Эрнинг аёлига бўлган асосий мажбуриятлари

0
136
  1. Муҳаббат ва аҳли аёлга гўзал муносабат. Қуръони каримда Аллоҳ таоло: “…Улар ила яхшиликда яшанг. Агар уларни ёқтирмасангиз, шоядки, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса”, деб айтган.
    (Нисо сураси, 19-оят).
  1. Аҳли аёлнинг нафақасини бериш. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Аёлларнинг эркаклар зиммасидаги ҳаққи яхши таом ва кийим беришларидир”. 
  1. Динни ўрганишда аҳли аёлга ёрдам бериш. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Киши (чўпон) жавобгар ва масъулдир ўз раъийятидан (аҳлидан)”. (Муттафақун алайҳ). 
  1. Аҳли аёлнинг камчиликларига сабр. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Аёлларга яхши панд-насиҳат қилинглар, чунки аёл қовурғадан яратилгандир. Албатта, қовурғаларнинг қийшиқроғи юқоридагисидир. Агар уни тўғирлайман десанг, синдириб қўясан. Агар шундоқлигича ташлаб қўйсанг, қийшиқлигича қолаверади. Шунинг учун аёлларга яхши панд насиҳат қилинглар”. (Бухорий, Муслим). 
  1. Жинсий алоқа ҳамда бошқа оилавий сирларни ошкор қилмаслик. “Қиёмат куни Аллоҳ наздида энг улуғ омонатга хиёнат қилиш – бу бир инсон аёлига яқинлик қилиб, сўнг унинг сирини ошкор қилишидир”. (Абу Довуд, Аҳмад ва Байҳақий ривояти). 
  1. Аҳли аёлга нисбатан жисмоний куч ишлатмаслик. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг чўриларини урманглар!” – деганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобини: “Аллоҳнинг аёл бандаларини урмангиз!” дея огоҳлантирдилар. Хотинини урувчилар уришни тўхтатдилар. Хотинлар буни қулай фурсат, имкон билиб, эрлари билан тортиша бошладилар. Ҳазрат Умар (р.а.) Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хузурларига келиб: Хотинлар эрлари билан тортишадиган бўла бошладилар, – дедилар. Бундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаддан ошган хотинларни енгилгина уришга рухсат бердилар. Бундай рухсат олган эрлар дарҳол ўша кечаёқ хотинларининг жонларини қийнашган бўлсалар керакки, кейинги кун кўп хотинлар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларига келиб, эрларидан шикоят қилишди. Шундан сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобни тўплаб, уларни огоҳлантирдилар: “Жуда кўп хотин эридан шикоят этиш учун уйимизгача келди. Шуни яхши билингизки, хотинларини урганлар сизларнинг яхшиларингиз эмас. (Абу Довуд, Ибн Можа, Доримий, Ибн Ҳиббон).
  1. Уй ишларида аҳли аёлга ёрдамлашиш. Ойша розияллоҳу анҳодан: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уйда нима қилардилар? – деб сўралганида. У киши: Оилаларига кўмаклашар эдилар. Агар намоз вақти бўлса, масжидга чиқардилар – деди.

Аллоҳ таоло юртимизни обод қилиб, уни осмон ва ер офатларидан, хасад ва ёмон кўзлардан Ўзи асрасин. Юртимиздаги ҳамма оилаларни мустаҳкам, иттифоқ қилсин. Оила қувончи бўлган азиз фарзандларимизни эътиқодли, илмли, ахлоқли ҳамда ота-онасига раҳмат келтирадиган, элу-юртига манфаатли инсонлар бўлишларини  насиб этсин. Омин.

Нуриддин ҳожи ХОЛИҚНАЗАРОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Тошкент шаҳаридаги вакили,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг