“КЕЧА КИМ ЭДИГУ БУГУН КИМ БЎЛДИК?”

0
98

 Мустақилликка эришганимиздан буён атиги 28 йил вақт ўтди. Бу асрлар силсиласида уммондан томчи-ю, қуёшдан қатра. Аммо, Ўзбекистонимизда ҳуррият қамари порлаганидан буён асрларни бўйлайдиган, ҳайратга тушадиган, ақл бовар қилмайдиган катта ҳаётий ўзгаришлар юз берди.   Дархақиқат, 1992-йилнинг 8-декабрида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Асосий Қомуси чуқур ва пухта ўйланган мақсад, қоида ва меъёрларнинг ҳаётийлиги ва амалиётга тўғри тадбиқ этилаётганлигининг самараси шу кунгача бўлиб ўтган давр мобайнида эришилган ютуқ ва марраларимизда, халқимизнинг турмуш фаровонлигини ортиб бориши, жахон хамжамиятида юртимиз обрўси тобора юксалиб бораётганлиги,  Республикамиз шаҳар ва туманлар таниб бўлмас қиёфа кашф этгани, дунё автомобилсозлари сафига қўшилгани, ободончилик ва бунёдкорлик соҳасида ўзига хос мактаб яратгани бунинг яққол мисолидир.

Энг муҳими, Тошкент шаҳаридаги фидойилик, ватанпарварлик, мустақиллик пойдеворини мустаҳкамлашга сафарбарлик  муҳтарам Юртбошимизнинг ҳам муборак назарига тушаётганлигидир.

Тан олмоқ жоиз, истиқлолдан бутун Ўзбекистон халқи баҳра олаяпти. Ва ана шу саодатнинг салмоқли улуши биз дин пешволари, уламолар, аҳли ислом, мўмин-мусулмонларга ҳам тааллуқли эканлигига шак-шубҳа йўқ.

Мустақиллик шарофати билан Ўзбекистон Конституциясининг 31-моддасида ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланди. Аниқроғи, ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш  ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга бўлди.

Иккинчидан, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинди. Ушбу тарихий қонуннинг 5-моддасига биноан, давлат диний ташкилотлар зиммасига ўзининг ҳеч қандай вазифасини юкламаслиги, уларнинг қонун ҳужжатларига зид бўлмаган фаолиятларига аралашмаслиги алоҳида кафолатлаб қўйилди.

Энди бироз мозийга қайтиб, 28 йил илгариги манзарани ҳозиргиси билан таққослаб кўрайлик. Истиқлолга қадар давр мобайнида  Андижон вилоятида бор-йўғи 8 та масжид бор эди. Шунда ҳам  бу диний муассасалар фаолияти кузатиб борилар, арзимаган баҳонаи сабаб, уларнинг ёпилишига олиб келарди.

Мустақиллик неъмати туфайли Аллоҳга беадад шукрким, юртимизда  2 мингдан ортиқ масжидлар фаолият кўрсатиб келмоқда. Юртимизнинг фаҳри бўлган “Ҳазрати Имом” мажмуаси ва “Минор”, “Ислом ота”, “Шайҳ Муҳамад Содиқ Муҳаммад Юсуф”, “Сузук ота” ва бошқа каби масжидлари қад ростлади. Мазкур масжидлар дунёдаги гўзал ва салобатли масжидлар қаторидан бемалол жой ола оладиган масжидлардир. Тошкент шаҳрида эса, масжидларимиз сони 121 тага етди.

Шукрки, айнан ҳуррият бундай  маънавий тажовузларга, очиқ-ошкора  камситишларга барҳам берди. Ўзбекистоннинг амалдаги қонунлари туфайли Каъбатуллоҳга кенг йўл очилди. Йўл очилганда ҳам бу масалада ҳукуматимизнинг амалий ёрдами ва ғамхўрлиги, зиёратчилар учун яратилаётган шарт-шароитлар кўлами йилдан-йилга ортиб бормоқда. Замонавий «Боинг» учоқлари, Саудия Арабистонидаги шинам меҳмонхоналар, сиҳат-саломатликнинг кафолатланиши… Ҳеч қайси мамлакатда Ўзбекистонимизчалик бундай шарт-шароит, бундай эътибор яратилмаган.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан жорий йилдан эътиборан эса юртимиздан Муборак Умра ибодатлари адо этишлик учун борадиган фуқароларимизнинг сони ҳақида чекловлар олиб ташланганлиги, Умра ибодатига борувчилар энди аввалгидек йилнинг баҳор фаслида ёки Рамазон ойидагина эмас, балки бутун йил давомида Умра ибодатларига боришлари мумкин эканлигини ташкил қилинганлигидан ҳам кўришлигимиз мумкин.

Яна бир ҳолатга тўхталиб ўтишни маънавий бурчим деб биламан.  Собиқ шўролар даврида қанча диний-маърифий адабиётлар  ёқиб  юборилди, қанча уламолар қўлига китоб олишга қўрқиб юрдилар. Мустақиллик туфайли бундай хавф-хатарга ўрин қолмаганлиги  мўмин-мусулмонлар учун катта  неъмат десак, янглишмаймиз. Нафақат, дин пешволари, ҳозир  барча зиёлилар, адабиёт ихлосмандлари  муқаддас қуръони каримнинг изоҳли таржимаси, Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадислари, шунингдек, Имом Бухорий, Имом Мотурудий, Абу  Лайс Самарқандий, Бурхониддин Марғиноний, аз Замаҳшарий, каби ислом осмонининг ёруғ юлдузлари  асарларини катта қизиқиш билан ўқиб, ўрганиш имкониятига эга бўлдилар.

Президентимизнинг «Миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги 451-қарори асосида бир қатор  уламоларнинг Ислом дини таълимоти ва қадриятларини ёритиб берувчи, шунингдек, диний-маърифий, маънавий-ахлоқий мавзудаги қатор китоблари  чоп этилаётгани ҳам мустақиллик шарофатидир. Шу жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг “Тафсири ирфон” ва “Пайғамбаримиз васиятлари” ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан чиқарилган юзлаб диний маърифий адабиётларнинг нашр қилиниб, кенг китобхонлар оммаси учун тақдим этилаётганлиги юртимизда диний-маърифий соҳада берилган имкониятларнинг намунасидир.

Яна бир мулоҳаза. Маълумки, қомусимизга мувофиқ дин авлатдан ажратилган, аммо жамиятдан эмас. Шунинг  учун ҳам бугун диндорлар ҳам маънавият жабҳасининг муҳим бўғини сифатида ёш авлод тарбияси, миллий ғоя тарғиботи, мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, буюк келажак қасрини тиклаш каби барча эзгу ишларда фаол иштирок этиб, халқимиз томонидан эришилаётган  муваффақиятларга салмоқли ҳисса қўшмоқдалар, оммани она-Ватанга садоқат, миллий қадриятларимизга эътиқодли қилиб тарбиялашда фаол  қатнашмоқдалар.

Давлатимизнинг биринчи марҳум ва мағфур раҳбари Ислом Каримов ўзининг «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарида «…муқаддас динимизнинг хаққонийлиги ва поклиги, инсонпарварлиги ва бағрикенглиги, одамзотни доимо эзгуликка чорлаши, ҳаёт синовларида ўзини оқлаган қадрият ва анъаналарни аждодлардан авлодларга етказишдаги беқиёс ўрни ва аҳамияти билан боғлиқ. Ва халқимизнинг маънавиятини  шакллантиришга, ҳар қайси инсоннинг Аллоҳ марҳамат қилган бу ҳаётдан тўғри йўл танлаши, умрнинг мазмунини англаши, авваламбор, руҳий покланиш, яхшилик ва эзгуликка интилиб яшашида унинг таъсирини  бошқа ҳеч қандай куч билан қиёслаб бўлмайди, деб ўйлаймиз», – деб ёзган эдилар.

Чиндан ҳам шундай. Ислом дини, бу мунаввар йўл, мукаммал тарбия, саодатга олиб борувчи манзил.

Ана шу ҳақиқат фақатгина истиқлол туфайли элимизда  барқарор бўлиб бораётганлиги, биз учун ҳам ибрат, ҳам сабоқ, ҳам юксак  масъулият юклашини тўла тушуниб етмоғимиз лозим. Ёдда сақлашлик лозимки, Виждон эркинлиги ва эътиқодимизнинг кафолати бўлган  мустақиллигимизни ҳимоя қилиш – бу тинчлик-хотиржамлигимизни, диний ва миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш демак. Шундай экан, эрк ва озодликнинг асл моҳиятини ўсиб келаётган авлод онг-шуурига етказиш, Ислом  маданиятини кенг  тарғиб қилишни ватанпарварлик эзгу ғоялари билан муштарак олиб боришимиз – муқаддас вазифамиздир.

Аллоҳимнинг бизларга берган буюк неъмати Ватанимиз мустақиллиги абадий бўлсин, халқимизга ҳамиша эзшуликлар ёр бўлсин!

 

 

Нуриддин ҳожи ХОЛИҚНАЗАРОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Тошкент шаҳаридаги вакили,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг