Тафаккур қилиб кўрмайсизми?

0
166

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ер шари қуруқлик қисмининг умумий майдони борган сари қисқариб бораётганини биласизми? Музликларнинг муттасил равишда эриб бораётгани натижасида пастқам соҳилларни тобора сув қоплаб боради.

(Суратда Австралия ва Янги Зеландиянинг мозийдаги ва ҳозирги харитаси ўртасидаги тафовутни кўришингиз мумкин). 

Бу географик ўзгариш сўнги асрларга келибгина аниқланган. Бироқ ўн тўрт аср олдин нозил бўлган Қуръони каримга бир назар солинг!

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

«Биз ерни ҳар тарафлама қисқартириб бораётганимизга қарамайдиларми»?! (Раъд сураси, 41оят).

Ояти каримадаги الأرض (ер) сўзи араб тилида ер шарига ҳам, унинг қуруқлик қисмига нисбатан ҳам ишлатилади. «Ҳар тарафлама» дейилганда эса ернинг ўзини ҳам, ҳаво қатламини ҳам, қуруқлик қисмини ҳам тушунишимиз мумкин. Олимлар тарафидан яқин келажакда сув остида қолиши мумкин бўлган жойларнинг хариталари ҳам аллақачон тузиб бўлинган.

Инсонларга эслатма тарзида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

«Иймон келтирганларга Аллоҳнинг зикри учун қалблари юмшайдиган вақт келмадимикин»?! (Ҳадид сураси, 16-оят).

Бизларни яратган Улуғ зот Аллоҳ таоло ер ҳақида Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

«Биз ерни ўзига тортувчи қилиб қўймадикми»?! (Мурсалаат сураси, 25-оят).

«Ўзига тортувчи» деб таржима қилинган сўз Қуръони каримда «кифаатан» كفاتا лафзи билан келган. Мазкур сўзнинг араб тилидаги асосий маъноси «ўзига тортувчи» деганидир. Шунингдек, бу сўзнинг араб тилида «айланувчи», «тез ҳаракатланувчи» деган маънолари ҳам бор. Қизиғи шундаки, «айланувчи» деганимиз ушбу сўздан араб тили изоҳли луғатларига кўра ўз ўқи атрофида айланадиган нарсаларни ҳам, бошқа нарса атрофида айланадиган нарсаларни ҳам тушуниш мумкин. Қушнинг тез учишига ҳам «кафата» كفت феъли ишлатилади. (Араб тили луғатига оид энциклопедия манбаларга қаралсин).

Маълумот учун: Ер тортишиш кучи таъсирида жисм ҳавода яхлитлаганда 9,8 м/с тезланиш билан ҳаракат қилади. Ернинг ўз ўқи атрофида айланиш тезлиги экваторда ўртача секундига 500 метрни, қуёш атрофида айланиш тезлиги секундига тақрибан 30 километрни ва қуёш билан Сомон йўли галактикамизнинг марказига нисбатан эса секундига тахминан 200 километрдан ортиқни ташкил қилади.

Манбалар асосида Хуршид Маъруф тайёрлади
Манба islom.uz

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг