиган жойда бошқа инсонни кўрадиларми? Масжидга кира солиб, минбарда Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламни кўриб, қалблари сурурга тўлган лаҳзалар қайтиб келмайдими? Ҳамма саҳобаларнинг ҳолати мана шундай эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқлари Абу Бакр розияллоҳу анҳуга етиб боргани заҳоти, У зотнинг кўнгиллари тўлиб, кўзларидан ёш оқа бошлади. Нима қилсинлар, жамоат кутиб турибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрдилар, деган сўзни эшитиб, дарҳол сакраб ўринларидан турдилар. Турдилару, нима қилишларини билмай қолдилар. У зотни туришга ундаган нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрдилар, деган сўз эди. Ноилож ҳолатда олдинги саф сари борар экан, ўзларига ўзлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турган жойда қандай қилиб тураман, мен Аллоҳ таоло томондан ваҳий тушадиган жойда туришга лойиқ эмасман-ку!, саҳобаларнинг ичидан кўзлари тушганига ишора қилиб “Имомликка шу ўтса бўлар эди, бу ўтса ҳам бўлар эди, деб кетар эдилар. Охири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрдилар-ку, У зотнинг айтганларини қилмайманми? деб намозга такбир айтдилар. Ўша кунларда Абу Бакр розияллоҳу анҳу одамларга имом бўлиб намоз ўқидилар. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дардлари озгина енгиллашганини ҳис этганларида пешин намозига чиқдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган Абу Бакр розияллоҳу анҳу орқага тисарилдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Жойингизда тураверинг”, деган ишорани қилдилар. Одамлар Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи ва салламнинг бу чиқишларидан жуда хурсанд бўлдилар. Лекин У зотнинг намозга охирги чиқишлари эди. У зотга, аҳли оилаларига, сахобаларга Аллоҳ таолонинг салоту саломлари бўлсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби
Нуриддин домла Холиқназаров

ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги матбуот хизмати

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг