Тадбиркор йигитнинг ҳикояси

0
158

Меҳрибон Роббимиз Қуръони каримда мана бундай марҳамат қилади:
“Аллоҳ мўъминлардан жонлари ва молларини жаннат эвазига “сотиб олди”. (Тавба сураси, 111-оят).)”.

Яъни “Мўъмин бандалар ўз иймонларида собит турсалар, ҳаётларида кўрган қийинчиликлари ва бошларига тушган йўқотишлари учун ҳамда вафотлари учун Аллоҳ таоло уларни Ўзининг абадий жаннат неъматлари билан рози қилади”. Бу –   кафолатланган, нақд савдо. Бу ерда насия, аҳддан қайтиш йўқ. Бошқача айтадиган бўлинса, саховатию меҳрибонлигининг чек-чегараси бўлмаган Зот Ўзининг иймонли бандалари билан худди савдогар ва харидордек муносабатга киришяпти: савдогар бу бандалар мол-товар сифатида жонлари ва молларини таклиф қиляпти, бойларнинг Бойи, шоҳларнинг Шоҳи – Харидор тўлов сифатида бу дунёдаги ҳамма қиммат нарсаларни тўплаганда ҳам нархига тенг бўла олмайдиган қимматбаҳо жаннатини туҳфа этяпти.

Сарлавҳада тадбиркор деб келтирилган юртдошимизнинг исмини шартли равишда Абдуллоҳ деб келишиб олайлик, чунки бировнинг ҳаётий сири ошкор бўлиб қолмасин. Иккинчи томондан қараганимизда эса, ҳаммамиз ҳам исмимиз ким бўлишидан қатъий назар абдуллоҳ, яъни Аллоҳнинг қулимиз. Мазкур Абдуллоҳ ака асли водийлик, кўп йиллардан бери тижорат билан шуғулланади, орада беш-олти йил хорижда ҳам ўқиб, ҳам иш ўрганиб қайтган.

Ҳаммага маълумки, савдо, айниқса, ҳалол савдо осон иш эмас. Баъзан тезда юришиб кетса, баъзан зарарга кириб кетиш ҳам ҳеч гап эмас. Шундай бундан бир неча йил илгари Абдуллоҳ ака онасини зиёрат қилиб дуоларини олиш учун водийга боради. Салом-аликдан кейин маълум бўлдики, волидаи муҳтарама бетобланиб қолибди. Инсоннинг, айниқса, онанинг соғлиги ҳамма нарсадан устун. Абдуллоҳ ака ўзининг ишлари анча-мунча юришмай турган бўлишига қарамасдан, онаизорни пойтахтга олиб келади.

Кейин танишларидан суриштириб, юрак касалликлари бўйича республика шифохонасига онасини олиб боради. Машҳур профессорнинг қабулида бўлишгач, онанинг соғлиги ҳақида тўлиқ маълумот ва тасаввур ҳосил қилиш учун текширув ускуналар воситасида тиббий кўрикдан ўтишади, қон ва бошқа нарсалардан таҳлиллар олинади. Она она-эканда, синчковлик билан ўғли қанча пул харажат қилаётганлигини кузатиб, тахминий ҳисоб-китоб қила бошлади. Ўғлининг уйига келгач, она ундан ишлари ҳақида сўради ва “Болам, онанг ўргилсин, бундай катта харажатлар қилишинг шарт эмас, куннинг кўпи билан соғлигим ҳам аста-секин ўз ўрнига тушиб кетади, Худо хоҳласа. Қўй, болам, ўзингни, болаларингни қийнаб қўйма” дейди. Шунда ўғли: “Онажон, бундан хавотир олманг, мен бизнес қиляпман” дейди. Мунис, меҳрибон она жигаргўшасига ачиниб: “Болажоним, бизнесинг унчалик юришмай турганини кўриб турибман-ку, қўй ўзингни ортиқ уринтириб қўйма” дейди. Ўғил: “Тўғри, онажон, менинг ишларим унчалик ҳам юришиб тургани йўқ, лекин мен Аллоҳ билан бизнес қиляпман!”.

– “Аллоҳ билан?! Қандай қилиб?”.

– “Мана, мен ўзимни қийнаш эвазига бўлса ҳам, Аллоҳ таолонинг розилигини топиш учун қўлимдан келганча ҳаракат қиляпман. Сиз менинг меҳрибон онамсиз, менинг ишларим юришишини Аллоҳдан сўраб дуо қиласизми!?”.

– “Албатта, дуо қиламан-да, болажоним!”.

– “Сиз Аллоҳдан “Эй Аллоҳим, ўғлимнинг ишларига барака бер, бирига минг бер!” деб дуо қиласизми!?”.

– “Албатта, болам!”.

– “Онажон, мана шу – Аллоҳ билан бизнес қилиш бўлади! Мен шу тариқа Аллоҳнинг розилигини ишлаб оламан, ҳам яна сизнинг дуоларингиз шарофати билан Аллоҳ менинг сарфлаган бу арзимас харажатимни беҳисоб қилиб кўпайтириб беради, иншааллоҳ!”.

– “Болам, тушундим, аввал ҳам ҳаққингда дуода эдим, энди янада кўп дуо қиламан, умримнинг охиригача ҳамма фарзанду зурриётларим ҳаққида дуода бўламан, Худо хоҳласа!”.

Орадан озгина вақт ўтиб, Абдуллоҳ ака яхши шериклар топиб, шаҳарнинг қоқ марказидан кенглиги беш-олти одамнинг ҳовлисича келадиган майдонни эгаллаган бинони ижарага олиб, тижорат юрита бошлади, анча-мунча одамни иш билан таъминлади. Ҳамиша ҳам янги ишнинг юришиши осон кечмайди. Бир қанча вақт муаммолар, ноқулайликлар шунчалик кўпайдики, тижоратдаги шериклари билан бошлари қотиб, “Оббо, шундай катта ишга нотўғри киришиб қўйдикмикин?!” деган фикрларга ҳам боришди.

Шу вақтларда илгари хорижда бирга бўлган дўстлари келиб қолишади. Дўстлар маза қилиб суҳбат қилишади. Шунда ватанга меҳмон бўлиб келган дўстларнинг якдил фикрлари мана бундай бўлди: “Ака, шунча ишни ўша ёқларда қилганингизда, аллақачон ўзингизни ўнглаб олган бўлардингиз. Ҳалиям кеч эмас, ишларингизни тўхтатинг-да, сафар қилинг, шу ишларни ўша ёқларда қилинг, биз ҳам қўлимиздан келганча ёрдам берамиз!”.

Абдуллоҳ ака ичида эзилгандай бўлиб турса ҳам: “Йўқ, шериклар билан биргалашиб шунча ишни бошлаб қўйдик, энди ортга қайтиб бўлмайди. Сизларнинг гапларингизга кириб, ҳаммасини тўхтатсам ҳам, бўйнимда мол етказиб берувчилар олдида ниҳоятда катта қарзим турибди, сотилмаган моллар-чи, ахир, буларнинг ҳаммасини тез сотиб юбориш, ёки қайтариб бериш осон иш эмас! Ниятимиз тўғри, ишимиз тўғри, давлатимизнинг олдида ҳам тўғри ишлаяпмиз, сабр ва шукр қилиб ишлайверайлик, иншааллоҳ яхши бўлиб кетади” деди.

Аллоҳ ҳеч қачон ухламайдиган, ҳамма ишларни Ўзи ирода қилганидек амалга оширади, бандаларини Ўзи хоҳлаганидек имтиҳон қилади!

Мана, бугун ўша кунлар ортда қолди. Аллоҳ таоло мазкур бандаларининг ҳалол ва тўғри савдоларига файз-барака бериб, уларни кенгчиликка чиқариб қўйди. Абдуллоҳ ака ва шериклари тоғдай қарзларидан қутулишди, ўзларининг ва қўлларида ишлаётган йигирмага яқин юртдошларимизнинг оилаларини ризқ-рўз билан таъминлашяпти. (Доимо шундай бўлсин, омийн!).

Абдуллоҳ ака онаси хасталаниб қолган ўша синовли кунларда ишлари юришмай турганини сабаб қилиб, онасини даволатмаслиги, ёки “Онажон, ҳозир, ишларим сал юришмай турибди, озроқ сабр қилиб туринг” дейиши, ёки “Онажон, ҳозир мен ўзимнинг рўзғоримни зўрға тебратиб турибман, қани, ака-ука, опа-сингиллар билан, тоғаларим ва холаларим билан маслаҳатлашиб кўрайлик-чи, бирор иложи топилиб қолар, балки!?” дейиши, онажонини даволатишни номаълум муддатларга қолдириши мумкинмиди? Албатта, мумкин эди, лекин у бундай қилиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмади, барки бу борада фазлу карами кенг Парвардигорга суянди, таваккул қилди. Аллоҳ таоло эса, Ўзининг каломидаги бир неча оятларида марҳамат қилганидек:

Кимки Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) ўзи унга кифоя қилар.”

Буюк Аллоҳ ҳамиша аҳдида туради, ҳеч қачон ваъдасига хилоф қилмайди!

Сайфиддин Урозов
“Хожа Аҳрор Валий”
жоме масжиди 
имом-ноиби

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг