Аллоҳ таоло яратган гўзал хилқатни ўзгартиришга ҳаракат қилмоқдалар

0
203

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло бутун мавжудоту махлуқотлар ичидан инсонни мукаррам, азийз ва ниҳоятда чиройлик қилиб яратди. Бу тўғрисида  ўз каломида шундай марҳамт қилади:

لَقَدۡ خَلَقۡنَا ٱلۡإِنسَٰنَ فِيٓ أَحۡسَنِ تَقۡوِيمٖ ٤

 “Батаҳқиқ, Биз инсонни энг яхши суратда яратдик”.

Албатта  инсоният  Аллоҳ таоло яратган махлуқоту мавжудотларнинг орасида  шакл-шамоил ва ҳар тарафлама энг гўзали ва энг чиройлисидир. Бу гўзаллик Аллоҳ таолонинг бандаларига берган энг катта буюк неъматидир. Бу неъматни асраб-авайлаш эса барчамизнинг вазифамиздир. Чунки Аллоҳ таоло айнан башариятни чиройли, гўзал суратда яратди. Ана энди инсон бу гўзал сўратга ношукрлик қилиб, уни ўзгартиришликка ҳаракат қилишлиги эса энг катта гуноҳ-маъсиятдир. Чунки ҳозирги кунда ёшларимиз кўр-кўрона Ғарб мамлакат ёшларига тақлид қилиб, ўз гўзал суратларини турли хил йўллар орқали ўзгартиришга ҳаракат қилиб, баданларига турли хил нарсалар суратларини чизиб Аллоҳ яратган хилқатни ўзгартиришга ҳаракат қилмоқдалар. Гўё бу ишлари билан Аллоҳ таоло гўзал суратда яратган бандаларидан камчилик қидириб, биз Сендан ҳам билувчироқмиз ва Сендан ҳам гўзалроқ қилиб ярата оламиз дея даъво қилаётир.

Қолаверса, Аллоҳ яратган гўзал суратни ўзининг ҳаракати ила турли-туман воситалар орқали ёки сунъий ҳолда ўзгартириш ила дунёдаги энг гўзал суратга эгаман деб, даъво қиладию аслида эса дунёдаги энг хунук мавжудоду махлуқотга айланган бўлади. Албатта бундай ишларга қўл уришлик шайтоннинг изидан боришлик ва унинг васвасаларига қулоқ тутиб эргашиш десак тўғри бўлади. Чунки шайтон доимо инсониятни турли-туман гуноҳ-маъсиятлар сари етаклайди. Хоссатан Аллоҳ таолнинг яартганини ўзгартиришликка тинмасдан даъват этади. Бу тўғрисида Қуръони каримнинг Нисо сурасининг 119 оятида шундай дейилган:

وَلَآمُرَنَّهُمْ فَلَيُبَتِّكُنَّ آذَانَ الْأَنْعَامِ وَلَآمُرَنَّهُمْ فَلَيُغَيِّرُنَّ خَلْقَ اللَّهِ وَمَنْ يَتَّخِذْ الشَّيْطَانَ وَلِيًّا مِنْ دُونِ اللَّهِ فَقَدْ خَسِرَ خُسْرَانًا مُبِينًا

… уларга амр қилсам, чорваларнинг қулоқларини кесарлар ва уларга амр қилсам, Аллоҳнинг яратганини ўзгартирарлар», деди. Кимки Аллоҳни қўйиб шайтонни дўст тутса, батаҳқиқ, очиқ-ойдин зиёнга учрайдир.

 (Яъни, Аллоҳ шайтонни лаънатлади, ўз раҳматидан қувди. Шайтон эса, қувилаётган пайтда: «Қасамки, бандаларингдан маълум насибани оламан», деди. Мени шуларнинг сабабидан лаънатлаяпсан, мен булардан маълум миқдорни ўз йўлимга чиқариб, куфр ва исёнга чорлайман, деди.

 Яъни, бандаларингни тўғри йўлдан–сенинг йўлингдан адаштираман ва уларни хом хаёлларга соламан–умримиз узун бўлади, маза қилиб юрамиз, қайта тирилиш ҳам, ҳисоб-китоб ҳам, қиёмат ҳам йўқ, деб юраверадиган қилиб қўяман, дейди.)

Ҳа, албатта ҳозирги кунда бизнинг мусулмон бўлган баъзи ёшларимизда бундай иллатларни пайдо бўлаётгани жуда ҳам ачинарли бир ҳолатдир.

 Чунки танасига турли-туман нарсаларни суратини чиздириш жоҳилият амалларидан бўлиб, Аллоҳнинг лаънатига олиб борадиган ишлардандир.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу:

«Аллоҳ ҳусн учун вашм қилувчи аёлларни, вашм қилдирувчи аёлларни, мўйчинак ила терувчи аёлларни, мўйчинак ила тердирувчи аёлларни ва тиш орасини очувчиларни, Аллоҳнинг яратганини ўзгартувчиларни лаънатласин», деди.

Аллоҳнинг яратганини турли йўллар орқали ўзгартириб баданларига турли туман нарсаларни чиздираётганлар  билиб қўйсинларки, уларга Аллоҳ таолонинг лаънати тинмасдан ёғилиб турибди. Қолаверса, динимизда бир ишдан қайтарилсак демак, ўша ишда катта хатар ва зарарлар бор.  Нафақат моддий балки маънавий ҳамда жисмоний зарарлар ҳам бор. Бунга эса ҳаётимизда жуда кўп гувоҳ бўлмоқдамиз. Чунки ёшлик, куч-қуввати бор пайтида жоҳиллик, нодонлик қилиб ёки кимларгадир билар-билмас, кўр-кўрона тақлид қилиб баданига турли хил суратларни чиздирган сўнгра, маълум вақтдан кейин Аллоҳни таниб, бу ишларни шариатимизда мутлақо мумкин эмаслигини билиб, хатто ўша чиздирган суратларни ўчиришликка ҳаракат қилиб уддасидан чиколмай бу қилган ишларидан тинмай афсус-надомат қилганлар  жуда ҳам кўпчиликни ташкил этади.

Шунинг учун инсон кўр-кўрона ҳар кимга тақлид қилиб кетавермасли керак. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалалм ўз ҳадиси шарифларида:

«Ким бир қавмга тақлид қилса, у ўшалардандир», дейилган.
Абу Довуд ва Табароний ривоят қилган.

Шунинг учун ҳар бир инсон ўзи тақлид қилаётган кишисига катта эътибор қаратсин. Бугун биз тақлид қилишимизга салоҳиятли бўлган инсонлар, булар – аввало, иймон-эътиқодли, дин-диёнатли, илм-маърифатли, таққволи, одоб-ахлоқли инсонлардир. Манашундай инсонларга тақлид қилиб, уларнинг панду насиҳатлари ва иршодларига амал қилиб яшасак икки дунёда бахт-саодатга эришамиз.

Ўткир домла Ҳакимов
Яккасарой тумани “Усмон бин Мазъун”
жоме масжиди имом-хатиби  

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг