МЎМИН КИМ?

0
88

Мўмин киши бир ичаги тўлгунча овқат ейди, кофир етти ичаги тўлгунча ейди“.

“Рамуз ал-аҳодис” 4\230, Ҳазрати Ибн Умар ва Анас ибн Молик разийаллоҳу анҳумо ривоят қилганлар.

  Бу ҳадиси шариф ҳасан ҳадис бўлиб, унинг юзага келишига кўп овқат ейиши билан шуҳрат қозонган бир киши сабаб бўлган деб ривоят қиладилар. У вақти келиб мусулмон бўлгач, оз емак билан кифояланадиган бўлган экан.
  Мўмин кишининг сифатларидан яна бири унинг қаноаткорлиги ва оз емак билан тўйишидир. Чунки у овқат ейишни “Бисмиллоҳ” билан – Аллоҳ таолонинг исмини айтиш билан бошлайди. Иймон соҳиблари меъдаларини тўлдирмайдилар, кўп ейишга ҳирс ҳам қўймайдилар. Фақатгина тоат-ибодатларини бажаришга қувват оладиган даражада овқатланадилар, холос. Турфа хил емишлар ва шарбатларга илтифот этмайдилар. Зотан, мўмин кишига ярашадиган иш ҳам шудир. Кофир эса, ҳирсининг шиддатидан еб тўймайди, тўйса-да қўймайди. Чунки у нафсига асир. Ҳадисдаги етти рақами кўпликни билдиради.
   Мўмин киши эҳтиёж юзасидан, тоат-ибодатга қувват бўлиши учун еб-ичади. Мункир эса шаҳватининг асири бўлиб ейди-ю тўймайди. Мўмин киши емакка ҳирси йўқлигидан ва танаввулни ‘’Бисмиллоҳ’’ билан бошлаганидан, таом барокатли бўлади, унга барака киради ва у оз луқма билан қаноатланади. Ҳадисдаги етти рақами орқали тамаъкорлик, табъи бад, ҳасад, семириш, овқатдан лаззатланиш, нафс, кўз, оғиз ҳирслари ва шаҳват каби ҳайвоний сифатлар назарда тутилганлиги эҳтимолдир.
   Исломдан бошқа эътиқод ёки тузумларда ҳам кўп овқат ейишлик қораланади. Чунки кўп овқат ейишлик инсонга хос фазилат эмас, балки ҳайвонга хос хусусиятдир. Саййидимиз бўлмиш ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам оз овқат билан қаноатланиш борасида бундай ўгит берганлар: “Меъданинг учдан бирини овқат, учдан бирини сув, қолган учдан бирини нафас олиш учун бўш қолдир“.
   Мўминлардан баъзан кўп ейдиганлар топилгани каби, кофирлар орасида ҳам оз ейишга ҳаракат қиладиганлар учраб туради. Аммо куфр аҳли ҳеч вақт эътиқод учун кам емайдилар, уларнинг бу ишлари касаллик туфайли ё семириб кетишдан сақланиш, гўзалликларини сақлаш ёки шунчаки башарий миқёсдаги маданий ўлчовларга риоя қилиш учундир. Қалбида иймоннинг ҳаловатини топаман, деган киши эса ҳар бир масалада андозани китоб ва суннатдан олиб, Аллоҳнинг ризоси учун амал қилади. Аллоҳ ҳаммамизга ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатган йўлдан юришни насиб этсин. Омин.

Муҳаммад Зоҳид Қўтқу нинг
“Мўминнинг сифатлари ” китоби асосида
Ёрбек Исломов тайёрлади

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг