Фарзандларингизга гўзал хулқдан ортиқроқ нарса ҳадя этолмайсиз

0
176

 Жамият тинчлиги бевосита оилалар тинч-тотувлиги билан боғлиқдир. Инсон хулқи, хусусан ёшларимизнинг онгу шуури кўпроқ оилада шаклланади. Ҳалқимизда “Қуш инида кўрганини қилади” деган нақл бежизга айтилмаган. Хадиси шарифда ҳам: “Фарзандларингизга гўзал хулқдан ортиқроқ нарса ҳадя этолмайсиз” дейилади. Буни яхши англаган ота-боболаримиз оила қўрғонининг маънан мустаҳкам бўлишига алоҳида аҳамият беришган.

     Бир эслайлик, болалигимизда катталарга салом берсак, “Ваалайкум ассалом”, деб алик олишлик баробарида: “Баракалло олим бўлинг”, дея дуо ҳам қилишарди. Бу одатни ҳозир ҳам онда-сонда учратиб турамиз албатта. Боболаримиз кўча-кўйларда бирон ножўя ҳаракат қилсак, тўғри юр, тўғри тур деб бизларга таълим бериб турарди. Бувиларимизнинг мурғак набираларини достон, эртак, алла айтиб ухлатишларини эслайлик. Бу эртак-достонлар болаларни шунчаки овутиш учун айтилмаган, балки яхшилик билан ёмонликнинг фарқини билдириш, дунёда ҳеч бир иш жавобсиз қолмаслигини уқтириш учун ҳам тинимсиз айтиб келинган.

  Совет даврида миллат руҳини сўндириш учун динимизни таг-томири билан қўпориб ташлашга уринишлар бўлди. Ўша машъум йиллари қанчадан-қанча зиёлиларимиз қатағонга учрашди. Минглаб асл нодир китоблар ёқиб юборилди. Илм, зиё масканлари бўлган масжид, мадрасалар вайрон қилинди. Аммо оққан дарё оқаверади деганларидек, ҳалқимизнинг қон-қонига сингиб кетган қадриятлар, миллий ўзлик йўқ бўлиб кетмади.

   Бугунги дунёнинг глобаллашув жараёнида зўравон ва тажовузкор кучлар кураш усулларини  ўзгартиришган. Улар турли ярамас йўллар билан, айниқса, ёшларни адаштиришга ва йўлдан уришга ҳаракат қилишмоқда.

  Тарихи, миллий қадриятларидан кўп ҳам хабари бўлмаган ёшлар бундай ёвуз кучлар таъсирига тушиб қолмоқда.

   Халқимиз ўз эзгу ниятлари, олижаноб мақсадига эришиш, мустақил тараққиёт йўлидан бормоқчи экан, аввало, ўз маънавиятини сақлаши ва бойитиши талаб этилади. Зеро, Юртбошимиз таъкидлаганидек “…дунёдаги зўравон ва тажовузкор кучлар қайси бир ҳалқ ёки мамлакатни ўзига тобе қилиб бўйсундирмоқчи, унинг бойликларини эгалламоқчи бўлса, авваламбор, уни қуролсизлантиришга, яъни энг буюк бойлиги бўлмиш миллий қадриятлари, тарихи ва маънавиятидан жудо қилишга уринади”.

 Шундай экан, доим ҳушёр бўлишимиз зарур… Айниқса фарзандларимиз тарбияси масаласида.

  Афсуски, ҳозирги кунда айрим аёлларимиз, айниқса, ҳаж, умра зиёратига бориб келган ёки араб-форс давлатларида сафарда бўлиб қайтган хотин-қизларимиз ўзимизнинг миллий либосларимизни қўйиб, араб ва бошқа халқларнинг миллий кийимларига ружу қўймоқдалар. Аслида эса, бошдан-оёқ матога ўралиб, чирмалиб юриш иссиқ иқлимли араб мамлакатларида яшовчи аёлларга хос бўлиб, бу зинҳор шариат талаби эмас, балки ўзига хос табиий шароит тақозосидир. Ўша араб ўлкаларида ҳаттоки эркаклар ҳам рўмол ўраб юришади. Чунки ўша мамлакатлардаги жазирама саҳро шароитида шамолда кўтарилган қум тўзонлардан ва чанг ғуборлардан юз-кўзни, қулоқ-бурунни муҳофаза қилиш мақсадида аёллар, қизлар бошдан-оёқ енгил матога ўралиб юришга мажбурдирлар. Бу кийимни арабларда ҳижоб деб аталади. “Ҳижоб” сўзи луғатда парда, тўсиқ деган маънони билдиради. Хотин-қизларимизнинг бундай ҳижоб кийиб ўраниб юришларига асло ҳожат йўқ. Чунки юртимизда тамомила бошқача табиий иқлим шароити мавжуд бўлгани сабабли қолаверса, шариатимизда ханафийлик мазҳабида аёлларни юз кўзларини, қўлларини очиб юришликка рухсат берилган. Бинобарин юзга қора мато ташлаб ҳижоб кийиб юриш араб аёлларига кўр-кўрона тақлид қилишдан бошқа нарса эмас.

Айрим эркакларимиз ҳам оқ ва турли рангдаги миллийлигимизга хос бўлмаган чечен, араб ва қозоқ миллатига хос бўлган дўппиларни бемалол кўча-кўйларда кийиб юришлик ҳолатлари ва Хаж зиёратига бориб келган хожи оталаримиз ҳам кўча-кўйларда узун кўйлаклар ёки оппоқ ҳарир шалварларни кийиб юришлари ҳаттоки ички кийимлари кўриниб турадиган даражадаги шимларни кийиб юришлари учрамоқда. Ахир, ҳажга Худо учун борганку хўжакўрсинга эмас, ўша либосни киймаса ҳам барча билади, у инсонни хожи эканлигини.

Шу ўринда бир воқеани сизларга баён қилиб берсам, 2010-йил Ҳаж сафарида бўлганимизда бир Ҳиндистонлик хожи бизни бошимиздаги миллий дўппиларимизни кўриб ёқтириб қолиб, бош кийимингиз чиройли экан менга сотинг деб қолди. Шунда мен бу дўппиларимиз сотилмаслигини айтдим. Шунда у киши неча пул десам беришлигини айтди. Мен бу дўппиларимиз сотилмаслигини балки, у кишига ҳадя сифатида бераман деб шерикларимизда ортиқча дўппилари бор экан у кишига совға қилиб бердик. У киши жуда хурсанд бўлиб дуо қилиб кийиб кетди. Бизларни миллий либосларимизга барча миллатлар ҳавас қилади, нима учун энди биз бошқаларга тақлид қилишимиз керак.

Баъзи ота-оналар фарзандлари ўқишга қандай либосни кийиб кетаётганлиги билан ҳам қизиқмайди. Баъзи ёшларимиз футболка кийиб юришибди уларни орқа ёки олд қисмига русча сўзлар билан “Я люблю Россию” ёки “Я дагестанец”, “Я чеченец”деган ибораларни ёзилган бўлади. Ахир, биз киммиз, кимларнинг авлодимиз бундай кийиниш миллий маънавий-ахлоқий анъаналаримизга ётдир. Ёшларимизни чет давлатларга бориб бир икки сўм пул ишлаб келиб уларни маънавиятига берилиб, ўз маънавиятини ўзлигини йўқотишлиги бу жуда катта хатардир.

Бинобарин, бундай ҳолатларни миллий қадриятларимиз, одоб-аҳлоқ меъёрларига зид бўлган маънавий таҳдид сифатида баҳолаш мумкин. Зеро “Ҳаё ва ибонинг ташқи кўриниши кийимдир” деган ҳикмат бежизга айтилмаган.

“Биз халқимизнинг дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаслиги, фарзандларимизнинг биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлиб яшаши учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этаётган эканмиз, биз бу борада, маънавий тарбия масаласи ҳеч шубҳасиз, беқиёс аҳамият касб этади”- деб таъкидлайди муҳтарам Юртбошимиз. Ушбу сўзлар биз имом-хатибларга катта масъулият юклайди. Эзгу мақсадларни ниқоб қилиб, жамиятимизга маънавий таҳдид солаётган, “оммавий маданият” шиори остида аҳлоқсизликни тарғиб қилишга уринаётган, оилани, оилавий ва миллий қадриятларимизни обрўсизлантириш илинжида юрган кучлардан ҳалқимизни доимо огоҳ этиб бориш бизнинг асосий бурчимиздир. Шу ва шунга ўхшаш хуружларнинг асл моҳиятини очиб бериш, бундай ҳаракатлар ортида турган кучларнинг ғаразли мақсадларини асосли далиллар билан фош қилиб бориш бизнинг вазифамиздир.

Афсуски, огоҳлик борасида куйиниб гапирилаётган гапларга баъзилар енгил қарашади. Бундай лоқайдлик, менинг назаримда, охир-оқибатда хиёнатга етаклайди одамни. Ахир, бу каби кўзга кўринмас таҳдидлар ортида катта хавф борлигини сезмаслик мумкинми? Бу хавф пировардида миллат ва Ватан мустақиллигига раҳна солишгача боради. Шунинг учун барчаларимиз ушбу масалада бефарқликка йўл қўйишга ҳаққимиз йўқ.

Нуриддин ҳожи ХОЛИҚНАЗАРОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Тошкент шаҳаридаги вакили,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг