Эрта турмушнинг ташвишлари

0
282

Оила – муқаддас даргоҳ. Унинг замирида олам-олам маъно мужассамлашган. Шунинг учун ҳам оила қуриш инсон ҳаётидаги энг масъулиятли ишлардандир. Унинг муқаддаслиги шундаки, Ҳанафий мазҳаби мўътабар манбааларидан «Дуррул мухтор» китобининг «Никоҳ фасли»да бундай дейилади: “Одамзодга никоҳ ва имондан бошқа ҳатто жаннатда ҳам давом этадиган ибодат йўқ. Оила шундай саодатбахш бир боғки, у ҳатто жаннатда ҳам давом этади. Ҳар қандай шартнома маълум муддатдан сўнг кучини йўқотади, аммо бир-бирларидан рози бўлган умр йўлдошларнинг биргаликдаги ҳаёти ўлим билан ҳам тугамайди”.

Мамлакатимизда оила институтини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, айниқса, ёш оилаларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳар бир оила мустаҳкам пойдеворга эга бўлишига эришиш, жамиятда ҳар бир гўдакнинг соғлом туғилиши ва яшаб кетишини тўла кафолатлайдиган зарур шарт-шароитларни яратишга эътибор қаратилмоқда.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, йигит-қизларнинг турмуш қуриш ёши оила мустаҳкамлигига таъсир кўрсатувчи асосий омиллардан биридир. Афсуски, айрим ота-оналар кўпинча фарзандининг келажак тақдири, бахт-саодати ҳақида ўйламай, ҳали камолот ёшига етмаган қизини узатиш ёки қариндошимнинг қизи бегона бўлмасин, дея ўғил уйлантириш тараддудига тушади. Бунинг оқибатида қизларни ўн олти, ҳатто ундан кичик ёшда турмушга узатиб юбориш ҳоллари учраб туради. Бунинг натижасида бўлғуси онанинг ва  туғилажак фарзанднинг соғлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Ҳар бир ота-она ўз фарзандининг бахтли бўлишини истайди, албатта. Лекин қизимни тезроқ турмушга берсам, хотиржам бўлардим, деган нотўғри қараш билан қайсидир маънода ўз ҳаловатини ўйлайдиган, фарзандининг ўқишни давом эттириши ёки эгаллаган касби бўйича ишлашига тўсқинлик қиладиган ота-оналар ҳам йўқ эмас.

Мана шундай ота-оналарга тушунтириш мақсадида барча шаҳар ва туманлар, қишлоқ ва маҳаллаларда мутахассислар иштирокида аҳоли вакиллари билан мунтазам давра суҳбатлари ташкил этилмоқда. Ушбу тадбирларда қизларнинг 16-17 ёшларда она бўлиши жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкинлиги, кўп ҳолларда бундай ёшдаги қизларнинг соғлом фарзандни дунёга келтиришида турли муаммолар келиб чиқаётганлиги, қизларнинг жисмонан ва руҳан оналикка тайёр бўлмасдан оила қуриши кўпинча туғруқ жараёнида ўлим хавфи ортишига сабаб бўлиши мумкинлиги, қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари, ва шу билан биргаликда никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтишнинг зарурлиги борасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Аммо айримлар эрта турмушнинг салбий оқибатларини кўра-била туриб, шошма-шошарлик ва ўзбошимчалик билан қарор қабул қилишмоқда. Натижада носоғлом фарзандлар дунёга келиб, оилалар ўртасида совуқчилик пайдо бўлмоқда.

Бунга Тошкент шаҳридаги “Меҳрибонлик уй”ларида тарбияланаётган майиб-мажруҳ болаларни мисол келтиришимиз мумкин. Буларнинг ҳаёти билан қизиқар эканмиз, қандай хатоларимизнинг маҳсули эканини ўйланиб қоласан киши. Тўғри, бу болаларнинг бундай дунёга келишининг омиллари кўп. Бу омиллар қаторига  эрта турмушни ҳам қўшсак хато қилмаган бўламиз.   Бундай холатни кутмаган  ёш келин-куёв руҳий тушкунликка тушиб қолиб, кимнингдир ўйламай қилган хатоси туфайли ёш оилалар пароканда бўлиб, келин-куёвларнинг ҳаёти изидан чиқиб кетмоқда.

Орзу –ҳавас деймиз, фарзандларимизнинг бахтини тезроқ кўргимиз келади. Лекин ўйлаб кўришга  имконимиз бор.  Фарзандларимизни эрта уйлантириб ёки узатиб юборсак, уларнинг оила тўғрисида қандай тасаввури бор? Улар оиланинг муқаддаслигига ишончлари борми? Улар турмушнинг аччиқ –чучугига тайёрми? Оиласини боқишга қўлида тайинли бирор касбу-ҳунари борми?   Ўзлари бола бўлиб туриб, ота-она бўлишга тайёрми? Болаларига қандай тарбия бера оладилар?  Афсуски, бундай саволларни ҳеч ким ўзига беравермайди. Насиҳат қилсангиз хушламайди.

Муқаддас Ислом динининг йўлбошчиси бўлган Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айни пайғамбарлик  вазифалари чўққига чиққан бир даврда Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу томонидан Фотима онамиз розияллоҳу анҳога совчи қўйилганда  Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу йигирма беш ёшда, Фотима онамиз  эса ўн саккиз ёшда бўлганлар. Улар мана шу ёшда турмуш қурганлар.  Бу Росулуллоҳнинг қарорлари. Бу биз мусулмонларнинг тарихи.  Мана шу маънода Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг  15-моддасида “Никоҳ ёши эркаклар учун  ўн саккиз ёш, аёллар учун ўн етти ёш этиб белгиланади”, деб белгилаб қўйилган. Ушбу моддада кўрсатилган ёш ҳам биринчи набатда йигит –қизларнинг камолот ёшининг бошланиши  деб инобатга олинган.  Қонунчилигимизда шундай белгиланган экан, бунга ҳам оғишмай амал қилиш талаб этилади. Зеро,  Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган: “Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошларига итоат қилинг… ” (Нисо сураси, 59-оят).

 “Бир қиз икки ўғилни   ўқимишли, одобини чиройли қилиб тарбиялаганмиз”- дейди суҳбатдош ҳасрат билан.  Шунданми, қизим, ҳали лицейни битирмасиданоқ, уйимизга совчилар кела  бошлади. Ўқишини тугатиб, олийгоҳга ўқишга кирмоқчи, ҳали ёш деб турли баҳонлар қилдик, бўлмади.  Шундай кунлар бўлдики, кунига икки, уч жойдан совчилар келган кунлар ҳам бўлган. Қўни қўшнилар ҳам , “қиз болани бозори келганда бериш керак, ўтириб қолса кейин қийин бўлади”, деб ҳоли   жонимизга  қўйишмади.  Биринчи қизим бўлгани учун ваҳимага тушдик.  Шундай бўлса-да, олийгоҳда ўқитиш шарти билан  базўр бирларига розилик бердик.

Бир амаллаб тўйни ҳам ўтказдик. Қизим янги хонадонга келин бўлиб тушди.  Аёл қудам  бетоб экан, уни хизматини қилиш, уйдаги юмушлар, шудгор ишлари,  қизимни ўз домига тортиб, ўқишга  имкон бўлмади. Наилож, тилимизни тишладик. Ахир гулдай қизимнинг бахти мен учун барча нарсадан устун. Қудаларимнинг берган ваъдаларини эслатмадик, уларнинг раъйига қарши бормадик. Бу орада  қизим ҳомиладор бўлди.  Бунга  барчамиз қувондик.  Аммо, қувончимиз узоқ чўзилмади.   Қизимнинг ранги кундан-кунга синиб борарди.  Куёвим эса даволанишга қизимни  жўнатиб юборди.  Уйдаги оғир меҳнатнинг  юки бўлса керак деб, мен ҳам парво қилмабман. Яхшилаб дам олса, катта-катта еса соғайиб кетар деб уйимда  олиб ўтирдим, бўлмади.  Соғлиги ортга чекинса чекиндики, олдига силжимади, дўхтирга  мурожаат қилдик.

Дўхтирларнинг айтишича, бу эрта турмушнинг оқибати эмиш.  Тиббий нуқтаи назардан ўсмир қизларда ҳомиладорлик оғир кечаркан. Бу нарса  туғилажак фарзанднинг саломатлигига ҳам салбий таъсир қилар экан.    Шу билан биргаликда  ёш организм ҳомиладорликни кўтар олмганлиги  натижасида бола тушиши, чала туғилиши, она қорнида  нобуд бўлиш ҳоллари бўлар  экан.  Оқибатта, жарроҳлик ёки аборт амалиёти бўлар экан. Энг ёмони бундан кейин фарзанд кўра олмас экан.  Энди на қизимда, на ўзимда ҳаловат бор.

Ҳа,  бугун-эрта невара кўриш илинжида ёки орзу ҳавас  ортидан эргашиб  айрим ота-оналарнинг орзулари қурбонига  айланаётганлар ҳақида эшитаётирмиз.  

Фарзанд ота-она  ҳаётининг давомчисидир. Шунинг учун ҳам ҳар қандай ота-она ўз фарзандининг камолига умид боғлайди. Унинг завол кўрмай ўсишини, ҳаётда бахтли яшашини истайди. Бунга эришиш учун эса ота-оналар фарзандлари учун ҳар қандай шартга рози бўладилар.   Уларга бекаму-кўст шароит яратиб беришга ҳаракат қилишади. Ҳеч бир ота-она ўз фарзандига ёмонликларни, бахтсизликни раво кўрмайди. Лекин айрим ҳолларда ота-онанинг айби билан фарзандлар тақдири чигаллашиб кетмоқда. Тўғри улар ўз фарзандларига ёмонликни ният қилмайдилар. Аммо, амалда содир этилаётганини қандай тушуниш мумкин? Ёш фарзандини эрта турмуш қуришга мажбур қилиш орқали унинг келажагини муаммолар гирдобига ташлаб қўяётгани шак-шубҳасиз ота-оналар айбдордирлар.

Умр ҳар биримизга бир марта берилади. Оила қуришда эса ҳеч қачон шошилмаслик керак. Шундай экан, улкан орзу-ниятлар билан қурилаётган ҳар бир оиланинг пойдевори мустаҳкам бўлиши ўзимизга боғлиқ.

Аллоҳ таоло барчамизни оилаларимизни муқаддаслиги, никоҳни илоҳий муқаддас ришта эканлигини тушуниб етиб, бу борада келган барча кўрсатма ва қайтариқларга тўлақонли амал қилиб, ўзгаларга ибрат ва намуна бўлиб фаолият олиб бориш насиб қилсин.

Нуриддин ҳожи ХОЛИҚНАЗАРОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Тошкент шаҳаридаги вакили,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг